Англияда ушбу тур дерби баҳсларга аталди десак муболаға бўлмайди. Турнир жадвалида ёнма-ён кетаётган қўшнилар – “Манчестер Юнайтед” ва “Манчестер Сити” жамоалари ўзаро Манчестерда учрашган бўлишса, Англия пойтахти “Челси” ҳамда “Тоттенхэм”нинг кескин курашларига гувоҳ бўлди.
Лекин барча ўйинлар орасида Манчестер дербиси энг қизиқарли учрашув бўлди. “Манчестер Сити” бу йилги мавсумда ўз олдига жиддий мақсадларни қўйганлигини илк турларданоқ кўрсата бошлаган эди. Кечаги учрашувда ҳам уларнинг мақсадлари нақадар жиддий эканлиги ойдинлашди. Биринчи бўлим деярли “Манчестер Сити” устунлигида ўтди.
Ўйиннинг илк дақиқасидаёқ ҳужум уюштирган “қизил иблислар” иккинчи дақиқада Рунининг аниқ зарбасидан сўнг ҳисобда олдинга чиқиб олишади. Бироқ орадан 15 дақиқа ўтиб улгурмай “шаҳарликлар” ҳужумчиси Бэрри ҳисобни тенглаштирувчи голини киритади. Биринчи бўлимда Сер Алекс Фергюсон шогирдлари худди саросимада ҳаракатланаётгандек тасаввур уйғотишди. Бунга албатта рақиб жамоанинг босими сабаб бўлди. Жамоалар биринчи бўлимда бошқа тўп киритишмади.
Ҳаммаси иккинчи бўлимда бошланди. Аввалига Гиггз-Флетчер жуфтлиги уюштирган ҳужум гол билан якунланди. Орадан уч дақиқа ўтгач Беллами жуда чиройли голи билан Фостерни доғда қолдирди. Ҳисоб тенглашгач МЮ янада “қутурди”, “шаҳарликлар” эса аксинча, нимагадир шаштлари пасайгандек бўлиб қолишди. Мезбонлар ҳужум қилишнинг барча йўлларини қўллаб кўрдилар, гоҳ қанотдан, гоҳ марказдан, ҳаттоки ҳимоячилар ҳам ҳужумга берилиб кетишди. Меҳмонлар эса фақатгина ушбу ҳужумларни қайтариш билан машғул бўлдилар. МЮ ҳужум қилишни то тўп киритмагунигача давом эттирди ва ниҳоят яна ўша Гиггз ва Флетчерларнинг саъй ҳаракатлари билан таблодаги ҳисоб 3:2га ўзгарди.Тўп ўтказиб юборган “Манчестер Сити” энди нима қилиб бўлса ҳам ҳисобни тенглаштириш ҳақида ўйлай бошлади, чунки очко йўқотган тақдирда ўз таъқибчиларидан ортда қолиб кетиши мумкин эди. Уларнинг жонига Рио Фердинанд “оро” кирди. Тўпни рақиб ўйинчи устидан ўтказишда хатога йўл қўйди ва унинг ушбу хатоси Белламининг голи билан якун топди. Барча ўйин шу ҳисоб билан тугаса керак деб турган бир пайтда, саҳнага яна Гиггз чиқди. У ҳимоячилар эътиборидан четда қолган Оуэнни кўра олди ва Майкл бундай имкониятдан фойдаланиб ўз жамоасига уч очкони тортиқ этди. Ушбу гол бир қатор эътирозларга сабаб бўлиши мумкин, чунки ҳакам ўйинга тўрт дақиқа қўшиб берган эди. Оуэннинг киритган тўпи эса 90+6-дақиқада киритилди. Нима бўлган тақдирда ҳам биз ажойиб ўйин гувоҳига айландик.
Қолган учрашувлар билан эса қуйида танишишингиз мумкин:
АНГЛИЯ ПРЕМЬЕР ЛИГАСИ 6-ТУР
МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – МАНЧЕСТЕР СИТИ – 4:3 (1:1) Голлар: 1:0 – Руни (2), 1:1 – Бэрри (16), 2:1 – Флетчер (49), 2:2 – Беллами (52), 3:2 – Флетчер (80), 3:3 – Беллами (90), 4:3 – Оуэн (90).
ВУЛВЕРХЭМПТОН – ФУЛХЭМ – 2:1 (1:0) Голлар: 1:0 – Дойл (18), 2:0 – Эдвардс (50), 2:1 – Дэн. Мерфи (66, пенальти).
ЭВЕРТОН – БЛЭКБЕРН – 3:0 (1:0) Голлар: 1:0 – Саа (22), 2:0 – Саа (54), 3:0 – Йобо (58).
ЧЕЛСИ – ТОТТЕНХЭМ – 3:0 (1:0) Голлар: 1:0 – Э. Коул (32), 2:0 – Баллак (58), 3:0 – Дрогба (63).
БЕРНЛИ – САНДЕРЛЕНД – 3:1 (1:1) Голлар: 1:0 – Г. Александер (13, пенальти), 1:1 – Д. Бент (39), 2:1 – Ньюжент (67), 3:1 – Ньюжент (86).
ХАЛЛ СИТИ – БИРМИНГЕМ – 0:1 (0:0) Гол: 0:1 – Г. О′Коннор (75).
БОЛТОН – СТОК СИТИ – 1:1 (0:0) Голлар: 0:1 – Китсон (53), 1:1 – Тэйлор (89, пенальти).
АСТОН ВИЛЛА – ПОРТСМУТ – 2:0 (2:0) Голлар: 1:0 – Милнер (34, пенальти), 2:0 – Агбонлахор (43).
АРСЕНАЛ – УИГАН – 4:0 (1:0) Голлар: 1:0 – Вермален (25), 2:0 – Вермален (49), 3:0 – Эдуардо (59), 4:0 – Фабрегас (90).
ВЕСТ ХЭМ – ЛИВЕРПУЛЬ – 2:3 (2:2) Голлар: 0:1 – Торрес (20), 1:1 – Диаманти (29, пенальти), 1:2 – Кюйт (41), 2:2 – К. Коул (45), 2:3 – Торрес (75).
Мансур Саримсоқов
|