Модалар уйининг кўримсиз котибаси (Жасси дастлаб Бетти исми билан
танилди) ҳақидаги сериал фақат Россия ва Ҳиндистонда суратга олинган,
деб ўйласангиз, адашасиз. Бу воқеа бутун дунё бўйлаб сайр қилиб чиқди
ва ҳали ҳам саёҳати тугагани йўқ, десак ҳақиқатдан кўп ҳам
узоқлашмаймиз. Шу пайтгача Беттининг саргузаштлари ўндан ортиқ
мамлакатда турли талқинда намойиш этилди.
Гап нима ҳақида бораётганидан бехабар одамлар учун қисқача мазмунини
айтиб ўтамиз. Табиатан хунук қиз Беатрис (Бетти) модалар уйига котиба
бўлиб ишга киради. Антиқа кўзойнаги, тишларидаги брекетлар ва умуман
ажиб ташқи қиёфасига қарамай, модалар оламида ушланиб қолишга муваффақ
бўлади. Аксинча, ишлари бароридан келади. Бунда атрофидаги гўзал қизлар
ғилдирагига таёқ эмас, ходалар тиқса ҳам, уни тўхтатиб қолишолмайди.
Ахийри, Бетти ўзгариб, соҳибжамолга айланади ва ажойиб шаҳзода –
бошлиғи уни никоҳига олади. Хуллас,
иркит ўрдакча ва Золушка ҳақидаги эртакларнинг қоришмаси. Уни биринчи
бўлиб Колумбия телетомошабинлари кўришга муваффақ бўлишди. Колумбияда
сериал «Исмим Бетти, мен хунук қизман» (Yo Soy Betty, La Fea) деб
номланди ва 1999-2001 йилларда намойиш қилинди. Сериал воқеалари билан
ишлаб чиқарган мамлакат аҳлидан ташқари йўлдош антенналар орқали
АҚШдаги испан тилида сўзлашадиган аҳоли (бундайлар кўпчиликни ташкил
қилади) ҳам танишди. Колумбияда кўримсиз қиз саргузаштлари катта
муваффақият қозонди. Қўшни «пуфакли опера» мамлакати – Мексикада бундан
хабар топиб, ўз нусхасини суратга олишни бошлаб юборишди. Колумбиялик
уй бекалари сўнгги серияларни кўриб улгурмасидан Мексикада ўз сериалини
намойиш қилиш бошланди. Шу
ўринда айтиш жоизки, Мексикада хунук қиз Беттининг саргузаштлари ҳақида
иккита сериал суратга олинган. Афтидан, воқеа бу мамлакатда шунчалик
шуҳрат қозондики, 2006 йилда номи, бош роль ижрочиси бошқа бўлган,
умуман ўзга актёрлар иштирок этган, лекин сюжети аввалгидан кўп ҳам
фарқланмайдиган яна бир сериал ойнаи жаҳон юзини кўрди. Мексикалик кино
усталари олти йил аввал кўрсатилган фильм одамларнинг ёдидан кўтарилди,
деб ҳисоблашган шекилли. Иккинчи уриниш аввалгисидан ҳам ўтиб тушди –
сериални кўрган одамлар сони 5,5 миллион кишидан ошди. Мексикада
суратга олинган биринчи сериалдан кейин вақтинчалик жимжитлик ҳукм
сурди. 2001 ва 2002 йилларда хунук қиз тарихи янгича кўринишни олгани
йўқ. Тўсатдан 2003 йилда Болливуд кўримсиз қиз ҳақидаги сюжетни тиклаш
ниятини билдирди. Ҳинд телесериаллари мухлисларига таниқли ҳикоя
ҳаммамизга маълум бўлган «Жассига ўхшаши йўқ» (Jassi Jaissi Koi Nahin)
номи билан тақдим қилинди. Табиийки, одамлар Жассини илиқ эмас, қайноқ
кутиб олишди. Исроилда
ҳам Бетти исмини ўзгартирди – Эсти бен Давидга айланди. Бу сафар ҳам
хунук яҳудий қизининг тақдири Ҳиндистон, Мексика ва Колумбия
қизларининг ҳаётини такрорлади. Германиядаги модалар уйида ишлайдиган
котибанинг исми эса Лиза Пленске бўлди. Қизиқарли жиҳати шундаки,
«Берлинда севиб қолган» (Verliebt in Berlin) немис телесериалида асосий
ролни ижро қилган Александра Недель учун қаҳрамонининг воқеаси ўз
ҳаётини эслатди. Актриса стоматология шифохонасида ҳамшира бўлиб
ишларди. Бир куни «пуфакли опера» продюсерларидан бири тиш оғриғи билан
унга мурожаат қилди. Бу учрашув нима билан тугаганини англаш қийин эмас. Олтинчи
рақамли Бетти кўпчилигимизга таниш бўлган рус қизи Катя Уварова.
Сюжетни такрорлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Кейингиси Мексикада
суратга олинган иккинчи нусхаси. Саккизинчи сериал Нидерландларда
тасмага туширилди. Голландияда қизнинг исми ҳам, сериалнинг номи ҳам
бир хил – Лотте. Ҳисобда адашмаётган бўлсангиз, тўққизинчиси
Испанияда олинган воқеа саналади. Айнан ушбу сериал учун испан тилидаги
«гўзал» ва «хунук» сўзларининг қоришмаси – bea сўзи ихтиро қилинди. Хуллас,
ўнинчи кўримсиз қиз АҚШда АВС канали томонидан дунёга келди.
Голливуднинг машҳур актрисаларидан бири Сальма Хайек (газетанинг мазкур
сонида у ҳақда маълумот берганмиз) продюсерлик қилган «Кўримсиз қиз
Бетти» (Ugly Betty) сериалининг биринчи қисми 2006 йил 28 сентябрда
эфир юзини кўрди. Ҳақиқий америкача ёндашув билан фильм бир вақтнинг
ўзида АҚШ, Канада, Австралия, Янги Зеландия, Гонконг, Буюк Британия,
Швеция мамлакатларига кўрсатилди. Айтишларича, ҳар куни қарийб 110
миллион одам ушбу сериални томоша қилиш илинжида телевизор олдига
келган экан. Бошқа мамлакатларда ҳам сериални суратга олиш ишлари
бошлаб юборилган.
|