2007 йилги Осиё Кубоги гуруҳ босқичида ҳам Хитой терма жамоасига қарши майдонга тушган эдик. Худди бугунгидек ўшанда ҳам улар билан сўнгги турда тўқнашгандик. 2007 йилги Рауф Инилеев шогирдларига, кейинги босқичга чиқиш учун фақат ва фақат ғалаба керак эди. Вадим Абрамов жамоаси эса,шундай вариантлар ҳам бор эди, мағлубиятга учраса ҳам кейинги босқичга чиқа оларди. Фақат керакли ҳисобда мағлубиятга учраса бўлди эди.
Бу ўйин икки жамоанинг ўзаро ўйинлари тарихидан ташқари, унга тайинланган ҳакамлари билан ҳам қизиқ эди. ОФК бу ишни билиб қилганми, йўқми, аниғини билмадикку-я, уммонлик Абдуллоҳ ал-Ҳилолий Хитой Ўзбекистон учрашуви бош ҳаками этиб тайинланди. Ғалати томони шундаки, унинг ёрдамчиларидан бири ЖЧ-2010 вақтида ўзбекистонлик Равшан Эрматовга ёрдам берган қирғизистонлик Баҳодир Қўчқоров эди. Буни нимаси ғалати экан?, деяпсизми? Ғалати жойини кўрмаган бўлсангиз, унда мен ҳам ўша ғалати нарсани кўрмадим, деб ҳисоблаймиз. Шунчаки, у учрашув бош ҳаками ва унинг иккинчи ёрдамчисидан ҳам кўпроқ кўрсатилганини айтиб қўймоқчиман. Ёки менга шундай туюлдимикин?..
Хитой терма жамоаси бир киши кам бўлиб қолган Кувайтни пойинтар-сойинтар голлар билан мағлуб этганига Қатар билан ўйинда деярли ҳеч нима қила олмаганидан сўнг амин бўлгандек эдик. Йўқ, бу пойинтар-сойинтар голлар аслида ҳеч қандай тасодифлар эмас экан. Хитой шундай гол уришни машқ қилиб келган экан. Аслида ҳисобни биз биринчи бўлиб очишимиз мумкин эди, бунга жуда ҳам яқин эдик. 2-дақиқадаёқ Сервер Жепаров чап қанотдан Темур Кападзени олдинга чиқарди, Бунёдкор ярим ҳимоячиси эса тўпни рақиб жарима майдончаси ичига узатди. Вакилларимизнинг нисбатан тезкор бу ҳужумини Максим Шацких гол билан якунлаши мумкин эди, бу ҳужумни гол билан тугатиш қийшиқ зарбани беришдан кўра осонроқ эди, назаримда. Йўқ, канонир ҳужумчимизга менга қийинроқ кўринган ишни осонроқ бажарди дарвозагача беш метр масофадан тўпни осмонга тепиб юборди...
Сен урмасанг, сенга уришади, деган яхши бир мақол борлигини яхши биламиз. Бу мақол бекорчиликдан ўйлаб топилмагани ҳам аниқ, бунга ҳам кўп бора амин бўлганмиз. Аммо мен бу мақол бунчалик тез ишлаб кетганини кўрмагандим. Камида икки-учта вазиятни мазза қилиб кўкка совурганимиздан сўнг бу машҳур мақол эринибгина ўзини кўрсатарди. Йўқ, хитойликлар кўп кута олишмади. 5-дақиқада Анзур Исмоилов ўз жарима майдончамизга яқин жойда хитойлик футболчини қўполлик билан тўхтатиб қолди. Жарима тўпи эса жуда хавфли чиқди жаримадан узатилган тўпни Ли Цзюпенг боши билан Нестеров дарвозаси томон йўллади. Игнатий тўпни зўрға майдондан ташқарига чиқариб юборди. Хитойликлар бурчак тўпини жаримадан ҳам тезроқ амалга оширишди. То Карпенко ортига ўгирилиб, жамоадошларига кўрсатма бергунича, Янг Хао тўпни жарима майдончаси томон узатиб бўлганди. Вакилларимиз дарвоза устунларини ҳимоя қилишга шай туришган бир вақтда, тўп очиқ қолиб кетган Ю Хайнинг бошидан, Одил Аҳмедовнинг елкасига тегиб, Нестеров дарвозасига тушиб бўлганди. Кичкинагина шок, шундай эмасми? Ҳар ҳолда бунақасини кутмагандик, худди ҳимоячиларимиз каби.
Вадим Абрамовни олқишласак арзийди. Одил Аҳмедовга ўхшаган ўйинни ташкил қилувчи футболчини марказий ҳимояга қўйиб, бир томондан ҳимояни мустаҳкамлади. Бошқа бир томондан 9-рақам эгаси ҳимояда доим туриб қолаётгани йўқ. Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганларидек имконият бўлди дегунча олдинга ўтиб кетмоқда, ўтиб кетмоқда. Бир марта ўтиб кетгани қандай якунланганини кўрдик Қатар терма жамоаси дарвозабони Қосим Бурҳон у голни ҳали ҳам тушларида кўриб чиқаётган бўлса, ажабмас. Одилнинг, устозларимиз томонидан золотой дея таърифланган бу сафарги голи атиги икки метрлар масофадан дарвоза томон йўлланди, аммо зарбагача бўлган йўл кўзни қувнатади. Тўп Одилда, у қанотдаги Андреевга оширди. Андреев олдинга ўта билмай, тўпни Аҳмедовнинг ўзига қайтариб берди. Одил энди марказроқдаги сардор Жепаровга оширди. Жепаров қайтариб берармиди? Йўқ. Одил қараб турармиди? Йўқ. Сервер иккита хитойликни ортидан эргаштириб, ўйиндан ташқари ҳолатда турган Олим Навкаровни тўп таъминлоқчидек ҳаракат қилди, тўпни оширди ҳам. Йўқ, тўп Новкаровга эмас, орқада қараб қолиб кетмаган Аҳмедовга оширилганди. Хитойликларни қолдириб доғда Одилжон Аҳмедов мусобақадаги иккинчи голни ўз ҳисобига ёзиб қўйди.
Вакилларимизда Хитой дарвозасини ишғол қилиш учун бундан бошқа вазиятлар ҳам бўлди. Аммо Хитойнинг деярли ҳар бир қарши ҳужуми бошимизни чангаллашга мажбур қилганини ҳисобга олсак, йўқ, у вазиятлар ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Биринчи бўлимда терма жамоамиз ҳимояси, русчасига айтадиган бўлсак, агар бўлганида, Проходной Двор фахрий совринини бемалол қўлга киритган бўларди. Хитой терма жамоаси сардори Ду Вэй ўйиндан олдин ўз фикрларини билдираркан, биз Ўзбекистон дарвозасига иккита гол ура оламиз, деган экан. Кўринишидан, хитойлик футболчи ҳимоямизнинг шунақа расво ўйнашини олдиндан билган бўлса керак. Хитойликларнинг бўйи паст деймиз, қайда! Голни бош билан уришди, бош билан йўллаган кейинги зарбалари ҳам Нестеровни қанотсиз парвоз қилишга мажбур қилди. Ерлатиб йўлланган зарбалар ҳам Нестеровгача бемалол етиб борганини ҳисобга олсак, Анзур Исмоилов ва Ко рақибларни қўполлик билан тўхтатиб қолишдан ташқари бошқа жиҳатлар устида ҳали ишлашлари кераклигин кўрсатиб қўйди.
Нестеров ҳам одам ва бирда бўлмаса, бошқасида у ҳам голдан сақлаб қола билмаслиги мумкинлигини Хитойга қарши ўйинда ҳам билиб олдик. Анзур Исмоилов, салкам икки йил аввалгидек, Баҳрайн билан ўйин эсингиздами, ўз жарима майдончамизга яқин жойда хитойлик футболчини чалиб йиқитди. Нестеров жонли деворни ўрнатди... Мен ЖЧ-2010дан аввал Франция ва Хитой терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашувини кўргандим, ўшанда хитойликлар жарима тўпидан киритилган гол эвазига 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишганди... Хао Цзунмин ўша Франция терма жамоасига урилган голнинг, деярли нусхасини бўлмаса ҳам, ундан ҳам чиройлироқ қилиб такрорлаб берди. Майдоннинг ўнг томонидан Нестеровнинг ўнг бурчагини аниқ нишонга олиш Маҳмуд Абдулраҳмон ҳам бунақасини орзу қилса керак...
Хаонинг бу голигача Абрамов шогирдлари Гейнрихнинг бундан ҳам гўзал, ақлбовар қилмас голи сабаб ҳисобда олдинга чиқиб олишганди. Гейнрих бу голни урганидан 15 сония ўтмай яқин бир дўстимдан: Фантастика!, деб ёзилган смс олдим. Пахтакор ҳужумчисининг голига бундан ортиқ таъриф бериб бўлмайди... Сашанинг Ал Иттифоққа урган голини эслайсизми? У ўйинда жаримадан гол урганди. Бу сафар эса ўша голнинг ўйиндан киритилган вариантини намойиш этди. Эҳ, бунақанги супер-мупер голдан сўнг самолёт бўлиб учсанг ҳам арзийди!..
Ўйин 2:2 ҳисобида якунига етди. Биз, худди 2004 йили Хитойда бўлиб ўтган мусобақадагидек, гуруҳда биринчи ўринни қўлга киритиб, кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритдик. О, бу билан Сизни табриклайман! Яна бир нарса билан Сизни табриклайман: сўнгги учрашувни мана шунақа Хитой терма жамоасига қарши ўтказганимиз билан! Чорак финал ўйини олдидан бизга мана шундай ўйин керак эди, чорак финалга қарши ўйин олдидан биз бир марта бўлса ҳам ҳисобда ортда боришимиз керак эди, бир марта бўлса ҳам мана шунақа қўрқишимиз керак эди. Яхши бўлди. Гао Хунбонинг ўзи ўйинни охиригача захира ўриндиғида ўтириб кузата олмаган бўлса ҳам, жамоамизнинг бир қатор хато-камчиликларини кўрсатиб бера олди ва буларни Абрамов ва унинг ёрдамчилари ҳам кўришади, керакли хулосаларни чиқара олишади...
Шунақа гаплар. Ўйинни такроран кўриш имконини қўлдан чиқарманг! Бу ўйиндаги голлар жуда ва жуда чиройли бўлди!.. Биз кейинги босқичга чиқдик!.. Табрикларим!..
ОСИЁ КУБОГИ-2011. "А" ГУРУҲИ. 3-ТУР ХИТОЙ - ЎЗБЕКИСТОН 2:2 Голлар: Ю Хай 7, Хао Цзунмин 56 - Одил Аҳмедов 47, Александр Гейнрих 47 Огоҳлантиришлар: Хао Чжун Мин 78, Жанг Лин Пенг 86 - Азизбек Ҳайдаров 26, Анзур Исмоилов 55, Темур Кападзе 67 Хитой: Йанг Чжи, Ли Сюпенг, Ду Вей (С), Чжао Сури, Чжао Цзингмин, Ванг Сонг, Чжанг Линпенг, Гао Лин, Йанг Хао (Денг Жуоцзианг 76), Ронг Хао, Ю Хай (Йанг Су 60) Ўзбекистон: Игнатий Нестеров, Анзур Исмоилов, Азизбек Ҳайдаров, Сервер Жепаров (Шавкат Саломов 86), Одил Аҳмедов, Олим Новкаров (Санжар Турсунов 62), Станислав Андреев, Александр Гейнрих, Максим Шацких, Тимур Кападзе, Виктор Карпенко (Шавкат Муллажонов 74). Ҳакамлар: Абдуллоҳ Муҳаммад ал Ҳилолий (Уммон), Ҳамид Сулаймон ал Маёҳий (Уммон), Баҳодир Қўчқоров (Қирғизистон), Алиризо Фағоний (Эрон). 2011 йил 16 январь. Доҳа. "Ал Ғаррафа" стадиони.
ҚАТАР - КУВАЙТ - 3:0 Голлар: Билол Муҳаммад 12, Муҳаммад ас-Сайид 16, Фабио Сезар 86 A - Гуруҳи№ 1 Ўзбекистон 3 2 1 0 6-3 7 2 Қатар 3 2 0 1 5-2 6 3 Хитой 1 1 1 4-4 4 4 Қувайт 3 0 0 3 1-7 0
|