Қўлида фотокамера кўтариб, янги келин-куёвни суратга оладиган сураткашларнинг ҳам иши хатардан холи эмас экан. У фотокамерасининг тугмасини босаётганда ҳаётини қанчалик хавфга қўяётганлигини ўзи ҳам билармикин? Бевосита тўйнинг ўзида уни ўлдириб қўйишлари мумкин, деган гапимга нима дейсиз? Йўқ, унинг суратлари ёмон чиққани ёки умуман плёнкани куйдириб юборгани учун калтак зарбидан фоний дунёга жўнамайди. Ёхуд бировларнинг рафиқасига кўз қисиб, «сиздан фотомодель ясайман» дея фотосалонига чақиргани учун ҳам эмас. Аслида эса бу гапларнинг тагида ҳам жон борга ўхшайди. Шунчаки «ҳозир қуш учиб чиқади» деб «чиқ» этиб суратга олмоқчи бўладию «пақ» этган товушдан нарига дунёга жўнавора қолади.
Ишонмайсизми? Мисол учун Сицилиядаги бир тўйда айнан шундай воқеа рўй берди. Келин ва кёв сураткашни милтиқдан отиб қўйишди. Фожиали ўқ товуши Палермо атрофида янгради. Никоҳдан ўтиб, зарур ҳужжатларга имзо чеккан янги оила антиқа суратга тушиш ниятини билдиришди. Эр ва хотин қўлларига милтиқ олиб, турли жойларда ҳар хил кўринишларда суратга тушишни хоҳлаб қолишди. Сураткаш эса энг яхши ракурсни излаб, у ёқдан бу ёққа юрарди. Кутилмаганда янги никоҳдан ўтганларнинг бири тепкини босиб юборди. Милтиқ эса аксига олиб ўқланган ва ишлатиш учун тайёр ҳолатда турган экан. Милтиқдан чиққан ўқ сураткашнинг нақд бошини нишонга урди. Сураткашни билмадиму лекин милтиқ энг зўр ракурсни топиб бўлган ва сураткаш шу жойнинг ўзида асфаласофилинга жўнатганди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фожианинг тафсилотларини ўрганишга киришишди. Детективларнинг гапига қараганда, яхшигина отиб улгурган меҳмон ва мезбонлар аниқ-равшан саволларга жавоб бера олишмади. Хусусан, милтиқ ўқ узганида кимнинг қўлида бўлганини ҳам ҳеч ким эслолмабди.
Шундан келиб чиқиб, полиция ходимлари бутун айбни куёвнинг ота-онасига юклашларини хабар қилишди, зеро, тантана ҳам уларнинг уйида уюштирилган, милтиқ билан суратга тушишни ҳам улардан бири маслаҳат қилган. Нима бўлганда ҳам, айбдор топилиши тайин.
|