Ҳар бир йил якунида кино соҳасида уни сарҳисоб таҳлил қилиб, ўша
йилда эришилган ютуқ ва камчиликларни эътироф этиб ўтилади одатда. Ҳар
бир йил якунида қанча киноасар яратилди-ю (киноасар деб айта олсак
албатта), улардан қанчаси омма яъни томошабин қалбидан жой олади.
Қанчаси назардан четда қолади. Ўтган 2009 йилга эътибор қаратсак,
давлат бюджети асосида саноқли киноасарлар яратилган бўлса, хусусий
киностудиялар томонидан эса кўплаб кинофильмлар суратга олинди. Кино
соҳасида ижодий ўсиш давом этмоқда аммо, сонми ёки сифат??? Бир
қараганда фақат сон жиҳатидан ўсиш дейиш мумкин, лекин 2009 йилда
кўпроқ сифатга аҳамият берилди, фильмлар сони 2008 йилга нисбатан
камроқ бўлди-ю, томошабин қалбидан жой олганлари эса саноқлилигича
қолди. Ҳақиқатдан ҳам жой олган бўлса, улар ҳам кечаги ўзбек
киноларимиз каби йиллар ўтса-да қайта-қайта кўриш ва биздан кейинги
авлодлар ҳам уларни киноасар деб таъриф беришига арзирмикан бу
фильмлар. Нима бўлганда ҳам ривожланиш бор менимча…. Ҳар бир йилда
ўзига яраша кашфиёт ва услубий изланишлар давом этмоқда… 2009 йилда ҳам
буни кўп гувоҳи бўлдик. Мисол тариқасида келтириб ўтсак ватанпарварлик
ғоясини илгари сурган, ўзига хос мураккаб ечимга эга "Таҳдид”
(реж.Ҳилол Насимов) фильмини, меҳр-муҳаббатни ўзгача руҳда кўрсата
олган "Сув ёқалаб” (реж. Жаҳонгир Қосимов) фильмини ҳамда, самимийлик
ўзига хос услубда кўрсатилган "Чол ва Набира”(реж. Рихсивой
Муҳаммаджонов) фильмларини алоҳида келтириб ўтиш мумкин. Уларни
фалсафий ғояси кучлилигидан бундай асарлар устида етук ижодкорлар
меҳнат қилганликларини сезиш мумкин.
Одатда давлат буюртмасига асосан, суратга олинган фильмлар
сценарийлари мукаммаллиги билан ажралиб туради. Зеро, мукаммал
сценарийдангина мукаммал киноасар яратилади. Ўтган 2009 йилда давлат
буюртмасига кўра 10 та кино асар яратилган бўлса, уларни ҳар бирига
профессионал ёндошилган ҳолда фақатгина савияли фильмлар томошабинга
тақдим этилди.
Шу ўринда савол туғилади, хусусий киностудиялар томонидан-чи?
2009 йилда хусусий киностудиялар томонидан 30 дан ортиқ фильмлар
тақдим этилган бўлса, лекин уларни ичида фақатгина саноқлисигина
савияли деб эътироф этилди. 2009 йил янги фильмлар намойиши
киноэкранларда режиссёр Мирмақсуд Охуновнинг "Жаноб Ҳеч ким” фильми
премьераси билан бошланган бўлса, дебютант режиссёр Лазиз Исмоиловнинг
"Эслаб юр” фильми премьераси билан якунланди. Ўтган бир йиллик вақт
давомида таниқли режиссёрлар яхши кинофильм яратиш учун изланган
бўлсалар, кўплаб янги номлар, жанрлар ўзбек киноси соҳасига кириб келди
ва йил кашфиётларига айланди. Режессёрлик соҳасида Дилмурод Мирҳодиев
"Лола”, Фаррух Соипов "Қалбим ўғриси”, Элёр Ҳошимов "Керагимсан”,
Жаҳонгир Аҳмедов "Уйланиш”, Лазиз Исмоилов "Эслаб юр”, Мўмин Орипов
"Қалбаки дунё” каби режиссёрликдаги дебют фильмлари билан томошабин
эътиборини қозона олдилар.
Таниқли режессёрлардан эса Нозим Тўлахўжаевнинг "Мактуб”, Ёлқин
Тўйчиевнинг "Пойма-пой”, Абдувоҳид Ғаниевнинг "Ўзимдан ўзимгача”
фильмларини ҳам томошабин эътиборини тортган фильмлар сафига қўшиш
мумкин. Бу фильмлар ҳар бири ўзига хослиги, таъсирли эпизодлари ва
актёрларни маҳоратли ижролари билан томошабин кўнглидан жой олди. Ҳар
бир йилда ўзини янги йўналишлари билан томошабинни таъсирлантирадиган
режиссёр Рустам Саъдиев "Йиғламагин” фильми орқали нафақат катталар,
балки кичик ёшдаги болалар руҳиятини ҳам кўрсата олди. Бу фильмга бежиз
"Катталарни йиғлатган кичиклар дарди” дея таъриф берилмади. Режиссёрни
яна бир янги йўналишдаги "Мен бу мен” фильми эса, компьютер
технологияларидан унумли равишда фойдаланилганлиги билан эътиборни
тортди. Ёш режиссёр Акбар Бектурдиев эса ўзига хос йўналишда яратган
"Сўнгги лаҳза” фильми билан ўзининг янги истеъдод қирраларини намоён
эта олди.
Шунингдек, йил давомида янги фильмларда бир неча янги қиёфалар кашф
этилди. Улар истеъдод ва маҳорат билан ўзларини кўрсата олдилар.
Булардан, айниқса ёш актёр Алишер Узоқов ўзбек киносида яна бир
актёрлар сулоласи давом этаётганига томошабинларда ишонч уйғотди. Актёр
йил давомида катта экранга чиққан "Сўнгги лаҳза”, "Уйланиш”,
"Керагимсан”, "Киракаш” каби фильмларда ранг-баранг образлар яратди.
Актриса Шахзода Матчонова ("Қалбим ўғриси”,"Сўнгги лаҳза”,"Ўзимдан
ўзимгача”) фильмлардаги таъсирли образлари билан чинакамига йил
кашфиёти бўлди. Булар қаторига яна истеъдодли ёшлардан Дилором Мирзаева
("Лола”, "SMS қурсин”), Асал Шодиева ("Жаноб Ҳеч ким”, "Уйланиш”)
Севара Солиева ("Чол ва набира”, "Пойма-пой”), Абдужалил Мавлонов
("Керагимсан”), Акбархўжа Расулов ("Қасд”, "Пойма-пой”), Муҳаммадали
Наврўзов ("Хато”) ларни қўшиш мумкин.
Профессионал актёрлардан Мурод Ражабов йил давомида кўп фильмларда
катта-кичик роллар ижро этди. Актёр Бобур Йўлдошев "Қасд”, "Мактуб”
каби фильмларда ўзига хос образлар яратди. 2008 йилда "Сукунат”
фильмида мураккаб образ яратган актриса Раъно Шодиева, 2009 йил
"Мактуб” фильми орқали яна бир бор томошабинларни таъсирлантирди. Актёр
Адиз Ражабов бир неча фильмларда, ("Қалбим ўғриси”, "Пойма-пой”,
"Ўзимдан ўзимгача”) ўзгача қиёфаларда намоён бўлди. Актёр Фаррух Соипов
илк режиссёрлик дебютидан кейин ижодий изланишда бўлса, Улуғбек Қодиров
эса бу йил давомида бирорта ҳам фильмда рол ижро этмади. Актёр Азиз
Раметов йил мобайнида "Лола”, "Чаллари”, "Эслаб юр” каби фильмлардаги
роллари билан самарали меҳнат қилди. Актриса Гулчеҳра Эшонқулова эса
сонга эмас сифатга эътибор қаратиб, йил давомида фақат 2 та кинофильм
"Сўнгги лаҳза” ва "Керагимсан”да роллар ижро этди. "Келгинди келин”
фильми орқали машҳурликка эришган актриса Дилноза Кубаева эса
киноэкранга қайтишини маълум қилди ва ҳозирги кунда, 2009 йил сўнгида
суратга олиш ишлари бошланган "Ҳижрон” фильмида роль ижро этмоқда.
Актриса Жамила Ғофурова фақат "Тавба” ва "Соғинч” фильмларида суратга
тушган бўлса, актриса Ойдин Юсупова эса "Қасд” фильми билан ижодда
эканлигини эслатди.
Аксарият истеъдодли режиссёрлар, актёр ва актрисаларни кашф этган,
хусусий киностудиялар фильмлари эканлиги сир эмас албатта. Хусусий
киностудиялар ҳам ўзбек киносини ривожланишига ўз ҳиссасини қўшиб
келмоқдалар. Улардан энг муваффақиятли фаолият юритаётган
«ДАВР-ПРЕМЬЕР» кинокомпанияси («Муҳаббат синовлари 1,2», «Келгинди
куёв», «Паноҳ», «Ошиқлар» ва ҳ.к..), «ШАРҚ-СИНЕМА» киностудияси
("Фотима-Зуҳра”, "Сўғдиёна”, "Телба” ва ҳ.к., ), "ЗАМИНФИЛЬМ”
("Келгинди келин”, "Анора”, "Қасд” ва ҳ.к.), "ДАВР-С” киностудияси
("Апрель-май”, "Нотаниш” ва ҳ.к.”)» каби хусусий киностудияларда
яратилган фильмлар ҳам томошабинлар меҳрини қозониб келмоқда.
Хусусий
киностудиялар томонидан суратга олинаётган фильмларни томошабинни ўзига
тортадиган яна бир жиҳати рекламадан ташқари, фильм мазмунидан келиб
чиққан ҳолда махсус саундтрейк-қўшиқ яратилиши ва бу қўшиқни бирор
таниқли хонанда томонидан ижро этилишидир. Юқорида номлари санаб
ўтилган фильмлар ҳам бундан мустасно эмас. Уларнинг ўзига хос таъсирли
саундтрейклари, томошабинларда бу фильмларга бўлган қизиқишни янада
оширади. Агар санаб ўтиладиган бўлса, 2009 йилда улардан энг
муваффақиятлиси ва томошабинларга манзур бўлганлари: – «Йиғламагин»
фильмига Озодбек Назарбеков, "Мен бу-мен” фильмига Райхон ва Манзура,
"Қалбим ўғриси” фильмига Инди, "Ўзимдан ўзимгача” фильмига Шахзода,
"Керагимсан” фильмига Озода, "Лола” фильмига Отабек Муталхўжаев, Азиз
Раметов, "Мактуб” фильмига Тохир Содиқов, "Пойма-пой” фильмига Нилуфар
Усмонова, "Қалбаки дунё” фильмига Нигора томонидан ижро этилган
саундтрейк қўшиқлардир.
Киноижодкорларимиз томонидан яратилган фильмларнинг баъзилари, 2009
йилда халқаро кинофестивалларда қатнашгани ва муносиб тақдирлангани ҳам
ўзбек киноижодкорларини янада самарали ижод қилишга ундайди. Масалан,
Режиссёр Мирмақсуд Охуновнинг "Жаноб Ҳеч ким” фильми Россиянинг Анапа
шаҳрида ўтказилган халқаро кинофестивалда "Гран-при”ни қўлга киритди.
Режиссёр Нозим Аббосовнинг 2008 йилда суратга олган "Ойдиной” фильми,
2009 йилда Инсбург шаҳрида ўтказилган кинофестивалда махсус мукофотга
эга бўлиб, ушбу фильмда бош ролни ижро этган Маржона Шафқатова "Энг
яхши аёл роли учун” тақдирланди. Буларнинг барчаси ўзбек киносининг
ривожланаётганлигини кўрсатади.
Лекин томошабин меҳрини қозониб, муваффақиятга эришган фильмлардан
ташқари, ҳар хил хусусий студиялар томонидан суратга олинган саёз ва
ҳеч қандай тарбиявий-маънавий мазмунга эга бўлмаган, томошабин
эътиборини торта олмай назардан четда қолаётган фильмлар ҳам йўқ эмас.
Булардан "Бу антиқа антиқа фильм”, "Ишкалчи ошиқлар”, "Тақдир кўприги”,
"Сабо” фильмларини келтириб ўтиш мумкин.
Энди айнан саёз фильмлар ҳақида сўз юритсак, бу саёзлик менимча,
айнан сценарийларни мукаммал эмаслигига бориб тақалади. Бир-бирига
ўхшаш сценарийлар асосида, баъзида бошқа фильмлардан кўчирма тарзида
ёзилган сценарийларга кўра, суратга олинган фильмларни савияси ҳақида
гапирмаса ҳам бўлади. Режиссёрларда маҳорат етишмаслиги, нотўғри
танланган актёрлар, операторлик хатолари фильмлар сифат даражасига
путур етказади. Шунингдек, баъзида фильмни суратга олиш пайтида маблағ
етишмаслиги натижасида, суратга олиш майдонида керакли фикрларни юзага
чиқара олмаслик ҳам фильмни сифатини туширади. Баъзи хусусий
киностудиялар биринчи навбатда кино учун сарфлаган пулини чиқариб
олишни, ҳамда иложи борича кам пул сарф этишни ўйлайди ва натижада
шошма-шошарликка йўл қўяди. Буларнинг барчаси суратга олинаётган
фильмларнинг сифат даражасини пасайтиради.
Баъзи бир фильмлар мазмуни жиҳатидан яхши бир ғояни ёритишга ҳаракат
қилгани билан, ўша фикр, ўша ғоя яхши очиб бера олинмаган. Бунга сабаб,
сценарий саёз эканлиги, янги топилмалар йўқлиги, эпизодлардаги
диалогларни юзакилиги, актёрлар мос танланмаганлиги каби сабаблардир.
Шундай фильмлардан "Бир келиб кетинг қишлоғимизга”, "Уйланиш”, "SMS
қурсин”, "Киракаш” каби фильмлар томошабин эътиборини торта олгани
билан камчиликлардан ҳоли эмас.
"Бир келиб кетинг қишлоғимизга” фильмида (реж.Мурод Ражабов) яхши
мавзу танланган, аёлларни жамиятдаги ўрни мавзуси. Фильм ғояси аёлларга
эътибор, оилага ҳурмат ва садоқат, меҳр-оқибат каби туйғуларни илгари
суради. Лекин бош ролни ижро этган актриса ташқи қиёфа жиҳатидан
нотўғри танланганлиги, фильмни минус тарафларидан бири бўлди. Бундан
ташқари, баъзи эпизодларни зерикарли ва саёзлиги сезилиб қолган.
"Уйланиш” фильми (реж.Жаҳонгир Аҳмедов) мазмун жиҳатидан ўта
саёзлиги билан томошабинни ҳайратга солди менимча. Фильм воқеалари ўта
зерикарли ва оддий, янгилик ҳамда изланиш сезилмаган. Комедия жанрида
бўлгани билан ҳам қандайдир янгилик ва изланиш бўлиши керак деб
ўйлайман.
"SMS қурсин” (реж.Алишер Қосимов) фильмини мавзуси янгилик бўлиб,
фильмда қарияларга ҳурмат эътибор туйғулари кўрсатилган. Лекин
камчиликлардан бири, бу фильм қаҳрамонларидан Шахриёрга ўз овози мос
келмаганлигидадир. Шунингдек, воқеалар ривожида саёзлик сезилади.
"Киракаш” фильми (реж.Соҳиб Аббосхон) фильм режиссёри премьера куни
саҳнада таъкидлаганидек, жуда узоқ муддатда суратга олинган бўлса-да,
кутилган натижани беролмади. Фильм мавзуси янгилик бўлса-да, фильм
воқеалари саёзлиги билан томошабинни зериктиради ва чарчатади.
Профессионал режиссёрдан бундай фильм кутилмаганди.
Агар фильмларга тижорат тарафидан қарайдиган бўлсак, одатда давлат
бюджети томонидан суратга олинган фильмларни, маблағ йиғиш масаласи
бироз камлиги кузатилади. Бунинг асосий сабаби, балки чиндан ҳам
инсонни ўйлашга чорлайдиган ҳаётий фильмларни кўришга баъзи
томошабинларда сабр-тоқат етишмас. Лекин хусусий киностудиялар
томонидан суратга олинаётган фильмлар орасида ҳам томошабинни кинозалга
киришга чорлай олмаётган фильмлар кўп. Кино санъати инсонларни ўзига
тез жалб қила оладиган санъатдир. Бирор бир хабарга, ёки асарга унчалик
эътибор қаратмаслик мумкиндир, лекин ҳар қандай кинофильм тез диққатни
экранга тортади. Агар шунда фильм таъсирли бўлса, беихтиёр уни кўришда
давом этилади, агар саёз бўлса афсуски, қандай тез диққатни тортган
бўлса, шундай тез эътибор ҳам сўнади. Бугунги кундаги баъзи хусусий
киностудиялар томонидан суратга олинаётган кинофильмлар худди шундай
тез томошабин эътиборини тортиб, лекин ёдда қолмай киноэкранларни тез
тарк этаётгани кишини ўйлантиради.
Беихтиёр ўзбек киносининг кечаги куни ёдга келади. "Тоҳир ва Зуҳра”,
"Алишер Навоий”, "Ўтган кунлар”, "Мафтунингман”, "Маҳаллада дув-дув
гап”, "Суюнчи” каби классик киноасарлар ҳали ҳамон томошабинлар
эътиборидадир. Юксак дид билан киноасар яратган профессионал
режиссёрлар Наби Ғаниев, Комил Ёрматов, Латиф Файзиев, Йўлдош
Аъзамовлар номини бугунги кун томошабинлари алоҳида ҳурмат билан тилга
оладилар. Буюк актёрлар Наби Раҳимов, Шукур Бурҳонов, Аброр Ҳидоятов,
Раззоқ Ҳамроев, Асад Исматов, Раҳим Пирмуҳамедов, Ҳамза Умаров, Сойиб
Хўжаев, Ғани Аъзамов, актрисалар Лутфихоним Саримсоқова, Марям Ёқубова,
Зайнаб Садриевалар ҳамон томошабинлар қалбларида.
Мени фикримча, бу фильмларда миллий ўзбеконалик акс этган эди. Бу
киноасарларда мавзуга оид ҳаётийлик кучли бўлиб, томошабинни
таъсирлантиришда ўзига хос оддийликдан фойдаланилиб, инсонийлик ва
меҳр-оқибат туйғуларига кенг ўрин берилган. Асосий ўринда мукаммал
сценарий ҳамда режиссёрлик маҳорати, мос танланган актёрлар гуруҳи
фильмлар муваффақиятини таъминлаган. Юқорида номи тилга олинган ҳар бир
фильм, мазмунан ўша фильм қаҳрамонлари яшаётган муҳитни, ҳолатни тўлиқ
очиб бера олган. Ҳар бир даврни ўз фильми ва ўз қаҳрамони бор. Балки
вақт ўтиб, ҳозирги кунда суратга олинаётган баъзи фильмлар ҳам ўзбек
киносининг етук асарлари дея эътироф этилиши мумкин.
Юқорида номлари тилга олинган ўлмас киноасарларнинг бугунги кундаги
давомчилари қаторига мен "Ватан” (реж.Зулфиқор Мусоқов), "Ўтов”
(реж.Аюб Шахобиддинов), "Сукунат” (реж.Ёлқин Тўйчиев), "18-квадрат”
(реж.Жахонгир Қосимов), "Чол ва набира” (реж. Рихсивой Мухаммаджонов),
"Сув ёқалаб”(реж. Жахонгир Қосимов) фильмларини киритган бўлардим.
Ҳар кандай санъат асарларидан кўра, киноасар инсон руҳиятига
кучлироқ таъсир қилиши билан ажралиб туради. Киноижодкор, режиссёр ўз
ишидан ўзи таъсирлангандагина томошабинни ҳам таъсирлантира олади. Ҳар
қандай киноижодкор икки хил усулда киноасар яратади мени назаримда.
Биринчиси чинакам ҳақиқий киноасар яратиш учун меҳнат, ижодий изланиш
жараёни бўлса, иккинчиси одатда баъзи бир хусусий киностудияларда
маблағ йиғиш илинжида кассабоп фильм олиш учун ҳаракатдир. Ҳақиқий
киноасарда мазмунан ҳам фикр, ҳам ҳис-туйғу бўлиши керак, томошабинни
ўйлашга, фикрлашга ундаши, уни қалбидан жой олиши керак. Киноижодкор
киноасар яратаётганда онги ва қалби уйғунлашган ҳолда ижод қилса, ўз
ишига жиддий ёндошса, ўшандагина ҳақиқий киноасар яратиши мумкин. Бугун
суратга олинаётган баъзи фильмларимизда шундай ижобий таъсир кучи
етишмаяпти назаримда. Қачонки баъзи киноижодкор, режиссёрлар бугунги
томошабинни ўрнига ўзини қўйиб кўриб, ҳар бир томошабинни танқидчи деб
ўйласа, балки яхши фильм суратга олар. Лекин баъзида буни аксини
кўришимизга тўғри келяпти. Бугунги кун томошабини ҳам ўз мустақил
фикрига эга. Томошабинни мажбурлаб кинозалга киритиб бўлмаганидек, уни
савиясиз фильмларни яхши дейишга ҳам ундаб бўлмайди.
Жаҳонгир Мирсобитович Қосимов
"Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бош директори ўринбосари,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими
Кинорежиссёр
(Бадиий кенгаш раиси)
"Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бадиий кенгаши давлат буюртмасига
асосан суратга олинажак фильмларни ҳамда сценарийларини кўриб чиқиш,
муҳокамадан ўтказиш билан шуғулланади. Давлат буюртмасига асосан
суратга олинадиган фильмлар сценарийлари бадиий кенгашдан ўтганда,
албатта бадиий жиҳатига эътибор берилади. Фильм сценарийлари
"Ўзбеккино” Миллий агентлиги Низомига кўра, белгиланган муддатда
тасдиқдан ўтади. Бадиий кенгаш аъзолари 12 кишидан иборат. Фильм тайёр
бўлгач, бадиий кенгаш аъзолари томонидан кўриб чиқилади. Буюртмачи
"Ўзбеккино” Миллий агентлиги бўлгач, фильмни бошидан охиригача фақат
профессионал сценаристлар, режиссёрлар ва студияларга буюртма берилади.
Хусусий киностудиялар фильмлари учун комиссия ташкил этилган. Баъзи бир
бадиий кенгаш аъзолари ушбу комиссия таркибига киради. "Ўзбеккино”
миллий агентлиги қарорига кўра, 2009 йилдан хусусий киностудиялар
томонидан суратга олинажак фильмлар сценарийлари ҳам кўриб чиқилиб,
тегишли хулосалар берилмоқда. Агар хусусий студия фильм олишни лозим
топган бўлса, у "Ўзбеккино” Миллий агентлигига хат билан мурожаат
қилиб, ўз сценарийларини тақдим этади. Агар сценарий тақдим этилмаса,
фильм қабул қилинмайди. Фильм тайёр бўлгач, комиссия томонидан кўриб
чиқилиб, хулоса берилади.
Фильмлар халқаро кинофестивалларга қуйидаги тартибда юборилади. Ҳар
бир кинофестивалнинг ўз мавзуси бўлади. Масалан, санъат соҳасига оид
ёки терроризмга қарши кураш, одамнинг ички дунёси, аёллар ҳақидаги
мавзулар бўлади. Биз шуларга мос келган фильмларни юборамиз.
Шухрат Солиҳович Аббосов
Ўзбекистон халқ артисти
Кинорежиссёр
Ўзи санъатни ривожланиши денгиз тўлқинларидек бўлади. Санъат бу
мукаммалликка интилиш, охири йўқ, чегарасиз. Кеча Ўзбек киносида жуда
катта-катта режессёрлар ишлаган. Комил Ёрматов, Наби Ғаниев, Равил
Ботиров, Алек Хамроев, Элёр Эшмухаммедов, Далер Салимов кабилар. Улар
юз йилда бир марта келадиган санъаткорлар эди. Булар жуда катта номлар,
ҳаммаси буюк фильмлар яратган. Юксак даражада профессионал асарлар
бўлган, пухта сценарийлар асосида қилинган, ролларни буюк актёрлар ижро
этган.
Эндиликда эса ўзбек киносида янги ғоялар, янги бир дунёқараш кучга
кириб келяпти. Актёрлардан Ёдгор Саъдиев, Ёқуб Аҳмедов, жуда ажойиб
актёрлар. Актёр Нозим Тўлахўжаев ролларида айтадиган сўзи бор халққа.
Актрисалардан биринчи навбатда Лола Элтоевани айтишим мумкин, самимий
ижроси билан ажралиб туради. "Отамдан қолган далалар”да ўйнаган Назира
Абдувоҳидова, драматик қобилиятга эга актриса. Эльмира Рахимжонова
маҳоратли актриса. Ёшлардан Дилноза Кубаева ҳар бир фильмда бир ўзгача
характер яратади. Ёш актёрлардан Фаррух Соипов, Улуғбек Қодиров "Паноҳ”
фильмида жуда яхши дуэт бўлишган, жуда яхши роллар ижро этишган. Ёш
режиссёрлардан Ёлқин Тўйчиев, Аюб Шаҳобиддинов, Рустам Саъдиев жуда
ажойиб режиссёрлар. Операторлардан Ҳотам Файзиев, бу буюк оператор мен
билан бутун умр ишлаган. Бугунги кунда ёш операторлардан Абдувохид
Ғаниевни ишларини яхши дейиш мумкин. Ҳозирги кунда янги бир ёш авлод
етилиб келмоқда. Ривожланиш давом этмоқда, демак янгилик кутиш керак.
Зулфиқор Мусоқов
Кинорежиссёр
2009 йилда суратга олинган фильмларни кузатдим. Сон жиҳатидан
айтишларича, ҳаммаси бўлиб 40 та фильм яратилган. 2008 йил фильмларидан
менга манзур бўлгани "Сукунат” фильми. 2009 йил фильмларидан эса "Сув
ёқалаб” фильми. Мен профессионал сифатида "Сув ёқалаб” фильмини айта
оламан. Хусусий киностудиялар ҳақида айтсам, шахсан мен хусусий
киностудияларга қарши эмасман. Бу мени шахсий фикрим. Ўзим ҳам хусусий
киностудияда "Суиқасд” фильмини яратдим.
Феруза Нодирова
Киношунос
Ўзбек киносида 2008 йилда 50 та фильм суратга олинган бўлса, 2009
йилда 40 та фильм суратга олинди. 2008 йилга нисбатан, 2009 йилда
фильмлар сон жиҳатдан 10 тага камроқ олинган бўлса ҳам, назаримда
ижодий изланишлар йили бўлди. 2009 йил биринчидан жудаям кўп ёшлар, ёш
истедодлар кириб келди. Бу йил режессёрлик кашфиётларидан Акбар
Бектурдиев 2008 йилда «Жазо» фильмини суратга олиб, кинога яхши бир ёш
истедод кириб келганини исбот этди. Мана шу исботни давоми сифатида
2009 йилда режиссёр Акбар Бектурдиев томонидан яна битта яхши кино асар
яратилди, бу ҳам бўлса «Сўнги лаҳза» фильми, Ўзбеккино Миллий агентлиги
буюртмасига биноан суратга олинган бу фильм, 2009 йилни энг
муваффақиятли картиналаридан бири бўлди ва айнан томошабинни
фикр-мулоҳазага ундайдиган, томошабинни таъсирлантирадиган, умуман кино
санъати талабларига тўлиқ жиҳатдан жавоб бера оладиган профессионал
даражада деб ҳисоблайман. Давлат бюджети томонидан суратга олинган
фильмлар ичида савиясизларини мен кузатмадим. Давлат бюджети томонидан
суратга олинган фильмлар «Сув ёқалаб» (режиссёр Жахонгир Қосимов),
«Аросат» (режиссёр Мансур Абдуҳолиқов), «Чол ва Набира» (режиссёр
Рихсивой Мухаммаджонов), Қорақалпоқ кино ижодкорларини «Ўғри» фильми,
ҳарбий ватанпарварлик мавзуида яратилган «Таҳдид» фильми(режиссёр Ҳилол
Насимов) ва «Тузоқ» (дебютант режиссёр Бахриддин Айназаров) фильмлари.
Мени фикримча, барибир давлат бюджети асосида, Ўзбеккино Миллий
агентлиги томонидан суратга олинган фильмлар, тижорат фильмларидан бир
поғона юқори бўлди.
Баъзан тижорат фильмлари орасида савияси паст, режессураси,
сценарийси жуда бўш, актёрлар ижроси бўш картиналар ҳам учрайди.
Шулардан менимча "Ишкалчи ошиқлар”, "Бу антиқа антиқа фильм”, "Сабо”
фильми бўш фильмлар, "Чаллари” фильмини ҳам ниҳоятда савияси бўшлиги
билан шулар қаторига киритаман.
Бу йил тижорат киносида бир нечта режессёрлик кашфиётлари бўлди.
Демак, ўша асосан кинодаги роллари билан машҳур бўлган кино актёр
Фаррух Соипов мана шу йил бошида, 2009 йил баҳор ойларида «Қалбим
ўғриси» деб номланган фильмни суратга олди. Мени назаримда режессёрлик
борасида ҳам ўзини намоён қилди. Бу фильм, йилнинг энг кассабоб
фильмларидан бири бўлди. Ҳам мавзуси жиҳатидан ҳам, ўша режессёрлик
ёндашуви жиҳатидан, менимча бир янгилик ва Фаррух Соиповни
муваффақиятли режессёрлик дебют иши бўлди. Бундан ташқари, режессёр
Элёр Ҳошимов «Керагимсан» деб номланган мелодраммани суратга олди, бош
ролларни актёрлар Алишер Узоқов, Гулчеҳра Эшонқулова, Жавлон
Мавлоновлар ижро этди. Шу картиналар мени назаримда томошабинларга
манзур бўлди. Буларни ҳам йилни муваффақиятли картиналари қаторига
киргазган бўлардим. Бундан ташқари, Рустам Саъдиевни 2 та картинаси
«Йиғламагин» билан «Мен бу мен»ни ҳам. «Йиғламагин» фильмини бир
психологик драма жанрида суратга олинган фильм деб айтсак, «Мен бу мен»
фильми ўзбек киноси учун бир янгича илмий фантастик жанрда суратга
олинди. Актёрлик борасида бир нечта ижодий кашфиётлар бўлди. Кейинги
йилларда ўзбек киносида актёрлар Фаррух Соипов, Улуғбек Қодиров,
Дилноза Кубаева, Гулчеҳра Эшонқуловалар самарали ижод қилишган бўлса,
2009 йилда булар қаторига яна бир яхши актёрлар ансамбли келиб
қўшилди, бу актёр Алишер Узоқов. Бу йил актёр Алишер Узоқов учун жуда
самарали йил бўлди, 10 дан зиёд фильмларда суратга тушди. Актёр Адиз
Ражабовни ижодида яхши бир портлашларни кўрдик. Актриса Шаҳзода
Матчонова 3 та яхши фильмда рол ўйнади. Актрисалик кашфиётларидан
Мадина Мумтоз «Лола», «Ўзимдан ўзимгача» фильмларида, Дилором Мирзаева
«Лола», «Эсимиз қурсин» фильмларида, Асал Шодиева «Уйланиш», «Жаноб хеч
ким» фильмларида суратга тушдилар. Ҳар бири ўзича бир ёндошув, ўзича
бир қиёфа, лекин ҳар бирини истедодли ёш актрисалардан деб биламан.
Актёр ва актрисаларимизни сони кўпайганидан мен жуда хурсандман. Актёр
ва актёрисаларимиз қанчалик кўпайса, киноларимиз шунчалик қизиқарли
бўлади. Мен уйлайман-ки, актёрларимизни кўпайгани ҳам ўзбек киноимизда
яхши бир кўрсаткич. Ўзбек киносини келажаги бор деб ўйлайман, чунки
бугун шунча ёшлар кириб келяпти, шароит яратилган. Бугунги кириб келган
ёшларимиз ўзини устида ишласа, мени назаримда булар ҳам, ўзини соҳасини
етук ижодкорлари бўлиб етишишади. Назаримда фильмлар сони, умуман
хусусий студиялар, жуда кенг имкониятлар берилган, энг муҳими мана шу
имкониятлардан фойдаланиб, режиссёрлар, актёрлар умуман киноижодкорлар
ўзини олдига масъулиятни, профессионализмни асосий мезон қилиб олса,
ўзбек киносини келажагига ишонсак бўлади.
Хулоса
Демак, хулоса қилиб айтиш мумкин, 2009 йилги кино таҳлили ҳам шуни
кўрсатади-ки, кино соҳаси ижодий ўсишда давом этмоқда. Киноижодкорлар
изланишдалар, мавзу жиҳатидан бир-бирини такрорламайдиган, оригинал
киноасарлар яратиш устида ижод қилмоқдалар. Баъзида, бу йўлда
саёзликларга ҳам йўл қўйилмоқда, лекин қизғин ижодий жараён давом
этмоқда. Энг муҳими, бугунги кун ўзбек киносида мукаммалликка интилиш,
ривожланиш бор. Интилиш ва ривожланиш бор экан, ўзбек киноси ўз
келажагига эга.
(Изоҳ: Киношунос Феруза Нодирова фикрига, режиссёр Акбар
Бектурдиевнинг "Жазо” фильми 2007 йил 20 майда катта экранда намойиш
этилган)
Феруза Фаттохова 3 босқич вазифаси
Шахсий фикри билан Sayyod: Юклатилган вазифа гарчан фикр олиш учун экспертлар танлашда ёрдамимиз бўлгани билан яхши удалланган.
Фақатгина, аъло бўлишига бир нарса етмаган. Яъни бир нарса сал ошган, бу хам бўлса шаблон. Неччи йилдан бери хамма журналистлар мақташ учун бир нарсани қайтаришлари бўлган сўзлар, масалан; "Латофатли, мафтункор, ранго-ранг,”… ва хоказо.
Бундай асал устига сепилган шакардан менимча сўнгги пайтлар
хамманинг кўнгли озар даражага келган. Мақтов хам хаққоний ўринли ва
энг асосийси бор бўлган (не оспаримые факты) нарсаларга
ишлатилса мақсадга мувофиқ. Шунингдек баъзи фильмларга хаққоний бахо
берилмаган, фақат мақтов билан чекланмай унинг минусларини хам хаққоний
ва очиқчасига ёзишни маслахат бераман Ферузахонга.
Тушунаман, бир пайтлар Ферузахон иккинчи режиссер сифатида
кинобизнес оламида фаолият юритганлар, лекин журналистикада бир
ёқламалик ва таниш-билишчилик ўринсиз.
Менимча «пахта” бизнеси шундоқ хам гуркираб, аллергик даражага етмоқда. Узр, менда эса унинг энг оғир «форма”си.
|