. Анчадан бери кўрмаган ТАНИШ аёлни учратиб қолдим. Салом-алик, ҳол аҳвол сўрашишлар мобайнида аёл хотиржам равишда:
~ Оилам бузилиб кетди... Худога шукр, эримдан қутулдим... ~ деди...
Ҳайрон бўлиб сабабини сўрадим. Ахир, қирққа бориб қолган, қизи бўйга етиб узатиладиган, ўғлининг мўйлови сабза уриб турган бир пайтда, оиласининг БАРБОД бўлганини фахр билан танишига гапираётган олий маълумотли аёлнинг хотиржамлиги
ҳар қандай одамни ҲАЙРАТГА солади-да...
.... Хуллас, аёл эринмай эрининг устидан мағзава қуя бошлади. Индамай эшитиб туравердим. Бир пайтлари шу айни кезда эрини ёмонлаётган аёл унинг топармон, уддабурронлигини мақтарди. Энди эса...
Сал ўтмай аёлнинг телефони «СМС» хабари келганини билдириб куй чалди...
Шоша-пиша телефонига кўз югуртирган танишимнинг чеҳраси ёришиб кетди:
~ Собиқ синфдошим. «Одноклассники.ру» сайтидан топиб олдим. Биз мактабда ўқиб юрган кезлармиз севишардик...
Буни қаранг-ки, «одноклассники»дан топишганимизда, у мени ҳалиям севишини айтди. Муҳаббатимиз СЎНМАГАН экан... Йигирма беш йилдан бери ҳалигача бир-биримизни севар эканмиз...
У мени никоҳига олмоқчи, лекин хотинидан истиҳола қиляпти чоғи...
Унинг гапларини эшитиб оиласи “ОДНО” деган дажжолнинг қилғиликлари Туфайли бузилиб кетганини чамалаб улгурдим...
Афсуски, ҳозирги кунга келиб интернет сайтлари орқали собиқ синфдоши, курсдоши билан топишиб олаётганлар ёхуд виртуал танишувлар сабабли бузилиб кетаётган оилалар ажралишларнинг кўпчилигини ташкил этади...
Бу ҳол ёш оилалар қолиб, ўн беш-йигирма йиллик рўзғорларда ҳам учраётгани кўнгилга оғриқ солади...
... ~ Ажрашишларнинг аксариятига ҲИЁНАТ сабаб бўляпти. Бу борада аёллар етакчиликни қўлга олишган, ~ дейди ҳуқуқшунос Амрулло АҲМЕДОВ.
~ Бир куни қабулимга бир ЭРКАК келди. Чўкиб, синиб қолган. На юрган йўлини, на ўтирган жойини билади... ~ “Хотинимнинг менга хиёнат қилиши, аллақандай эркак билан уззукун телефонда гаплашиши ҳақида яқинларимдан эшитардим-у, тўғриси ишонгим келмасди. Ахир учта гулдай фарзандимиз бор..! Наҳотки, АЁЛИМ шундай разилликка борса, деб ўйлардим...
Бир куни иш билан чиқиб кетяпман, деб уйдан сал четроқда хотинимни пойладим. Афсус... Гап-сўзлар ҲАҚИҚАТ экан...
Ўласи қилиб дўппослагандим, хотиним ўйнаши билан телефонидаги интернетми
бир бало орқали танишиб қолганини айтди... Ўт тушсин дедим, шу телефонни чиқарганга ҳам, интернетига ҳам...
У билан ўлсам ҳам яшамайман, болаларимни ҳам бермайман унга. Ўзи тарбияга муҳтож
она бола тарбиялашга лойиқ эмас!..” ~ дея кўзларини яширишга уринди у...
Эркак, шунда ҳам МАРДЛИК қиляпти:
~ “Илтимос, шундай қилингки, мен суд мажлисида хотинимнинг ҲИЁНАТИНИ айтмайин. Бунинг иложи борми? Масалан, келишолмай қолдим, деб ажрашсам бўладими?..”
Эркак юраги ЗАРДОБга тўлиб турганида
ҳам оиласининг шаъни, фарзандларининг тақдирини ўйлаб хотинининг хиёнатини яширишга уриняпти экан...
Ўша шармисор аёл-чи, у аёл номига ИСНОД , оналикка нолойиқ эканини англаяптимикан?..
... ~ Қайнэгачим «одноклассники.ру» сайтидан собиқ курсдошини топиб олибди, ~ дейди таниш жувон ИСТЕҲЗО билан... Талабалик даврларида севишган эмишлару, қайнотам қизини узоқ вилоятга узатмаган экан. Энди қайнэгачим кап-катта хотин, уч боланинг онаси бўла туриб аллақаёқдаги курсдоши билан туну кун ёзишади...
Яна уялмай нетмай бизникига келганида, “Курсдошимнинг гапларини СОҒИНИБ қоламан... Ҳозиргача мени унутмабди-я, ҳалиям севар экан” дейди...
Эшитгани одам хижолат тортади унинг гапларини... Турмуши бузилган ёки бузилиш арафасида турган аёлларнинг аксарияти
бир хил шармисорона “ҚЎШИҚ”ни куйлашади:
~ Эримда кўнглим йўқ. Бир пайтлари у мени севарди. Ҳозир мен умуман эсида ҳам йўқман. Ахир мен ҳам аёлман, эримнинг эркалашини, меҳр беришини истайман...
Ўзбек аёли – ФИДОИЙЛИК тимсоли..!
Ўзбек аёли қайси тил, қайси юз билан шундай шармандали иқрорни айтишади экан?!
Ўзбек оиласида эр-хотинлик муносабати РОМАНТИКА эмас..!
Бизда турмуш қурган жуфтлар ҳинд киноларидагига ўхшаб қўшиқ айтиб, рақсга тушиб тоғлару гулзорларда айланиб юришмайди, аксинча бир-бирига чидаб, кўникиб, мослашиб яшайдилар..!
Айниқса, бу борада аёл кишидан эркакка нисбатан икки ҳисса кўп МАЪСУЛИЯТ талаб этилади. Аёл кишининг анча-мунча хатоси кечирилмайди ва бу хатолар келгусида фарзандлар тақдирига ҳам дахл қилади...
... Оилада эридан севги-муҳаббат, ошиқ-маъшуқлик ўйинларини ТАЛАБ қиладиган хотинлар эса, оила масъулиятини ва шарму ҳаё ҳиссини ТАМОМАН унутганлардандир...
... Ундайларга оила шаъни, эркакнинг номуси, ори, фарзандлар келажаги бир пул..! Ўзларининг худбинлиги, беҳаёлиги, тийиқсизлигини меҳрталаблик билан изоҳлашади. Аёл кишининг хиёнатини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди ва кечириб бўлмайди... Айримлар, “ИНТЕРНЕТ орқали собиқ синфдошлари, курсдошларини излаб топиш, улар билан гаплашиш, муносабат ўрнатиш ҳам зинога кирар эканми..?” деб энса қотиришлари мумкин...
Шу ўринда таъкидлаш ўринлики, жуфти ҳалолининг никоҳида бўла туриб, ўзига номаҳрам эркакка ШИРИН сўзлардан тизиб мактуб йўллаш ё у билан мулоқотда бўлиш, ундан илтифот кутиш, атайлаб эҳтиросни қитиқлайдиган гап-сўзлар билан нимагадир шама қилиш ҳам — ЗИНОНИНГ БИР ТУРИ..!
... Мақсад — кимгадир ёқиш, ким биландир шаҳвоний ИСТАК йўлида мулоқотда бўлиш...
Аёл кишининг эса номаҳрам эркакларни зинога жалб этиши — ФОҲИШАЛИК...
Оилали фоҳишаларнинг қилмишлари ҳеч қандай ҳолатда оқланмайди..!
“Оила ва фарзандлар ЎЙИНЧОҚ эмас..!”
.... ~ Ёшлар оилага енгил-елпи қараб, арзимаган баҳоналарни РЎКАЧ қилиб оиласини бузиб юборишяпти, ~ дейди Тошкент шаҳридан қўнғироқ қилган онахон муштарийимиз. ~ Айримлари оиласининг бузилганини эрининг хиёнаткорлиги билан изоҳлашади...
~ “Эрим хиёнат қилди, бошқаси билан уни тутиб олгандим, мен ҳам ўчимни олдиму бошқаси билан юриб, АЖРАШИБ кетдим..” дейди, гўёки қилмишидан фахрлангандек...
Шундайларни кўрганимда, улар ҳақида эшитганимда ўзимнинг ҳаётимни кўз олдимга келтираман...
Чолим ЁШЛИГИДА кўп куйдирган мени... Яширинча хиёнат қилиш нари турсин, бузуқ аёлларни уйга олиб келарди...
Ўч олиш қайда, ундай нарсаларни хаёлга келтириш қайда, ҳаттоки ажрашиб кетишга ҳам ОР қилганман... Турмушидан ажраган аёлга ҳамма ёмон кўз билан қарайди.
Ота-онамнинг, жигарларимнинг обрўси
нима бўлади, болаларим улғайиб одамларга қўшилиши керак, деб эримнинг ҳар қандай ҚИЛИҒИГА чидагандим...
Ҳозиргиларга нима бўляпти, ҲАЙРОНМАН, оила, турмуш, фарзандлар тақдири замонамиз ёшлари учун ўйинчоққа айландиёв...
Интернет, мобил алоқа каби узоқни ЯҚИН қиладиган нарсаларнинг борлиги яхши, албатта... Тараққиёт, ривожланиш маҳсули ҳисобланади бу каби “МЎЪЖИЗА”лар...
Аммо дунё тамаддунининг бундай маҳсулотларига луғатимиздан “ОДОБ”, “АНДИША”, “ВАФО”, “САДОҚАТ”, “ИНСОНИЙ ФАЗИЛАТЛАР” деган сўзларни ҳайдаб чиқариш, айрим юртдошларимизнинг ўзлигини унуттириш ваколати берилмаган-да... Ё сиз бошқача ўйлайсизми..?
|