Ердаги қуруқлик майдони чекланган. Унинг яшаш учун қулай катта қисмини
одамзот ўзлаштириб бўлди. Бундан ташқари, ўрмонларнинг ҳаммасини кесиб
ташлаш ҳам яхшиликка олиб келмаслигини ҳар бир онгли киши яхши
тушунади. Демак, одам яқин ва узоқ келажакда ҳам қулай ва шинам маконда
яшаши учун янги муҳитларни кўзлаши керак бўлади. Хўш, эртага инсоният
қаерда қўним топади? Бу саволга турли олимлар турлича жавоб беришади.
Кимдир коинотдаги бирорта сайёра ёки бошқа жисмни колонизация қилиб,
ўша ерга кўчади, деса, бошқалар ҳали Ернинг ўзида кўплаб яшаш учун
яроқли жойлар топилади, дейди.
Сув остида-ми...Жаҳон
океани сатҳи йил сайин кўтарилмоқда. Табиийки, кейинчалик йирик
шаҳарлар соҳилдан иложи борича узоққа кўчирилади. Бу эса ўрмонларга
мўлжалланган майдоннинг қисқаришига ва уларда яшайдиган юз минглаб
ҳайвонлар бошпанасиз қолишига сабаб бўлади. Бу муаммонинг устидан кўп
йилдан бери мутахассислар бош қотиришмоқда. Шу ўринда бир савол
туғилади: аҳолини тураржой билан таъминлаш муаммосига акс томондан
қараш тўғри бўлмайдими? Аниқроғи, уй-жойларни соҳилдан қуруқликка эмас,
аксинча, денгизга кўчириш мақсадга мувофиқ кўринади. Қоғозда,
яъни назарияда океанда катта шаҳарларни қуриш эҳтимолдан холи эмас.
Water-Scraper лойиҳасининг муаллифи дизайнер Сарли Андре Бин Сакрум
(Sarly Adre Bin Sarkum) ҳам бу фикрни қўллаб-қувватламоқда. eVolo
Skyscraper Competition танловида иштирок этиш учун таклиф қилинган
концептуал қурилма ўз-ўзини ҳар томонлама таъминлай оладиган, океан
устида эркин ҳаракатланадиган турар жой ҳисобланади. «Сувости»
тубўпар бинода (фалакка қад ростлаган кўп қаватли бинолар осмонўпар
бўлгач, сув остига интилган бинолар тубўпар бўлади-да) ҳаётни сақлаш
учун электр энергияси турли табиий энергия манбалари: қуёш, шамол ва
сув оқимидан олиниши мумкин. Ўз навбатида, қишлоқ хўжалигига муқобил
бўлган аква ва гидропон экинларни ўзлаштирган одамлар Water-Scraperда
зарур озиқ-овқат маҳсулотларини ҳам етиштиришлари мумкин. Сув остидаги
майдон ҳавонинг тозалигини таъминлайди ва бу ерда ҳайвонлар яшайди. Иншоот
тик ҳолатда сақланишига баластлар тизими ва пайпаслагич ўсимталар
хизмат қилади. Ушбу ўсимталар тўлқинларнинг кинетик энергиясини ҳам
ўзлаштириши мумкин. Тураржой ва идора хоналари юқори қаватларда – қуёш
нурларига яқин жойлашади, автоматлаштирилган саноат модуллари ва ҳаётни
таъминлаш тизимларини эса пастки қаватларга ўрнатиш мумкин.
...Ёки сув устида?
Одатий сузиб юрадиган уйлар жуда чекланган имкониятларга эга. Айниқса,
имкониятлари ва майдони торлиги эътиборга олинса. Бундай уйларда
вақтинча яшаш мумкин, холос. Тез орада унда яшаш одамнинг меъдасига
тегади.Америкалик дизайнер Жоанна Борек Клемент (Joanna Borek
Clement) бундай тураржойни яратишга умуман янгича ёндашишга ҳаракат
қилди. У ишлаб чиққан Tafoni Floating Home концепти сувдаги уйни иложи
борича ердаги уйларга ўхшаш қулай ва шинам бўлишига эришди. Шундай
қилиб, Floating Home сув устидаги ҳаётга муносабатимизни тубдан
ўзгартиради. Қурилманинг марказий қисми қуёш нурлари учун очиқ
ҳамда ошхона ва овқатланиш хонасини ўз ичига олади, меҳмонхона,
ётоқхона ва ҳожатхона эса ёпиқ ён бўлимларида жойлашади. Floating Home
корпуси эллипсоид шаклидаги ёғоч асосларга қурилади, натижада қўшимча
тиргак ёки колонналарга ҳожат қолмайди.
|