Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир... Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимизнинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган окимсани ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман. «Ҳой мўъминлар, Аллоҳдан лойиқ бўлганидек қўрқинглар ва мусулмон бўлган ҳолингизда вафот этинглар!» (Оли Имрон: 102). «Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1). «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70 – 71).
Сўнг ...
Дўстлар, билингларки, гапларнинг тўғрироғи – Аллоҳнинг каломи, йўлларнинг яхшироғи – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмонроғи – янги пайдо бўлганлари, ҳар бир янги пайдо бўлган нарса – бидъат ва барча бидъат – залолатдир. Ҳурматли Арш соҳиби бўлган Аллоҳдан биз ва сизларни ўзининг ҳурматлар диёрида бирга қилишини, Ўз паноҳида сақлашини, биз ва сизларни Ўз пардаси билан тўсишини сўрайман. Мен Аллоҳ таолодан бизни адашмаган ва адаштирмаган тўғри йўлдаги ҳидоятланганлар қаторида қилишини тилайман. Синглим, бу кечадаги суҳбат сизга аталган. Чунки, сиз ҳар мавзунинг негизи бўлдингиз. Аёл тузалса жамият тузалади. Агар аёл киши ўз вазифасини бажарса, иншааллоҳ, Ер юзидаги мусулмонларнинг устуворлиги яқинлашади ... Опа–сингиллар, «Хонимлар, сизлар улар олдида кимсиз?» сарлавҳали суҳбатимизга хуш келибсизлар! Мавзуга киришишдан илгари бу мавзуга туртки бўлган омиллар ҳақида ҳам бир икки оғиз гапирмоқчиман. Аввало, аёл кишининг ўрнакка эҳтиёжи.
Сўнгра:
– муслима аёлларнинг ўрнаклар топилмаган бир пайтда ўрнакка эҳтиёжи; – кўплаб муслималарнинг пасайиб кетган ҳимматларини кўтариш; – биз яшаётган воқеълик; – одамларнинг дунёга берилишлари; – охиратни – Аллоҳ таоло унда мўъмин ва мўъминалар учун дунё ва дунёдаги неъматлардан кўра яхшироқ нарсаларни тайёрлаб қўйганини нафсга ва бошқа эркагу аёлларга хотирлатиш; – висолни хоҳлаган кимсанинг усулларни ушлаши лозим экани. Зеро, йўлга тушган одам, Аллоҳнинг изни билан, мақсадига етиб боради. Ҳой, сиз бебаҳо гавҳар, биз (шонли тарихимизда) яшаб ўтган эркак ва аёллар ҳаётини ўрганишга ўта муҳтожмиз!
Сингилжон, биз улардан намуна олишга ўта муҳтожмиз!
Абдуллоҳ ибн Масъуд (разияллоҳу анҳу): «Ўрнак олмоқчи бўлган одам, вафот этганлардан ўрнак олсин! Чунки, тирикларнинг фитланиш хатарлари бор»– деган. Ҳой бебаҳо гавҳар, биз ҳақиқатан ҳам йўналишимизни тузатишимиз, ўша эркак ва аёлларни ўзимиз учун намуна олароқ олишимиз керак! Биз, ўрнаклар озайган пайтда намунага муҳтожмиз. Биз, иззатли ва устувор эркак ва аёллар камайган бир замонда, ўшалардан иззат ва устуворликни ўрганишга муҳтожмиз! Ҳой гавҳар, тушунчалар бутунлай ўзгариб кетганини кўрмаяпсизми?! Ҳатто, артист ва артисткалар, хонанда эркак ва қўшиқчи аёллар ўрнак бўла бошладилар! У ғофил ва ғофилаларни кузатиш ва улар ҳақидаги нарсаларни ўқиш учун кўплаб вақт ва талайгина бойликлар сарфланмоқда!! Сингилжон, такрор айтаман: «Биз оқимни ўзгартириш ва ўрнак бўладиган шахслар кимлар эканини билишга муҳтожмиз!». Муқаддимадан сўнгра мавзуйимиз, Аллоҳнинг изни билан, қуйидаги кичик мавзуларни ўз ичига олади:
– иззат ва устуворлик намунаси – муҳаббат ва унинг маъноси – Аллоҳ ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббат намунаси – қаҳрамонлар ижодкори – мўъмина ва ҳаё – хотима.
Ҳой гавҳар, сиз қавмига: «Ҳа, мен Унинг динидаман!» деган аёл ва унинг қиссасини эшитганмисиз?! У – Ғузайя Жобир ибн Ҳаким қизи (разияллоҳу анҳо) бўлиб, Қурайшнинг Омир уруғидан, Ислом динини турмуш ўртоғи билан илк қабул қилганлардан биридир.Унинг ўзи ҳаётини шундай ҳикоя қилади: «Кунларнинг бирида эримнинг қариндошлари келиб менга: Шояд сен Муҳаммаднинг динида бўлсанг керак?! Шояд сен Муҳаммаднинг динида бўлсанг керак?!– деб қолдилар. Мен: Ҳа, Аллоҳга қасамки, мен Унинг динидаман!– дея жавоб бердим».Сиз бу аёлдаги иззат чақмоғи ҳақида фикр юритинг! «Мен: Ҳа, Аллоҳга қасамки, мен Унинг динидаман!– дея жавоб бердим. Улар: Аллоҳга қасамки, бизни сени қаттиқ қийноққа соламиз,– дедилар. Мени энг асов туяларига миндириб олиб кетдилар ... Менга асал билан нон едириб, сув бермадилар ... Кун ярмига келиб, қуёш жазирамаси ҳамма ёқни қоплагач мени туядан туширдилар. Ўзларига чодир тикиб, мени қуёшда тик турган ҳолимда ташлаб қўйдилар. Уч кун шу алфозда қолдим. Охири, ҳеч нарсани эшитмай, кўрмай қолдим ва ҳушимни йўқотдим ...
Менга учинчи куни: Муҳаммаднинг динидан ва қилаётган ибодатларингдан воз кеч!– дедилар. Ичимда: Шояд булар менинг кўриш ва эшитиш қобилиятларимни йўқотиб, беҳуш бўлгунимча кўрсатган сабримни кўриб, инсофга келган бўлсалар. Шояд улар ўзларининг залолат ва бу қилмишларидан қайтиб Аллоҳнинг динига – мен ҳаловатини тотган динга қайтсалар,– дедим». Ҳа, бебаҳо гавҳар, бу саҳобия ўзини қийноқлардан қутқариб қолиш учун етарли бўлган дунё – молу мулкка эга бўлмасада, қувончи қалбларга аралашиб, Ғайблар Билимдони бўлган Аллоҳ муҳаббати билан тўлиб–тошган ИЙМОНга эга эди!! Ҳа, бу саҳобияни ҳаракатлантирган куч – ИЙМОН эди!! Ғузайя (разияллоҳу анҳо) сўзида давом этди: «Мен улар айтаётган гапларни сўзма-сўз эшита олмас эдим. Мен Аллоҳнинг битта эканида устивор эканимга ишора ўлароқ бармоғим билан осмонни кўрсатар эдим: У − биттадир!! Мени энг оғир қийноқларга солдилар. Шундай бўлсада, Аллоҳ таоло менга шу балолардан кейин Ўз лутфини насиб этди.. Ахир Аллоҳ таоло қуйидаги оятларни айтмаганмиди: «Албатта Биз, то сизларнинг орангиздаги (Бизнинг йўлимизда молу жонлари билан) жиҳод қилгувчи ва (яхши-ёмон кунларда) сабр қилгувчи зотларни билгунимизча ҳамда сизларнинг ҳоли-хабарларингизни текшириб — юзага чиқаргунимизча, сизларни имтиҳон қиламиз» (Муҳаммад: 31); «(Эй мўминлар), ёки Аллоҳ сизларнинг ичингиздан ким ҳақ йўлда курашган-у, ким сабр-тоқат қилганини мутлақо билмай туриб жаннатга кирамиз, деб ўйладингизми?!» (Оли Имрон: 142). Мен шу аҳволда турганимда кўксимга теккан пақирнинг совуқлигини ҳис этдим. Уни олиб бир қултум сув ичдим. Кейин у пақирни тортиб олинди. У кунлари кўзим кўр бўлишига қарамай, пақир ортидан қараб қолдим. У осмон билан ер ўртасида муаллақ турар эди. Қўлимни узатдим, бироқ етмади ... Кейин менга иккинчи марта пақирни узатилди. Яна бир қултум сув ичдим ... Кейин менга учинчи марта пақирни узатилди. Яна бир қултум сув ичдим ва чанқоғим босилди. Ортган сувни бошим, юзим ва кийимларим устидан қуйдим ... Эримнинг қариндошлари чиқиб менинг ҳолатимни кўрдилар ва: Ҳой Аллоҳнинг душмани, сенга сувни ким берди?– дедилар. Мен иззат ва сабот билан: Аллоҳнинг душмани – мендан бошқасидир!! Аллоҳнинг душмани – Аллоҳнинг динига мухолиф бўлган ва Унинг амрларига осий бўлгандир!! Сизлар ўрганмоқчи бўлган нарса – Аллоҳнинг менга берган ризқидир!! У Аллоҳки: «Ёки музтар-ночор одам дуо-илтижо қилган вақтида (дуосини) ижобат қиладиган» (Намл: 62) ва: «Бандаларим Сиздан (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мен ҳақимда сўрасалар. Мен уларга яқинман» (Бақара: 186) деган Зотдир. Мен яқинман ... Эшитиб, ижобат қиламан ... Узоқдагига ҳам, яқиндагига ҳам, дўстга ҳам, душманга ҳам ризқларини бераман ... Мен яқинман ... Музтарга ёрдам бераман, очни тўйдираман, чанқаганга сув бераман, эҳсонларимни узлуксиз давом эттираман ... Мен яқинман ... Атоларимиз берилажак, эзгуликларим эртаю кеч кезажак ... Дарвозам ҳар доим очиқ ... Мен – Ҳалим, Карим (жўмард) ва Кечиргувчиман ... Мен яқинман ... Мени денгизда ғарқ бўлаётган ҳам, саҳроларда адашган ҳам, деворлар ортида қамалган ҳам, ғорда қолиб кетган бандам ҳам чорлайди ... Мен яқинман ... Кушойишим бир лаҳзададир ... Ёрдамларим бир ондадир ... Енгилаётган Мени чорласа Ғолибга айланади ... Субҳонаҳу ва таоло!! У (гуноҳларни) кўрса яширади ... Билса кечиради ... Унга сиғинилса миннатдор бўлади!!!Унга озор берилса сабр қилади ... Ундан ўзга илоҳ йўқ! Субҳонаҳу ва таоло!! ... Мен: Сизлар ўрганмоқчи бўлган нарса Аллоҳ азза ва жалла томонидан келди. У: «музтар-ночор одам дуо-илтижо қилган вақтида (дуосини) ижобат қиладиган» (Намл: 62) Аллоҳнинг менга берган ризқидир,– дедим. Улар тўғри гапирганимни билиш учун дарҳол сув билан тўлдирилган осиғлиқ меш ва бошқа идишларига бориб қарадилар. Чунки меш ва идишлар олдида аниқ хабар бор эди!! Мешларнинг сувга тўла ва оғзи ечилмаганини кўрдилар ва менинг олдимга қайтиб келиб: Сенинг Роббинг бизнинг ҳам Роббимиз эканига, бундай ер ва бундай ҳолатда биз берган қийноқлардан кейин ҳам сенга ризқ берган Зот бу буюк динни машруълаштирган эканига гувоҳлик берамиз!– дедилар. У – ҳақиқий илоҳдир!! Сўнгра, улар ҳам Ислом динини қабул қилдилар ва ҳаммалари бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига ҳижрат этдилар ... Бу хотиннинг саботи, иззати ва қийинчиликлар олдидаги матонати туфайли одамлар Ислом динин қабул қилдилар ... Одамлар Ислом динин қабул қилдилар ... Чунки уларга ҳақиқат аён бўлди ... Бу – мўъминаларни қўзғалмас тоғдек қилган иймон ва устуворлик дарсидир. На таҳдид ва на қийноқлар уларни таъвиз беришга ундай олди ... Балки улар душманларнинг талабидан бош тортдилар, матонат ва устуворлик билан турдилар ... Билол ибн Рабоҳ (разияллоҳу анҳу) энг оғир қийноқларни бошидан кечирган ва унга: Сен бу қийноқларга қандай бардош бердинг!,– деб савол берилганида: Менга қийноқ аламларига иймон ҳаловати қориштириб берилган ва иймон ҳаловати ғолиб келганди,– деб жавоб берган эди ... Менга уларнинг сўзларин такрорла ҳар дам, Жилоласин моғор босган қалбларни бирам! «Саҳиҳ»да Анас разияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадиси нақл қилинган: «Уч нарса борки, улар кимда бўлса иймон ҳаловатини тотибди – бошқа ривоятда: иймон завқини тотибди:
– Аллоҳ ва Расули унга бошқалардан кўра севимлироқ бўлса; – одамни Аллоҳ учунгина севса; – Аллоҳ таоло қутқарганидан сўнгра куфрга қайтишни оловга отилишни ётирмагандек ёқтирмаса» ...
Сингилчам!
Иймон – орзу-умид ва безаниш билан эмас, қалбга ўрнашиши, уни тил талаффуз қилиши ва амал тасдиқлаши билан бўлади ... Иймон – тоат-ибодат билан кучаяди, гуноҳ-маъсият билан камаяди ... Ҳой, бебаҳо гавҳар! Илоҳ – бандалар муҳаббат ва ҳокисорлик, хавф ва умид, улуғлаш ва итоат билан сиғиниладиган ЗОТдир. Яъни У, қалблар суядиган ва олдида ҳокисор бўладиган тангридир. Ақллар Аллоҳнинг муҳаббатини одамлар муҳаббати, нафс, мол, оила, фарзанд ва бошқа барча нарсалардан устун қўйишга қатъий ҳукм қилади. Бу устунликка ундамаган ақлларга эътибор берилмайди!! Зеро ақл, фитрат ва дунёқарашнинг барчаси Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг муҳаббати, балки муҳаббатдаги тавҳидига чақиради ... Кўп айтиб ўтилганидек, пайғамбарлар ҳам фитрат ва ақллардаги бу нарсани устувор қилиш учун келганлар.
Рабб таоло ҳузуридан юборилган у пайғомлар, Ақлу фитрат хилқатига хўп ярашган эмасму? Кимнинг ақли бунга қилолмаса итоат Соғ ақллар бунга доим даъват этган эмасму? Жамолларнинг гўзали ёлғиз Аллоҳга лойиқ, Аллоҳимиз Китобида баён этган эмасму? Бунга мункир бўлган кимса, ақлингни йўқотдингми? Муваҳҳидман десангда, ҳолинг битган эмасму? Суй Аллоҳ таолони пинҳонаю ошкорада, Уни севмас одамларнинг ақли кетган эмасму? Уни суймак фитратингда яралмишдир, Касбинг-ла топай десанг, оёқ тойган эмасму? Аллоҳни рози қил қашшоқлигу боёнликда, Душманнинг макрини У кетказган эмасму?
Аллоҳнинг чўриси! Онажоним! Сингилчам! Садоқатли ва севимли саҳобиялар ҳақидаги ҳикоятларга қулоқ беринг ва: «Биз улар олдида киммиз?!»– дея ўзингизга савол бериб кўринг! Имом Бухорий ва Имом Муслимларнинг «Саҳиҳ»ларида Оиша разияллоҳу анҳодан ушбу ривоят бор: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадичага жаннатда қайғу ва шовқини бўлмаган марвариддан қурилган уйни башорат қилдилар» (Имом Бухорий: 3533, 3536, 5545)... Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳузуримга Жибрил келди ва: Ё Расулуллоҳ, Мана бу Хадича сизга идишда овқат ва ичадиган нарсалар олиб келаяпти. Агар келса унга Роббиси ва Менинг номимдан салом айтинг!,– деди» (Имом Бухорий: 3533, 3536, 5545) ... Аллоҳу акбар!!
Роббиси Хадичага салом айтибди!! ... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Муззаммил сурасида таҳажжуд намози ўқишга буюриб оятлар нозил қилганида, ота-онам фидо бўлсин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Хадича (разияллоҳу анҳо) ҳам таҳажжуд намози учун турар эди. Саҳобалар ҳам ўн икки ой муттасил таҳажжуд намози ўқидилар... Намоздаги қиёмнинг узунлигидан оёқлари шишиб кетди ... Аллоҳ таоло уларнинг садоқатини кўргач, енгиллик нозил қилди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), албатта Роббингиз сиз ва сиз билан бирга бўлган кишилардан иборат тоифа (яъни саҳобаларингиз гоҳо) кечанинг учдан иккисидан озроғида, (гоҳо) унинг ярмида ва (гоҳо) учдан бирида (бедор бўлиб, намозда) туришларингизни билади. Кеча ва кундуз (соатлари)ни Аллоҳ белгилар. У зот (фасллар ўзгариши билан кечалар ҳам узун-қисқа бўлиб туриши сабабли сизлар у кечаларда бедор бўлишларингиз лозим бўлган соатларнинг) саноғига ета олмасликларингизни билиб, сизларга қайта енгиллик берди.—Энди (кечалари намозларингизда) Қуръондан муяссар бўлган миқдорда ўқийверинглар» (Муззаммил: 20).
Ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадича (разияллоҳу анҳо) ҳақида: «У менга одамлар менга кофир бўлган кунари иймон келтирган, одамлар қувган куни менга паноҳ берган, одамлар рад этган куни мени тасдиқлаган, молларини одамлар молларини менга беришни ҳаром қилганларида берган эди»– демаганмиди?! Роббисининг унга салом айтиши беҳудага эмас эди ... Оиша разияллоҳу анҳога ҳам бир нигоҳ ташланг .. У – покдомонлиги етти қават Осмон устидан тасдиқланган Сиддиқа Сиддиқ қизидир ... Қосим (раҳимаҳуллоҳ) айтади: «Оиша (разияллоҳу анҳо) доим рўзадор юрар эди»– деди. Яна шундай деди: «Ҳар куни эрталаб Оиша разияллоҳу анҳонинг олдига борар ва унга салом берар эдим. Кунларнинг бирида борсам тик туриб тасбиҳ айтар ва: «Мана, Аллоҳ бизларга марҳамат кўргузди ва бизларни самумдан (яъни баданларни илма-тешик қилиб юборадиган жаҳаннамий шамолдан) сақлади. 28. Дарҳақиқат бизлар илгари (ҳаёти-дунёда) У зотга дуо-илтижо қилар эдик» (Тур: 27, 28) оятини ўқир эди. У дуо қилар, йиғлар ва яна ўша оятни такрорлар эди. Мен кута бошладим. Кута-кута зерикдим. Бозорга эҳтиёжларимни олиш учун кетдим. Қайтиб келсам Оиша разияллоҳу анҳо ҳануз жойидан жилмаган, намоз ўқир, йиғлар ва ҳалиги оятни такрорларди: «Мана, Аллоҳ бизларга марҳамат кўргузди ва бизларни самумдан (яъни баданларни илма-тешик қилиб юборадиган дўзахий шамолдан) сақлади. 28. Дарҳақиқат бизлар илгари (ҳаёти-дунёда) У зотга дуо-илтижо қилар эдик» (Тур: 27, 28)». Аллоҳ сизни ўз паноҳида асрасин, бу ривоят ҳақида ўйлаб кўринг. Оиша (разияллоҳу анҳо) кундузи бу бўлса, атрофни қоронғулик қоплаган пайтидаги ҳоли нима экан?! Модомики Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам обидларнинг саййиди эканлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тунлари, тундаги ибодатлари ва витрини жуда яхши билган Оишаи Сиддиқа (разияллоҳу анҳо) таҳажжуд ўқиган аёлларнинг саййидаси эдилар!! «Бас, ибодат-итоатли ва эрлари йўқлигида Аллоҳнинг ҳифзу ҳимояти билан (эрларининг мол-мулкларини ва ўз иффатларини) сақловчи хотинлар — яхши хотинлардир» (Нисо: 34). Форуқ – Умар ибн Хаттоб (разияллоҳу анҳу)нинг қизи Ҳафса (разияллоҳу анҳо)-чи?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жибрил (Менга): Ҳафсани қайта никоҳингизга олинг! Чунки у кўп рўза тутадиган ва кўп қиёмда турадиган (аёл)дир»– деди» (Ҳоким: 4/15, Табароний: 18/934). Нофеъ (разияллоҳу анҳу): «Ҳафса (разияллоҳу анҳо) вафот этгунича рўза тутишни қўймади»– деди.
Сингилчам!
Умрнинг у бурчагида лаҳад турганини билган одам, ҳаётини бешикни пардозлаш билангина ўтказмайди!! Шу ерда бир савол бермоқчиман: Чимилдиққа кирилган илк кечада нима қиласиз?Гапларимга яхшилаб қулоқ солинг ва: «Дарҳақиқат, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бордир» (Юсуф: 111), денг. Муоза Адавийя (раҳимаҳаллоҳ) Сила ибн Ушайм (раҳимаҳуллоҳ)га узатилаётганида, жияни Силани ҳаммомга олиб борди. Кейин атирлар уфуриб турган уйдаги келин олдига киритди. У тонг отгунича намоз ўқиб чиқди. Муоза эса унга иқтидо қилган эди. Эрталаб жияни унга бу қилган иши сабабли дашном берди. Сила (раҳимаҳуллоҳ) эса бундай деди: «Аввал мени киргизган жойинг (ҳаммом) менга жаҳаннамни эслатди. Кейин киргизган жойинг (чимилдиқ) эса жаннатни эслатди. Мен жаннат ҳақида тонггача ўйлаб чиқдим!!». Барака топсинлар!! Уларнинг ҳимматлари нақадар буюкмиш! Уларнинг бу ишларини қайси сўзлар билан ифодалаш мумкин!! Аёл киши «чимилдиқ» кечасини ибодат билан ўтказишга сабабчи бўлибди ... Бизга замондош аёлларга нима бўлди?!! Йўқ, замондошимиз бўлган эркакларга нима бўлди?!! Кўзларимга чодирлари ўша чодиру, Аёллари бошқа аёлларга ўхшайди ...
Муоза (разияллоҳу анҳо) тонг отса: «Бу – мен ўладиган кун», кеч кирса: «Бу – мен ўладиган кеча»– дер ва тонггача ухламас эди. Унинг турмуш ўртоғи ва ўғлининг Ислом ғазотларидан бирида иштирок этиб, ҳалок бўлганининг хабари етиб келди. Бу жуда оғир мусибат бўлиб кўринсада, мўъминалар учун оғир эмасдир ... Келинг, Собит Баноний (раҳимаҳуллоҳ)нинг ушбу ривоятини ўқийлик: «Муозанинг олдига ҳамдардлик билдириб, аёллар кириб келдилар. Уларни дарвозаси олдида кутиб олган Муоза: Агар мени табриклаш учун келган бўлсангизлар, хуш келибсизлар! Агар бошқа нарса учун келган бўлсангизлар, келган жойларингизга қайтаверинглар!,– деди». Аллоҳу акбар! Муоза барака топсин! Бу тақводор аёл хотин-қизларнинг қайси тоифасидан экан-а?! Унинг ишларига ҳайратланманг! Чунки у – мўъминалар онаси Оиша разияллоҳу анҳонинг ўқувчисидир!! Ҳой Жарир, ундайларни чақиргин Майдонга бел боғлаб чиқа олишса! Ҳасан (раҳимаҳуллоҳ) айтди: «Муозанинг турмуш ўртоғи вафот этгач, кечалари мижжа қоқмай чикарди. У сутдош синглисига: Қизалоғим, менинг лаззатли маишат ёки мулойим шаббодаси учун бу дунёда қолишга муҳаббатим йўқ. Аллоҳга қасамки, мен Роббимга (шаръий) василалар билан яқинлашиб, боқийликни хоҳлайман! Шояд Роббим мени Абу Саҳбоъ ва фарзанди билан бирга қилар,– деди». Машҳур обида аёллардан бири бўлган Уфайра (раҳимаҳуллоҳ) ривоят қилади: «Муоза (раҳимаҳаллоҳ) ўлими олдидан йиғлади ва кулиб юборди. Ундан: Нега йиғладингиз ва нега кулдингиз?,– деб сўралганида: Сиз кўрган йиғи – рўза, намоз ва зикрдан айрилиб қолаётганим учун эди!! Табассумим ва кулгум эса, эгнига яшил ипак сарупони кийиб олган Абу Саҳбони ҳаётимда ўхшашини кўрмаганим бир гуруҳ ичида, ҳовлининг ўртасида кўрдим. Мен унга қараб, у эса менга қараб кулди. Менимча, сизлар билан бирга бошқа фарз намозини ўқий олмайман шекилли,– деди. (Ҳақиқатан ҳам) у, келгуси намознинг вақти кирмай туриб вафот этди».
Субҳоналлоҳ! У йиғлабди. Лекин, нима учун? ... Намоз, рўза ва зикрдан айрилаётгани учун!! Ҳой, бебаҳо гавҳар! Сиз нима учун йиғлаяпсиз? Сиз нима учун қайғураяпсиз?! Бу бебаҳо жолалар нега тўкилаяпти?! Уларни кимлар учун тўкаяпсиз?! Ўлсалар ҳам доимо яшамоқдалар, Яшаган кунларин айлашиб байрам, Байрам ўша байрам, вақт ўша вақт, Биз–чи, тирик шаклида ўликмиз ҳар дам!
Сингилчам, иймоннинг илк аломати – Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни суюшдир. Бу муҳаббатни иддао қилган одамлар кўпайганида, бу иддаонинг тўғрилигини исботлаб бериш учун ҳужжат талаб қилинди. Аллоҳ таоло айтди: «Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади» (Оли Имрон: 31). Натижада, кўпчиликнинг иддаоси пуч чиқди ... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга амаллари, сўзлари ва аҳлоқида издош бўла олганларгина устувор қола олдилар ... Барака топинг, «Ла илаҳа иллоҳ» (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир) деб гувоҳлик беришнинг тақозоси ва шартларидан бири бўлган бу муҳаббат ҳақида салафлар нима деганига бир қулоқ беринг!
Абдуллоҳ Қураший (раҳимаҳуллоҳ): «Муҳаббат – борлиғингни суйган Зотга беришинг ва ундан бирон нарсани ўзингга олиб қолмаслигингдир»– деди. Унинг сўзларининг маъноси: хоҳишингиз, азмингиз, ишларингиз, нафсингиз, сарватингиз ва вақтингизни суйган зотингизга беришингиз, унинг розилиги ва суйган нарсалари йўлида вақф этишингиз, ундан, У зот берган нарсадан бошқа бирон нарсани ўзингиз учун олиб қолмаслигингиздир. Ундан, унинг учунгина оласиз. Баъзилар: «Муҳаббат – жўшиб турган қалб билан мудом мойил бўлишдир»,– дедилар. Баъзилар: «Муҳаббат – эгалик қилган барча нарса устидан маҳбубни афзал кўришдир»,– дедилар. Бу бобда айтилган сўзларнинг энг чиройлиси Абу Бакр Каттоний (раҳимаҳуллоҳ) қилган ривоятдир. У айтди: «Аллоҳ азиз қилсин, Маккада ҳаж мавсумида муҳаббат ҳақида масъала бўлиб қолди. Катта устозлар – шайхлар муҳаббат ҳақида гапирдилар. Жунайд (раҳимаҳуллоҳ) улар ичида энг кичиги эди. Шайхлар унга ҳам: Ҳой ироқлик, қани, сен ҳам бирон нарса де?,– деб қолишди. У бошини қимирлатди. Кўзларидан ёшлар оқа бошлади ва айтди: Ошиқ:
– Ўзидан кетган ... – Роббисининг зикридан айрилмаган ... – Роббисининг ҳақларини адо этган ... – Роббисига қалби билан боққан ... – гапирса – Аллоҳ билан ва Аллоҳдан гапирган ... – ҳаракат қилса – Аллоҳнинг амри билан ҳаракат қилган ... – сокин бўлса – Аллоҳ билан сокин бўлган одамдир.
У – Аллоҳнинг ёрдами билан, Аллоҳ учун ва Аллоҳ билан бирга бўлади ... Устозлар ҳам йиғлаб юбордилар ва: Бундан ортиқча бўлмайди?,– дедилар». Садоқатли ошиқ гапирса – Аллоҳ учун гапиради ... Сукут қилса – Аллоҳ учун сукут қилади ... Берса – Аллоҳ учун беради ... Манъ қилса – Аллоҳ учун манъ қилади ... «У – Аллоҳнинг ёрдами билан, Аллоҳ учун ва Аллоҳ билан бирга бўлади ... Устозлар ҳам йиғлаб юбордилар ва: Бундан ортиқча бўлмайди?,– дедилар». Ибн Қоййим (раҳимаҳуллоҳ) Аллоҳ таолонинг муҳаббатига олиб борадиган ўнта нарсани санаб ўтди: «Биринчи: Қуръонни тафаккур, маъно ва маънодаги мақсадларни тушуниш билан ўқиш; Иккинчи: Аллоҳ таолога фарзлардан ташқари нафл ибодатлар билан ҳам яқин бўлиш; Учинчи: Қалб ва тил билан мудом зикрда бўлиш; Тўртинчи: Аллоҳ суйган нарсаларни ўзи суйган нарсалардан афзал кўриш; Бешинчи: Қалбнинг Аллоҳ таолонинг исм ва сифатларини ҳис этиши; Олтинчи: Аллоҳ таоло берган ботиний ва зоҳирий неъмат ва атоларини мушоҳада этиш; Еттинчи: Қалбнинг бутунлай Аллоҳ таоло ҳузурида ҳокисор бўлиши. Бу – санаб ўтилганларнинг энг ажойибидир. Саккизинчи: Аллоҳ таолонинг қуйи осмонга тушган пайтларида У билан муножот қилиш, Қуръонни ўқиш ва қалб билан танҳо қолиш ҳамда Аллоҳ даргоҳида бандалик одоби билан туриш; Тўққизиничи: садоқатли ошиқлар билан суҳбатдош бўлиш, уларнинг суҳбатларидан худди ширин меваларни танлаб олинганидек, ҳикмат дурдоналарини шодалаш; Ўнинчи: қалб билан Аллоҳ ўртасига тўғаноқ бўладиган барча нарсалардан қочиш».... Мен у обидалар ҳаётидан яна мисоллар келтираман ... Сиз: «Биз улар олдида киммиз?» дея такрорлаб, ўзингизни сўроқланг ... Ҳой, бебаҳо гавҳар бўлган она ва сингил! Бугун фарзандларимизни қандай тарбия қилаяпмиз?! Улар учун қандай орзулар қилмоқдамиз?! Ахир Аллоҳ таоло: «Аллоҳ сизларга фарзандаларингиз ҳақида амр қилади» (Нисо: 11) демаганми?! Эътибор берган бўлсангиз, Аллоҳ таоло болаларга оталар ҳақида васият қилишдан илгари, оталарга фарзандлар ҳақида васият қилди. Фалокат қай даражага етганини кўриш учун атрофингиздаги болалар ҳаётига ва у солиҳалар фарзандларига қандай тарбия берганликлари, нималарга ўргатиб, қандай мақсадлар учун уларни тайёрлашганига бир нигоҳ ташланг!! Қулоқларингизни очишдан илгари қалбингизни очиб, гапларимга қулоқ беринг ... Тарих китобларида ушбу сатрлар ёзилган ... Умму Иброҳим Ҳошимийя раҳимаҳаллоҳ Басра шаҳридаги кўп обида аёллардан бири эди. Душман мусулмонлар сарҳадига тажовузкорона ҳужум қилгач, одамларни ғазотга сафарбар қилинди. Абдулвоҳид ибн Зайд Басрий одамларга хутба қилиб, уларни ғазот қилишга рағбатлантирди. Умму Иброҳим ҳам хутбани тинглаганлар орасида эди. Абдулвоҳид сўзамоллик билан хутбасида давом этар экан, ҳури айнларни тавсифлади. Улар ҳақида айтилган хабарларни тилга олди ва ушбу шеърни ўқиди:
Сертабассум ишвалидир, ҳар гўзаллик унда жо, Юзлари порлар доим, оҳу кўзлари шаҳло. Баданлари ипак мисол, мулойимдир ҳар қачон, Чиройини мақташ учун сўз топилмас ҳар замон. Юзларидан уфуради атирларнинг хушбўйи, Унга боқсанг малак каби, оздиради хушрўйи.
Одамлар бу шеърдан таъсирланиб, бир-бирларини босиб кетадиган даражада жунбушга келдилар. Умму Иброҳим одамлар орасидан сиқилиб чиқди ва Абдулвоҳидга қарата: Ҳой Абу Убайд, ўғлим Иброҳимни танийсизми? Шаҳардаги боёнлар унга қизларини бериш учун беллашмоқдалар. Мен эса уларга ўғлимни лойиқ кўрмаяпман. Аллоҳга қасамки, сиз таърифлаган қиз менга ёқиб қолди. Мен уни ўғлимга қайлиқ қилмоқчиман! Шу, унинг гўзаллиги ва жамолини яна бир марта айтиб бермайсизми?,– деди ... Абдулвоҳид ҳурларни тавсифлар экар, яна бир шеър ўқиди:
Зиё ўз нурини олар ҳурнинг юзидан Ковуш ила босса тошлар устига. Гар истасанг сўлагидан шода қил. Ажратасан тупурса денгиз сувига. Хушбўйнинг уфори атирларга қоришса, Ёмғирсиз ўт чиқарар ерлар устига. Яшил райҳон шохлари етарлидир, Денгиз суви саҳройининг уйига.
Одамлар аввалгидан кўра қаттиқроқ ҳаракат қила бошладилар ... Иброҳимнинг онаси ўрнидан турди ва Абдулвоҳидга қарата: Ҳой Абу Убайд, Аллоҳга қасамки, у қиз менга маъқул келди. Мен уни ўғлимга қайлиқ қилиб оламан! Уни менинг ўғлимга берасизми? Мен унга маҳр ўлароқ ўн минг динор бераман! Ўғлим бу ғазотга сиз билан бирга чиқади. Шояд Аллоҳ таоло унга шаҳидликни насиб этса, мен ва отасига Қиёмат кунида шафоатгўй бўлар,– деди. Абдулвоҳид: Аллоҳга қасамки, агар шундай қилсангиз сиз ҳам, фарзандингиз ҳам ва отаси ҳам рози бўласизлар,– деди. Умму Иброҳим: Ҳой, Иброҳим!, дея ўғлини чақирди. Одамлар орасидан бир киши ўрнидан турди ва: Лаббай, онажон!,– деди. – Ўғилгинам, жонингни Аллоҳ йўлида қурбон қилиш ва гуноҳларга қайта қайтмаслик билан шу қизни ўзингга жуфти ҳалол ўлароқ қабул қилишга розимисан?! – Ҳа, Аллоҳга қасамки, розиман. Онажон, Аллоҳга қасамки, юракдан розиман. – Аллоҳим, Ўзинг гувоҳ бўлки, мен шу ўғлимни ўша қизга уйлантирдим! Ҳой раҳмлилар раҳмлиси, мендан бу совғани қабул айла! Бу гапларни айтгач, она уйига кетди ва уйидан ўн минг динорни олиб келиб: Ҳой, Абу Убайд! Бу – келиннинг маҳри. Бунга ўзингга қуроллар ол ва жангчиларни Аллоҳ йўлида қуроллантир!,– деди-да, қайтиб кетди ва ўғлига от ва қурол яроғ сотиб олди. Абдулвоҳид ғазотга чиққач, ёши кичик бўлишига қарамай Иброҳим ҳам жангчилар ичида югуриб кета бошлади. Уларнинг атрофидаги қорилар: «Албатта, Аллоҳ мўминларнинг жонларини ва молларини улардан жаннат баробарига сотиб олди» (Тавба: 111) оятини ўқир эдилар. Онаси Иброҳим билан хайрлашар экан кафанлик ва хушбўй солинган халтача берди ва: Ўғилгинам! Душманга дуч келмоқчи бўлганингда шу матоҳ билан кафанлан ва шу хушбўйдан қўйиб ол. Аллоҳ сени Аллоҳ йўлида камчиликка йўл қўйган пайтингда кўришидан сақлан!,– деб ўғлини бағрига босди ва пешонасидан ўпди-да: Ўғилчам, Аллоҳ мен билан сени Қиёмат куни Ўз ҳузурида – маҳшарда бирга қилсин!,– деди. Абдулвоҳид шундай ривоят қилади: Биз ёғий тупроқларига етиб бордик. Одамлар жангга кирдилар. Иброҳим олдинги бўлинмада эди. У савлат тўкиб ҳамла қилар, чекинар ва яна олға босар эди. Гоҳ ўнг, гоҳ чап қанотда жанг қилиб кўплаб душманни тор-мор қилди. Охири унга ҳам бир қанча душман ҳамла қилиб, ҳалок қилдилар. Басрага қайтиш чоғида шерикларимга: Иброҳимнинг онасига боласининг бошига етган нарсалардан хабар берманглар. Мен ўзим унга учраб, савобларини кетказадиган дод-вой солмаслиги учун кўнглини олиб, таъзия билдираман,– дедим. Басрага етиб келганимизда бизни кутиб олиш учун одамлар чиқиб кела бошладилар. Улар ичида Иброҳимнинг онаси ҳам бор эди. У мени кўриши биланоқ: Ҳой, Абу Убайд! Мендан совғам қабул бўлдимики қувонай, ёки рад этилдими куюнай?!,– деб қолди. Мен унга: Аллоҳга қасамки, совғангиз қабул бўлди! Иброҳим ҳозир ҳаёт, иншааллоҳ, шаҳидлар билан бирга ризқланмоқда– дедим. Умму Иброҳим Аллоҳга шукроналар қилиб саждага йиқилди ва: Алҳамдулиллаҳ! Менинг орзуларимни пучга чиқармай, совғаларимни қабул қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!,– деб қайтиб кетди. Умму Иброҳим эртаси куни масжидга келди ва: Ассалому алайкум, ҳой Абу Убайд! Менга суюнчи беринг! Менга суюнчи беринг!,– деди. Мен: Яна яхшиликдан башорат бераяпсизми?!,– дедим. Умму Иброҳим айтди: Кеча тушимда ўғлим Иброҳимни кўрибман. У ям-яшил бўстон ичида, яшил гумбаз остида, марвариддан ясалган сўрида бошига тож кийиб турар эди. У менга: Онажон, суюнчи беринг! Чунки маҳр қабул бўлди ва қайлиқни олдим! Онажон, суюнчи беринг! Маҳр қабул бўлди ва қайлиқни олдим!,– деди ... Синглим, ҳой бебаҳо гавҳар! Қаранг, муслима аёл қаҳрамонларни тарбиялашда қандай ҳиссалар қўшиши мумкин. Муслима аёлнинг ҳимматига қаранг ... Унинг ҳиммати – қиймати нақадар қимматбаҳо бўлса ҳам Ислом ва мусулмонларнинг ғалабасидир ... Сиз муслима аёл салоҳиятли бўлса, адо этишга қодир бўлган буюк ролга қаранг ... Бугун Ислом Уммати ўз фарзандларига кўкрак сути билан бирга Ислом севгиси ва Ислом йўлидаги фидоийликни ҳам ўргатадиган мана шундай оналарга муҳтождир ... Сиз ўша аёл бўла оласизми?! ... Тоғларнинг чўққисига чиқишдан қўрққан одам, чуқурликлар тубида яшашга маҳкумдир ... Ҳа, жуда ҳам кўпчилик Аллоҳга бўлган муҳаббатни иддао этади ... Бироқ мусибат ва қайғуларда, ҳолат ва қийинчиликларда содиқ ва содиқалар билан каззоб ва каззобалар ўртасида катта фарқ бор ... Бундай пайтларда эркаклар ва аёлларнинг ички дунёлари очиқ-равшан кўринади ... Уҳуд жанги асносида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўлдирилгани ҳақидаги хабар шамолдек ёйилган эди. Одамлар жанг майдонидан қайтаётган аскарларни кутиб олгани чиқдилар. Ҳамма ўша кунги аниқ хабарни олиш учун сўроқларди. Улар орасида ансорлардан бўлган бир аёл ҳам бор эди ... У ҳам аскарларни кутиб олиш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида хотиржам бўлиш учун чиққан эди ... Унга: Отангиз вафот этди, дейилди. Истиржоъ айтиб: Иннаа лиллааҳ ва иннаа илайҳи рожиъувн!! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нима қилди? – деди. Унга: Отангиз вафот этди, дейилди. Истиржоъ айтиб: Иннаа лиллааҳ ва иннаа илайҳи рожиъувн!! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нима қилди? – деди. Унга умр йўлдошингиз вафот этди, дейилди. Истиржоъ айтиб: Иннаа лиллааҳ ва иннаа илайҳи рожиъувн!! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нима қилди? – деди. Унга акангиз вафот этди, дейилди. Истиржоъ айтиб: Иннаа лиллааҳ ва иннаа илайҳи рожиъувн!! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нима қилди? – деди. Унга: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳволи яхши, дейилгач: Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўз кўзларим билан кўрмагунча на таскин топаман ва на ишонаман!,– деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўргач йиғлади ва кулди. Табассум билан боқиб: Ё Расулуллоҳ! Сиздан кейинги барча мусибат – катта мусибатдир! Ё Расулуллоҳ, сиздан бошқа йўқотишлар – енгилдир!,– деди. Синглим, сиз шундай муҳаббатни кўрганмисиз?! ... Тасаввурида отаси, акаси ва умр йўлдошининг муҳаббати енгил бўлиб қолган бирон аёлни кўрганмисиз?!! ... Бу – Аллоҳ ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун бўлган чин севгидир!! ... Ахир у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қандай севмасин?! Ахир Аллоҳ таоло уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам воситасида зулматдан нурга, куфрдан иймонга, гумроҳликдан илмга, залолатдан ҳидоятга, бахтиқароликдан саодатга, жаҳаннамдан жаннатга чиқармадими?! ... Биламан, сиз ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни севасиз ... Лекин сизнинг бу муҳаббатга ҳужжатингиз борми?! ... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига эргашдингизми?! ... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам турмуш тарзини ҳаётингизга ўрнак ўлароқ олдингизми?! ... Бир кеча ва кундузда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг исмларини неча марта тилга олиб, неча марта салавоту саломлар йўллайсиз?! ... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг нечта ҳадисини ёд олгансиз?! ... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таржимаи ҳолларини биласизми?! ... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъқилаган нарсалардан қанчалар узоқдасиз?! ... Сиз нима қила олдингиз?! ... Ислом динига ёрдам бериш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг чақириқларига чорлаш учун қанча кучингизни сарф эта олдингиз?! ... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бировингиз унга фарзанди, ота(-она)си ва одамлардан кўра севимлироқ бўлмагунимча мўъмин бўла олмайди»– деганлар.
Ҳар нарсани унутдик, сизга қўйиб кўп муҳаббат. Одамлар дунёга муккасидан кетди, абадулабад. Кўрмасакда сизларни бордир муҳаббат шавқи, Шу сабаб тақдилар бўйнимизга маломат тавқи. Бу дунёда кўришиш келтирса кўплаб иззат, Кўрмасакда, севгимизга топилмайди ҳеч қиймат. Валлоҳи, сизлардан сўнг тасалли йўқ ҳаётда Не бўларкан, гар кўришсак бу ҳаётда бир марта. Бу шараф чун бизни қилмоқдалар кўп маломат. Маҳшар куни бир кўриш, кифоядир, доим албат!
Сўнг ...
Мен сизга сифат ва хислатни ўз ичига олган бир хабарни бермоқчиман. Агар уни олиб, татбиқ қилсангиз барча ишларингиз тузалади ... Имрон ибн Ҳусойн (разияллоҳу анҳу) айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳаё – барча яхшиликларни жалб қилади»,– дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари). Бу икки имом Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳунинг ушбу сўзларини ҳам нақл қилдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чимилдиқдаги бокира қиздан ҳам уятчан эдилар. Бирон нарсани ёқтирмаганларини юзларидан ўқир эдик». Имом Бухорий (раҳимаҳуллоҳ) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Одамлар ўрганган илк пайғамбарлик каломи: Уялмасанг хоҳлаган нарсангни қилавер!»– бўлган эди» ҳадисини нақл қилган. Жунайд (раҳимаҳуллоҳ) айтди: «Неъматларни ва ибодатдаги камчиликларни кўра олиш ўртасидаги ҳолат – ҳаёдир. Яралиш табиати қабоҳатларни тарк этишга ундаб, ҳақдорнинг ҳаққини адо этишда лоқайд бўлишни манъ қилади». Сурий Сиқтий айтди: «Ҳаё ва унсият қалбга йўл олиб, унда зоҳидлик ва тақвони топа олмаса, орқаларига қайтишади». Биров: «Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳ таолонинг қалбимга унда Аллоҳдан бошқаси бўлганида нигоҳ ташлашидан уяламан»– деди. Фузайл ибн Иёз (раҳимаҳуллоҳ) айтди: «Беш нарса бахтиқаролик аломатидандир: шафқатсизлик, кўз тикиш, ҳаёнинг озлиги, дунёга рағбат қилиш ва узун орзулар». Яҳё ибн Муоз (раҳимаҳуллоҳ) айтди: «Аллоҳдан итоат қила туриб ҳаё қилган одамдан, Аллоҳ таоло гуноҳ қилаётганида уялади». Ибн Қоййим (раҳимаҳуллоҳ) айтди: «Ҳаёсиз одамнинг инсонлигидан гўшт ва қондан бошқа нарсаси қолмайди. Бу иккиси инсоннинг зоҳирий кўринишигина бўлиб, ундан ҳеч хайр келмайди». Ибн Аббос (разияллоҳу анҳу) айтди: «Одамлардан уялмаган одам, Аллоҳдан ҳаё қилмайди». Умар ибн Абдулазиз (разияллоҳу анҳу)га: «Агар ҳаё кетса диннинг ярми кетади»,– дейилганида: «Йўқ, диннинг ҳаммаси кетади»– деган эди. Синглим, ҳаёнинг эркакларда бўлиши гўзал экан, хотин-қизларда бўлиши яна ҳам гўзал ва зийнатлидир. Аллоҳга қасамки, аёл ҳаёсини йўқотса, Ернинг ости устидан кўра яхшироқдир!! Шоир айтади: Тунларнинг оқибатидан қўрқмасанг, дўстим!
Аллоҳга қасамки, ҳаётда йўқ яхшилик. Эркак яшар, мудом бордир ҳаёси Уялмасанг қилавер истаганинг ёмонлик. Ҳаё кетса кетар қайтмас дунё ҳам, Пўстлоқ қолса, новда топар омонлик!
Башарият аёлларининг саййидаси бўлмиш Фотима Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиз
|