Дунёдаги биринчи мултисенсор бошқарувли сичқонча Magic Mouse деб номланди. Эътиборлиси, унда биз ўрганиб қолган одатдаги тугмачалар ва ғилдиракча мавжуд эмас. Фойдаланувчи уни бармоқлари ёрдамида бошқаради, яъни Magic Mouseнинг тепа қисми сенсорли тачпад билан қопланган.
Мазкур сичқонча хизматидан чапақайлар ҳам фойдаланиши мумкин.
Янги қурилма симсиз ишлайди, у компютерга Bluetooth орқали боғланади.
Сичқончани қувват билан таъминлашда АА тоифасидаги батареялардан фойдаланилади. Magic Mouseнинг АҚШдаги нархи 69 доллар.
● iPhoneнинг бозори чаққон Apple компанияси хабар қилишича, iPhoneнинг сотуви сўнгги чоракликда 7 фоизга ўсган. Охирги уч ой ичида компания 7,4 млн дона телефонни сотувга чиқарди ва рекорд натижани қайд этди. Қўлга киритилган 9,87 млрд. долларлик даромаднинг 1,67 миллиарди соф фойда бўлди. Appleнинг молиявий директори Питер Оппенхаймер 2010 йилнинг биринчи чорагида даромад $11,3 млрддан $11,6 млрдгача бўлиши кутилаётганини айтиб ўтди.
● ЕИнинг электрон кутубхонаси ишга тушди Европа Иттифоқи вакиллари Франкфуртда ўтказилган дунёдаги энг йирик анъанавий китоблар ярмаркасида ЕИнинг ягона рақамли кутубхонаси ишга туширилганини маълум қилишди. Ҳозирги кунда электрон кутубхона орқали 50 тилдаги ҳужжатлардан фойдаланиш имкони бор. ЕИнинг тилни ривожлантириш бўйича қўмитаси раиси Леонард Орбаннинг таъкидлашича, мазкур лойиҳа ЕИ тарихига оид маълумотларни турли тилларда сақлаб қолиш мақсадида ташкил этилган.
● БААда маҳаллий мобил телефони сотувга чиқди Амирликнинг Etisalat телекоммуникация корпорацияси ўзининг биринчи мобил телефонини сотувга чиқарди. Дубайда ўтган GITEX технологиялар халқаро кўргазмасида ушбу аппарат намойиш қилинган. Etisalat 211 FM деб номланган бу телефоннинг нархи сим-картаси билан бирга 265 дирхам (72 доллар) туради. Телефон мултимедиали хабарлар хизмати (ММS) ва WAP протоколини ўзида жамлаган ҳамда FM-тўлқинларида радио тинглаш имконини беради.
● China Mobile абонентлари сони 500 миллиондан ошди China Mobile оператори абонентлари сони 500 миллиондан ошган дунёдаги биринчи мобил алоқа компаниясига айланди. China Mobile мижозлари сони қўнғироқ ва телефон аппаратлари тарифларининг арзонлаштирилиши натижасида сўнгги чоракликда 15 миллионга ошди. Таҳлилчиларнинг фикрича, ярим миллиардлик кўрсаткич China Mobile учун якуний натижа эмас.
|