Саъид ибн Мусаййиб розиаллоҳу анҳудан, отасидан, бобосидан ривоят қилинади: «У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борганида: «Исминг нима?» дедилар. «Ҳазн», деди. «Сен Саҳлсан», дедилар. «Отам менга қўйган исмни ўзгартирмайман», деди. Ибн Мусаййиб «Шундан кейин бизда маҳзунлик доимий бўлиб қолди», деди. Бухорий, Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилган. Шарҳ: Ҳазн-қийинчилик. Саҳл-осонлик. Саъид ибн Мусаййиб розиаллоҳу анҳунинг боболари Ҳазн ибн Абу Ваҳб Қарашийнинг бир оғиз хатолари ила бутун бошли бир уруғ қийинчиликка қолган экан. Шунинг учун хунук исмларни гўзал исмларга ўзгартишдан зинҳор бош тортмаслик керак. Ибн Умар розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Умарнинг бир қизи Осия-гуноҳкор деб номланар эди. Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Жамила деб номладилар». Муслим, Абу Довуд ваТермизий ривоят қилган. Муҳаммад ибн Амр ибн Ато розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Қизимни Барра деб номладим. Зайнаб бинти Абу Салама менга «Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам бу исмдан наҳий қилганлар. Мен Барра деб номланган эдим. Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзингизни ўзингиз мақтаманг. Аллоҳ сизлардан ким яхшилик аҳли эканини билувчидир», дедилар. «Уни нима деб номлайлик?» дейишди. «Зайнаб деб номланглар», дедилар». Шарҳ: Баррада яхшилик маъноси бор. Шунингдек, Зайнаб бинти Жаҳш онамиз розиаллоҳу анҳонинг исмларини ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Баррадан Зайнабга ўзгартирганлар. Зайнабда бўлиқлик маъноси бор экан. Шунингдек, гўзал ва хушбўй бир дарахт ҳам Зайнаб деб аталар экан. Ибн Аббос розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Жувайриянинг исми Барра эди. Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Жувайрия деб номладилар. У зот Барра-яхшиликнинг олдидан чиқди» дейилишини ёқтирмас эдилар». Иккисини учовлари ривоят қилган. Усома ибн Ахдарий розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келган ҳайъат ичида Асрам номли киши бор эди. Бас, Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Исминг нима?» дедилар. «Мен Асрамман», деди. «Йўқ! Сен Зуръасан», дедилар». Шарҳ: Асрам-терилган-кесилган. Зуръа-зироат. Шурайҳ ибн Ҳонеъдан, у ўз отаси розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ўз қавми ҳайъати ила борганида у зот улар уни Абул Ҳакам деган куня ила аташаётганини эшитдилар. Бас, Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам уни чақириб: «Албатта, Аллоҳнинг Ўзи ҳакамдир ва ҳукм фақат У зотнинг ўзигагинадир. Нима учун Абул Ҳакам деб кунялангансан?» дедилар. «Қачон қавмим бир нарсада ихтилоф қилиб қолсалар олдимга келар эди. Мен ораларида ҳукм чиқарардим. Бас, икки тараф ҳам рози бўлар эди», деди. Шунда Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу қандоқ ҳам гўзал. Сенинг фарзандинг борми?» дедилар. «Менинг Шурайҳ, Муслим ва Абдуллоҳларим бор», деди. «Қай бирлари каттаси?» дедилар. «Шурайҳ», дедим. «Сен Абу Шурайҳсан», дедилар». Шарҳ: Ҳакам исми Аллоҳ таолонинг Ўзига хос исм бўлиб ҳукми радд қилинмайдиган ҳоким, ҳукм ундан бошланади, ҳукм у ила интиҳо топади маъноларини билдиради. Шунинг учун бу исм ила бандани номлаб ёки кунялаб бўлмайди. Бу ҳадиси шарифдан кишини ўз болаларининг каттасининг исми ила кунялаш кераклиги келиб чиқади. Ушбу ҳадиси шарифда исмлари зикр қилинган Шурайҳ розиаллоҳу анҳу кейинчалик Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баракотлари ила энг машҳур олим ва қозилардан бирига айландилар. У киши ўзлари тобеъинлардан бўлсалар ҳам ҳазрати Али розиаллоҳу анҳунинг давларида бош қози бўлиб хизмат қилдилар. Кўпгина саҳобаи киромлар ҳам у кишидан фатво сўрар эдилар. Масруқ розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Умар розиаллоҳу анҳуга дуч келган эдим: «Сен кимсан?» деди. «Масруқ ибн ал-Аждаъман», дедим. «Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «ал-Аждаъ-шайтон» деганларини эшитганман», деди». Учовини Абу Довуд ривоят қилган. Шарҳ: Демак, бировни ал-Аждаъ деб номлаб бўлмас экан. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ал-Осс, Азиз, Атала, Шайтон, ал-Ҳакам, Ғуроб, Ҳубоб исмларини ўзгартирганлар. Шиҳобни Ҳишом деб атаганлар. Ҳарбни Силм деганлар. Музтажиъни Мунбаъис деб номлаганлар. Афира деган ерни Хазира деб атаганлар. Шуъабуз Залолани Шуъабул Ҳуда, Баниз Заня ва Бани Муғвияни Бани Рошда деб номлаганлар». Абу Довуд ривоят қилган. Шарҳ: ал-Осс-исёнчи, Азиз-Аллоҳ таолонинг исми бўлгани учун бандага қўйиб бўлмайди. Атала-қўпол. Шайтон-маълум исм. ал-Ҳакам-Аллоҳ таолонинг Ўзига хос исм. Ғуроб-узоқ маъносини англатади ва энг ифлос қушлардан бирининг номи. Ҳубоб-шайтоннинг исмларидан бири. Шиҳобни Ҳишом деб атаганлар. Чунки Шиҳоб учқун дегани. Шиҳобиддин бўлса дуруст бўлади. Ҳарбни Силм деганлар. Чунки ҳарб уруш дегани, Силм тинчлик дегани. Музтажиъни Мунбаъис деб номлаганлар. Чугки музтажиъ-ёнбошлаган дегани, мунбаъис-ҳаракатга тушувчи дегани. Афира деган ерни Хазира деб атаганлар. Афира-қуруқ деган, хазира-ям-яшил дегани. Шуъабуз Залола-Залолат дарасини Шуъабул Ҳуда-ҳидоят дараси деганлар. Баниз Заня-Зино болалари ва Бани Муғвия-Зония болаларини Бани Рошида-Рушд болалари деб атаганлар. Шундан қабиҳ маънодаги исмларни гўзал маънодаги исмларга ўзгартириш мустаҳабдир деган ҳукм чиққан.
|