Кореянинг 17 қисмдан иборат «Муҳаббат ёғдуси»
сериалида нотаниш йигит қадаҳида узугини йўқотган қизча ролини ижро
этган Хан Чо Янгни (Han Chae-young) унинг ташқи кўринишига қараб
Кореянинг «Барби» қўғирчоғи деб аташади. Кўпчилик унинг дастлабки
ролларини кўриб, чиройидан бошқа ҳеч нарсаси йўқ, деган тамға босишга
улгуришганди. Лекин Чо Янг бундай танқиддан тушкунликка тушмай, ўз
устида ишлашни давом эттирди ва қатор сўнгги фильмлари билан бу
фикрнинг тагида ҳеч қандай асос йўқлигини исботлади.
Ким Жи Янг (актрисанинг асл исми) 1980 йил 13
сентябрда туғилди. Донкук университетида санъат йўналишида таълим олди.
2000 йилда «Rec» фильмида илк ролини ижро этди. Кейин ҳаммамизга таниш
«Куз эртаги» сериалида қатнашди, сўнгра эса 2002 йилда «Bet on My
Disco» кам бюджетли фильмида севиб қолган содда қизалоқ роли билан
экран юзини кўрди, «Ёввойи карта» фильмида Янг Донг-гун билан
биргаликда тушиб, соҳибжамол детектив қиз образини яратди. Айни шу
пайтдан бошлаб, унга ҳасад кўзи билан қарайдиганлар кўпайди, одамлар
орасида юқорида айтилган сўзлар тарқалди. 2004 йилда «Пекин менинг
севгим» фильми чиқди. Бу фильмни Корея ижодкорлари хитойликлар билан
бирга суратга олишди ва айнан шу фильмда Хан Чо Янг биринчи марта бош
қаҳрамон ролини ижро қилди. Фильм танқидчилар ва мутахассислар
диққатини ўзига тортган бўлса-да, томошабинлар уни яхши қарши олишмади.
Натижада кино усталарининг режалари пучга чиқди. Бу фильмдан кейин Чо
Янг томонга тош отадиганлар сони кўпайганидан кўпайди. Аммо бу ҳол
узоққа чўзилмади. Худди ўша йилда ойнаи жаҳон
юзини кўрган «Ҳар доим қувноқ Чун Хян» сериали катта шов-шувга сабаб
бўлди. Аслида бу сафар ҳам кино танқидчиларининг фикри нотўғри бўлиб
чиқди, яъни улар бу сериални ерга уриб, муваффақият қозонишига шубҳа
билан қарашганди. Ҳақиқатда эса ҳаммаси тескари бўлди. Бу сериалда Хан
Чо Янг мустақил ёш қиз ролини ижро қилди. Ҳаётда Ханни кўрган одамлар
уни содда ва камтар қиз деб ҳисоблайди. Лекин актрисанинг сўзларига
қараганда Чун Хян кўп томондан унинг ўзига ўхшаркан, қаҳрамонининг
кўплаб фазилатлари ўзида ҳам учрашини таъкидлади. Чо
Янг муваффақият тўлқинини бўйсундиргач, унга кўплаб таклифлар туша
бошлади. Тез орада ҳам катта экранда, ҳам ойнаи жаҳонда кўплаб ролларни
ижро этишга муваффақ бўлди. Улар орасида «Менинг муҳаббатим», «Фақат
сиз», «Муҳаббат ёғдуси», «Гуллар олдидаги йигитлар» сериаллари,
«Бугунги севги», «Ўртоғим қалби» каби фильмларни санаб ўтиш мумкин. Қисқача маълумот:
Исми: Хан Чо Янг (Han Chae Yeong) Асл исми: Ким Жи Янг (Kim Ji Young) Касби: Актриса ва модель Туғилган: 1980 йил 13 сентябрь Бўйи: 172 см Оғирлиги: 47 кг Турмуш ўртоғи: собиқ актёр, ҳозир эса тадбиркор - Чой Донг Жун (Choi Dong Jun)
|