Mini автомобили инглиз маркаси ҳисобланади. У бой
тарихга эга. Ҳозирда Mini автомобилининг Cooper модели оммалашган
бўлиб, BMW компанияси бошқарувида ишлаб чиқарилмоқда.
Mini автомаркасининг тарихи ХХ асрнинг 40-йиллари охирига бориб тақалади.
Марка асосчиси Жон Купер пойга автомобиллари ишлаб
чиқаришга асосланган "Cooper Car Company” номли фирма очади. Бу
фирманинг биринчи машинаси Cooper 500 кўплаб пойгачиларни машҳур
қилган. Фирманинг биринчи мижозлари қаторида машҳур пойгачи Стерлинг
Моссни кўриш мумкин. "Формула-2” пойгасида қатнашган илк Cooper
автомобили рулини беш карра жаҳон чемпиони Хуан Мануэль Фанхио
бошқарган. Бу автомобиль двигатели олд қисмда жойлашганди. Кейинроқ
фирманинг двигатели орқада жойлашган автомобиллари пойгаларда Ferrari
ва Maserati каби грандла билан тенгма-тенг кураш олиб борган.
Оммабоп Mini автомобилларини Жон Купернинг ўғли Майк Купер яратган.
1959 йилда дунё юзини кўрган биринчи Mini аҳоли орасида жуда тез
оммалашган. У пайтда автомобиль Austin 7 номи билан ишлаб чиқариларди.
1961 йилдан бошлаб у Mini номини олган. Ҳажми кичик ва тежамкор бу
автомобилга талаб ҳаддан ташқари ортиб кетганди. Вақт ўтиб, қимматбаҳо
ва ҳашаматли маркалар пайдо бўлди, аммо жуда арзонлиги туфайли Mini
автомобилларига бўлган талаб пасаймади. Айтишларига қараганда, машҳур
дизайнер Мэри Куант шу машина туфайли мини-юбкани ихтиро қилган экан.
Mini автомобилларининг биринчи авлоди 1 миллион 190 минг дона сотилади.
1967 йилда бу авлод машиналарини ишлаб чиқариш тўхтатилади. 1967-1969
йиллларда концепт шаклидаги Mini Mk II ишлаб чиқарила бошланди. 1969
йилда фургон қиёфали Mini Clubman пайдо бўлди. Аммо бу авлод машиналари
унчалик оммалашмади. 1970 йилда учинчи авлод автомобиллари пайдо бўлди.
1994 йилда Mini автомобилларини ишлаб чиқариш билан шуғулланган Rover
Group компаниясининг назорат акция пакети BMW концерни қўлига ўтди.
Бавария концерни автомобилнинг инглизларга хос ташқи кўринишини сақлаб
қолган ҳолда уни "камбағаллар автомобили”дан нуфузли автомобилга
айлантирди. Mini автомобили моделлари энди дунёнинг брендлари билан
тенгма-тенг нуфуздаги машиналарга айланишди.
Машҳурлик бобида "Фольксваген”нинг "қўнғизча”ларини ҳам ортда қолдира
бошлаган Mini машиналарининг ҳажмига ҳам ўзгартиришлар киритилди.
Гавдаси йириклашган Mini машиналари энди 55 сантиметр узунроқ, 30
сантиметр кенгроқ ҳолда ишлаб чиқарила бошланди. Вазни ҳам 400
килограммга оғирлашди. Уч авлод Mini машиналари 10 дюймли шинада
ҳаракатланган бўлса, янгиларининг ғилдираклари 15-17 дюйм шаклини олди.
2004 йилдан бошлаб Mini кабриолетлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 2006
йилда эса 1,6 литр ҳажмли двигатель ўрнатилган янгиланган Mini
машиналар дунё юзини кўрди. Худди шу йили Cooper S модели ҳам
конвейердан чиқди. Mini автомобилининг илк моделлари 55 от кучили
двигатель билан ҳаракатланган бўлса, Cooper S машиналарига 175 от
кучили двигателлар ўрнатилган.
Mini автомобилларининг янги авлоди автоишқибозлар орасида тез шуҳрат
қозонди. Буни сўнгги ўн йил ичида ишлаб чиқарилган автомобиллар сони 2
миллионга етгани ҳам исботлаб турибди.
|