Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети республикамиздаги энг кекса ўқув даргоҳларидан бири. Университетда олиб борилаётган таълим-тарбия жараёнининг мукаммалашувида, бўлажак педагоглар билимининг чуқурлашувида бой китоб фондига эга ахборот-ресурс марказининг аҳамияти катта. Биз мазкур зиё масканида бўлганимизда ўқув заллари талабалар билан гавжум эди. Бевосита китобдан фойдаланаётганлар алоҳида жойда ўз билимларини оширмоқда эдилар. Биринчи тоифали кутубхоначи Шаҳноза Баракаева, фундаментал ўқув зали мудири Муқаддас Исроиловалар талабалар хизматида бўлиб, керакли китобни топиб беришмоқда. Ўқув залидаги осойишталик, шинамлик, дераза токчаларига қўйилган ранг-баранг гуллар ҳар қандай одамнинг баҳри дилини очади. Иссиқ хоналарда маза қилиб китоб мутолаа қилаётган талабалар билан суҳбатлашдик. — Биз университетнинг тарих факултети учинчи босқичида ўқиймиз, — дейишди ёнма-ён ўтириб китоб ўқиётган Руфат Ҳасанов, Отабек Бердалиев ҳамда Анвар Қаҳҳоровлар. — Кўриб турганингиздек, бу ерда барча шароит яратилган. Кутубхоначи опаларимиз зарур китобларни қисқа муддатда топиб беришади. Бу ерда, шунингдек, турли тадбирлар, китоб кўргазмалари, конференциялар ўтказиб турилади. Биз уларда бажонидил иштирок этамиз. — Баъзан шундай ҳолатга дуч келаманки, — дейди касб таълими факултети тўртинчи босқич талабаси Зиёда Абдурасулова. — Мен сўраган китобдан кимдир фойдаланаётган бўлади. Шунда ўқув залимиз мудираси Муқаддас опам китоб нима учун кераклигини сўрайди. Мақсадимни эшитгач, "Сен, яхшиси, мана бу китобдан фойдалан”, дея бошқа китоб беради. Ҳақиқатан ҳам Муқаддас опам берган китобдан кўпроқ маълумот оламан. Ҳа, талабалар хурсандчилиги бежиз эмас. Университет раҳбарияти АРМ фаолиятини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратаётганлиги сабаб бугунги кунда умумий китоб фонди 944671 нусхани ташкил этмоқда. Шундан илмий адабиётлар сони 113075, ўқув адабиётлари 739492, бадиий адабиётлар 68297, ижтимоий адабиётлар эса 16514 нусхадан иборат. АРМда 16та компютер бўлиб, шундан 15таси кутубхона ўқув залига жойлаштирилган. Булардан ташқари, электрон кутубхона ташкил этилган бўлиб, турли фанлардан 210та электрон маъруза матнлари, 99та электрон дарслик ва 62та фандан ўқув машғулотларига мўлжалланган электрон филм мавжуд. — Электрон кутубхонамизда фаолият кўрсатувчи уч нафар ходим китобхонларга намунали хизмат кўрсатиш билан бирга, ИРБИС дастури асосида АРМдаги барча китобларнинг электрон каталогини яратиш билан шуғулланишмоқда, — дейди университет ахборот-ресурс маркази директори Комила Маҳмудова. — Электрон кутубхонамиз бепул интернет тизимига уланган бўлиб, талабалар Рedagog.uz, ZiyoNet.uz, Google.uz, TDPU.UZ сайтларига кириб, барча ўқув қўлланмалари ва дарсликлардан бемалол фойдаланишади. Олийгоҳимизнинг профессор-ўқитувчилари томонидан яратилаётган янги ўқув қўлланма ва дарсликлар ҳам электрон шаклда сайтларга жойлаштириб борилаётганлиги талабаларимиз учун айни муддао бўлмоқда. Шунингдек, учта сканер ва биттадан муқовалаш ҳамда нусха кўчириш аппаратлари ҳам китобхонларимиз хизматида. Шуни алоҳида таъкидламоқ жоизки, университетнинг барча факултетларида АРМ филиаллари мавжуд. Филиаллар кутубхоналарига топширилаётган ҳар бир китоб рўйхатга олиниб, китоб ҳақида қисқача маълумотлар сайтга киритилади. Китобнинг номи, муаллифи, нашр йили, сони ва баҳоси ҳақида аниқ билиш мумкин. Шунингдек, китоб мазмуни ҳақида ҳам қисқача баённома киритилади. А.Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институтини тугаллаб, шу ерга ишга келган Комила Маҳмудова 23 йилдирки, талабалар орасида. Уларнинг дарс жараёнида олган билимлари мустаҳкамланишига жамоаси билан биргаликда ўз ҳиссасини қўшаётир. — Ишга дастлаб келган пайтим билан ҳозирги шароитни таққослаб бўлмайди, — дейди у. — Республикамиз мустақиллигидан сўнг хорижий мамлакатлар билан алоқа боғлаш учун кенг йўл очилди. Бугун компютер олдида ўтириб, дунёнинг исталган мамлакатидаги кутубхона билан алоқани йўлга қўйиш, чет эл ёзувчиларининг асарларини ўқиш, исталган хориж тилини ўрганиш мумкин. Электрон кутубхоналар туфайли яратилган имкониятлар ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Сизлар дунёдаги энг бахтли инсонсизлар, — дейман талабаларга. — Сизнинг эркингиз, ҳуқуқларингиз қонун йўли билан кафолатланган. Шу туфайли бахтимиз қомуси — Ўзбекистон Республикаси Конституциясини яхшилаб ўқиб ва уқиб олинглар. Шунда бугунги даврнинг, республика ҳукумати ёшлар учун яратиб бераётган имкониятларнинг қадрига кўпроқ етасизлар. Муборак МИРКАМОЛОВА,
|