"Истиқлол” саройида тумонат одам. Балконнинг энг сўнгги қаторлари ҳам мухлислар билан тўлди. Интиқ кутилган бахмал духоба очилади. Катта экранлардан иборат декорация. Райҳоннинг қаердан пайдо бўлиши қизиқ. Ниҳоят, экранда намойиш этилган ниҳол ундираётган қизалоқ рамзий маъносида хонанданинг бир неча йиллик ижодига бағишланган видеолавҳадан сўнг, саҳна устига лифт орқали кўтарилган, турли чироқчалар билан безатилган ажойиб "уйча” ичидан хонанда "Сен билан” қўшиғи орқали чиқиб келади. Мухлислар олқишлайди! Райҳон қизил атиргул янглиғ либосда лов-лов ёнади. Биринчи диққатни тортадиган нарса мусиқачиларнинг жонли ижроси! Қўшиқлар фонограммадан янграмаётгани шундоқ билинади. Бугун эътиборингизга Райҳоннинг узоқ кутилган концертидан бир неча тафсилотларни ҳавола этмоқчимиз: 1.”Баркамол авлод” йили муносабати билан концертда кўплаб истеъдодли болажонлар ижодидан баҳраманд бўлиш ва завқланиш мумкин. Турли миллат ва элатлар мадананиятига алоҳида эътибор қаратилган. 2.Райҳон ҳеч бир раққосадан кам эмас! Ҳар бир шўх қўшиғига мос равишда алоҳида рақсларни ижро этиши қойил қоларли даражада. Арабча, цыганча, модерн, "жексонча” рақслари катта қизиқиш билан қарши олинди! Ҳатто, хоразмча ва бухорочани ҳам уддалади!
3.Хонанда машҳур миллий поппурри мусиқа садолари остида турли вилоятлар лаҳжаларида куйлади! Бухороча, хоразмча, андижонча кабилар шулар жумласидан. Концерт байрамга айланди! 4.Марҳумлар хотирасига бағишланган чиқишлар кўпчиликни ҳайратга солди. Хонанда Толиб Қулиевнинг ижодидан бир таронани куйлаган бўлса, ўтган йили бир саҳнада Мўмин Орипов билан ижро этган дуэти "Яллола”ни, марҳумнинг хотирасига бағишлаб, "Хотира” қўшиғи сифатида куйлади. 5.Райҳон унинг куйлашига, қўшиқчи бўлишига сабабчи бўлган Майкл Жексон ҳақида ўзбекча тарона куйланди. Алоҳида дил сўзларини изҳор этган хонанда "Ёлғизликда” таронасини рокк услубида унинг руҳи учун бахш этди! Қанийди шу кунларни, ўзбеклар юртида ҳам садоқатли шогирди борлигини Жексон ҳам кўрганида эди!.. 6.Саҳнада тўй ҳам уюштирилди! Райҳон Сардор Рахимхон билан куйлаган "Севги бу ўйинмас” номли дуэтига ажойиб саҳна кўринишида келин образини яратди! "Келин ва куёв”ни саҳнадан бошларига тўрт томондан ушланган парда остида мухлислар юрагига яна бир шов-шувни қадашди: Сардор бўлажак куёвтўрами? 7.Райҳон бундан 10 йил олдин Шаҳноз билан куйлаган "Шунчалар” дуэтини илк бора саҳнада ижро этди. Энг янги дуэтдоши Манзура билан "Мен бу мен” дуэтини куйлаб залдагиларни хурсанд қилди. 8.”Ҳайрон бўлманглар”. Янги дуэт. Жаҳонгир Позилжонов ва Райҳон ижросидаги янги дуэт тез орада оммалашишига умид бор. Ўтган йилги "Яллола” ҳам кутилмаганда хит бўлганди. 9.”Табассум қил” клипини томоша қилгандирсиз? Худди шу клип жонли тарзда саҳнада намоён қилинди! Ёш болакайнинг истеъдодига деярли ҳамма тан берди. 10.”Бомбей” қўшиғига ҳиндча рақс бўлакча бўлди! 11.Энг муҳими, бу йилги концертида Райҳон кўп қўшиқларини жонли тарзда куйлади! Жузъий камчиликлари бор ё йўқ, муҳими, хонанда уддалади! Мана шундай таассуротлар уйғотди, концерт. Кимга манзур, ким кўпроғини кутганди, ким турли камчиликлар пайқади, муҳими, Райҳоннинг 2010 йилги бу дастури том маънода қалбларга ҳузур бағишлади. Ҳайратландик, рақсга тушдик, ўйландик... Райҳон профессионаллик сари яна бир қадам қўйганини исбот эта олди! Хонанданинг саҳна пластикаси, мухлислар билан мулоқати, куйлаши, рақсга тушиши... ҳаммасига пухта тайёргарлик кўрилган! Райҳон, сенга омад ҳамиша ёр бўлсин! Бахтли бўл! Бу сўнгги дилимда кечганлари! Jasur HAMROYEV
|