Танишимнинг эри қилмишидан пушаймон бўлган кезлари:
"Нақадар аҳмоқ эканман! Қизларимни уйимга олиб келиб, ўғилларимни
кўчада қолдириб кетибман… ” дея йиғларкан.
—Эрингиз қайси қилмиши учун бунча ҳасрат қилади? — дея сўрашга журъат қилдим. Айтдики:
—Эрим уч фарзандим кетма-кет қиз туғилгач, кейингилари ҳам қиз бўлади
деган гумонда туғишимга қаршилик қилди. Аммо мен нима бўлганда ҳам
туғаман деб туриб олдим. Бироқ... менда ўта хавфли касаллик вируси
борлиги аниқлангач, шифокорлар ҳомиламни аборт йўли билан олиб
ташлашди. Қисматни қарангки, олдирган ҳомилам эгизак бўлиб, иккиси ҳам
ўғил бўлиб чиқди… Бунга ўзи айбдор бўлганини билган эрим тамом бўлди
ҳисоб!..
Шунда мен:
—Эрингиз ўғилларини кўчада қолдириб кетмаган, балки ўз қўллари билан қатл қилган экан-ку! — дедим.
Бу гапим танишимнинг битмаётган қалб ярасини тирнаб юбордими, юм-юм
йиғлаганча бошидан ўтганларини бир бошидан ҳикоя қилишга тушди:
—Эй, нимасини айтасиз! Аввалига эрим бинойидек эсли-ҳушли одам эди.
Тинмай меҳнат қилар, топганини уйга таширди. Кейинчалик ёмон йўлга
кириб кетди... Ҳаммаси ўша ифлос хатага йўлиққанидан кейин бошланди...
—Тушунмадим, хата деганингиз ким?—сўрадим ҳайрон бўлиб.
—Хата ҳеч ким эмас. Фоҳиша аёллар паноҳ топган ер хата деб аталади.
Ўзингиз биласиз, эрим киракашлик қиларди. Бир куни десангиз, машинасига
башанг кийинган бир аёл ўтирибди-да: "Мени фалон ерга обориб қўйинг,
рози қиламан!” дебди. "Кечирасиз, сиз айтаётган ер анча олис экан. Мен
айтган нарх кўтарармикан?” сўрабди эрим. "Ҳали ҳеч ким мендан норози
бўлмаган!” дея нозланибди аёл. Эрим йўлга тушибди. Йўлма-йўл суҳбат
қуриб кетишибди. Манзилига етгач, аёл эримга: "Ёнимда пулим йўқ эди.
Ичкарига киринг, олиб бераман”, дебди. Эрим бўлса: "Майли, сизга
ишонаман. Кутиб тураман, ўзингиз олиб чиқақолинг”, дея унамабди.
Хуллас, аёл эримни ичкарига киришга кўндирибди. Ичкарига кириши билан
ярим-яланғоч аёллар атрофини ўраб олишибди. Биттаси ароқ узатибди, яна
биттаси "Қора марварид ичасизми?” дея вино тутибди. Боши айланиб қолган
шўрлик эрим бўлса: "Кеч қоляпман. Ҳеч нарса керак эмас, пулимни қилиб
берсанглар бўлди”, дебди. Шунда ҳалиги аёл чиқиб: "Мен сизни ЭРКАК деб
ўйлагандим. Қаранг, битта имо қилишингизга зор бўлиб, бир-биридан
чиройли шунча нозанин атрофингизда парвона бўлса-ю, келиб-келиб
арзимаган чой-чақани ўйлайсизми? Ана, хоҳлаганингизни танланг-да, дам
олинг. Сиздан пул сўрамайман. Шунда сиз билан ҳисоб-китобимиз тугайди!”
дебди сурбетларча. У хатанинг бошлиғи яъни ҚЎШМАЧИ бўлиб, у ерга баъзи
аёллар ўз хоҳишига кўра, баъзилари зўрлаб келтирилган экан. Эримнинг
айтишича, эндигина ўн олтига кирган ёш қизлар ҳам бор эмиш.
Хуллас, эрим уларнинг чангалидан чиқиб кетолмабди... Буни менга яқинда
айтиб берди. Сабаби, эрим ўта хавфли касалликни юқтириб олган экан.
Ҳомиладорлигим сабаб, шифокор назоратидан ўтиш учун ўзим яшайдиган
ҳудуддаги поликлиникага чиқдим. Улар топширган анализларим натижасига
кўра, менга бу касаллик юқтирилганини айтишди. Қулоқларимга ишонмай
қотиб қолдим. Сўнгра шифокорим: "Ишқилиб эрингиз борми?” дея сўради. Бу
мен учун ўта қаттиқ ҳақорат эди! "Бу нима деганингиз?!” дерканман,
бўғзимни аччиқ, жуда аччиқ бир нима куйдириб кетди. "Аксарият ҳолларда
бунақа касаллик фоҳиша аёлларда учрайди...” шифокоримнинг жавоби мени
ларзага солди. Бу билан у мени енгилтак аёллардан деб гумон қилаётгани
аниқ эди...
Уйга қайтгач, эримга айтдим ва ўзини текширтиришини талаб қилиб туриб
олдим. Шундан сўнг эримнинг ҳамма сири ошкор бўлди. Шундай бўлмаганида,
балки айтиб бермаган бўлармиди...
—Эрингизни кечирдингизми?..
—Уч қизимни ота меҳридан жудо қилмаслик учун турмушимни бузмадим. Аммо
қалбим ҳеч қачон кечирмайди! Унинг ўйламай ташлаган қадами туфайли
содир бўлган хатоси менга жуда қимматга тушди. Икки бегуноҳ жигарбандим
дунё юзини кўрмай қатл қилинди... Мен эса ўғил фарзанд кўриш бахтидан
бир умрга маҳрум бўлдим... Аборт пайтида кўп қон йўқотганим боис
бачадоним ҳам олиб ташланган...
* * *
Аёлнинг юзини кўз ёшлари ёмғирдек юваркан, менинг
юрагимни бир дард ўртади. Қалб қийноқларим таъсирида икки оғизгина
сўзни кимгадир айтишим керак эканини виждоним олдидаги бурчим деб
билдим. Бу сўзлар аёл номига нолойиқ бўлган ниҳоятда жирканч кимсалар
саналмиш фоҳишаларга қаратилган:
"ЭЙ, СЕН — АЁЛ ДЕГАН ПОК ВА МУҲТАРАМ НОМНИ БАЛЧИҚҚА
ҚОРИБ, ТАНАСИНИ ЖУДА АРЗОН ДУНЁ НЕЪМАТИ УЧУН ПУЛЛАЁТГАН, ЖУДА КЎП
НОМУСЛИ ЭРКАКЛАРНИ ЎЗ МАКРИ БИЛАН НОМУСИ ВА ҒУРУРИДАН МАҲРУМ ҚИЛАЁТГАН,
НЕЧА МИНГ-МИНГ ОИЛАЛАРНИ ПАРЧАЛАБ, ЕТИМЛАРНИНГ ҚОНЛИ ЁШЛАРИНИ ТЎКАЁТГАН
ТАНАФУРУШ ФОҲИША! НОҲАҚ ТЎКИЛГАН КЎЗЁШЛАР, ТУҒИЛМАЙ ХАЗОН БЎЛГАН,
ЖУВОНМАРГ БЎЛГАН ФАРЗАНДЛАР ҲАМДА СЕН САБАБ БУЗИЛГАН ОИЛАЛАР УВОЛИ
СЕЛИДА ҒАРҚ БЎЛМАСАНГ, ТАШЛАНДИҚ АХЛАТ УЮМИДЕК ХОРЛИККА МАҲКУМ
БЎЛМАСАНГ, СЕН ТУФАЙЛИ СИНИБ ҚОЛГАН ЖОНЛАР АСЛО РОЗИ ЭМАС!!!”
Гулбаҳор АБДУЛЛОҲ muslimaat.uz
|