Татаристоннинг «Ярдэм» Миллий исломий хайрия жамғармаси қошидаги кўзи ожизлар учун Исломий кутубхонаси 2010 йил учун намоз тақвимини чоп этди. Қозондаги «Сулаймон» жомеъ масжиди ўқув бўлимининг мудираси Малика Гелмутдинова ўзининг «Татар-информ» агентлигига берган хабарига кўра, намоз тақвими Луи Брайль системаси бўйича чоп этилган бўлиб, кўзи ожиз, кўзи заиф мусулмонлар учун мўлжалланган. Мазкур тақвим Татаристон Республикаси Мусулмонлар диний бошқармаси томонидан маъқулланган. Малика хонимнинг сўзларига қараганда, Татаристон «Ярдэм» миллий исломий хайрия жамғармасининг кўзи ожизлар учун Исломий кутубхонаси бу каби брошюраларни Татаристоннинг бошқа шаҳарларида ҳам чоп этишга тараддуд кўрмоқда. Бунинг учун тақвимни чоп этиш ҳақида ариза тайёрлаб, шу ҳудуд учун маҳаллий диний бошқарма томонидан маъқулланган намоз вақтлари жадвалини тақдим қилиш керак бўлади. Эслатиб ўтиш керакки, «Сулаймон» жомеъ масжиди қошидаги ўқув-реабилитация маркази очилгач, Татаристон «Ярдэм» Миллий исломий хайрия жамғармаси қошида кўзи ожизлар учун Исломий кутубхонаси ташкил қилиниб, у ерда Брайль системаси бўйича рус ва татар тилларидаги китоблар нашр қилинмоқда.
|