Чиқиндиларни, оддий тил билан айтганда, ахлатни алоҳида турларга
ажратиб ташлашнинг афзаллиги нимада? Бунинг экологик омили жуда юксак:
пўчоқ, яъни сабзавот ва мевалар қолдиқларини (қовун ёки тарвуз пўчоғи,
меваларнинг пўстлоғи кабиларни) молларга бериш, қоғоз ва шиша кабиларни
қайта ишлашга топшириш мумкин ва ҳоказо. Бунда қайта ишлашга қанчалик
кўп хом ашё кўп ажратилса, шунчалик кўп табиий ресурслар тежалади. Хўш,
экологик ва қисман иқтисодий жиҳатларини уқтириб ўтдик, бунинг бошқа
афзалликлари ҳам борми? Нью-Йоркда ижод қиладиган кореялик Жин Шин
(Jean Shin), албатта бор, деб жавоб беради. Ростини айтганда, унинг
уйидан умуман чиқинди чиқмайди дейишса, ажабланмасдим.
Бузилган зонт, йиртилган кўйлак, эски чарм ботинка, бир шишаси
синган кўзойнак – буларнинг ҳаммасини ҳар қадай оддий одам ахлатга
ташлайди. Шин эса ўзига хос инсталляциялар яратади. Масалан, «Оҳанг
тўлқини» номли ишларидан бири винил пластинкалар уюмидан ишланган. Улар
эритилиб, устма-уст қалаштириб юборилган ва оқиб келаётган тўлқин
шаклида ишланган. Яъни санъаткор шунчаки буюмларни тўдаламайди, унинг
ишлари ортида қатъий ғоя ётади. Жин Шин инсталляциялари ҳозир
оммавий тус олган: ҳаммаёқда, ҳатто одми, оёқ остидаги, кераксиз
буюмларда ҳам санъат ётади, деган фикрнинг ёрқин исботидир. Муддати
ўтган дориларнинг қутиларидан ишланган осмонўпар бинолар ёки қоғозли
қасрлар қурилиши нозик, шу билан бирга катта сабр-тоқат ва диққатни
талаб қиладиган ишдир. Бешакл, тўғрироғи, эски шаклдаги нарсадан янги
ҳамда ноёб шаклни яратишни Жин жуда зўр уддалайди. Жин Шиннинг
санъати нуфузли арт-марказлар, мисол учун, New Museum of Contemporary
Art, the Museum of Art and Design, the Museum of Fine Arts (Хьюстон),
the Museum of Fine Arts (Бостон), Asia Society and Museum, The Brooklyn
Museum, Sculpture Center, Socrates Sculpture Park ва Frederieke Taylor
Galleryда (Нью-Йорк) намойиш этилган.
|