«Бизнинг давримиз келди», деб эълон қилишмоқда Ислом бирдамлиги куни ташкилотчилари
Кўп кишилик жума намози АҚШ пойтахти Вашингтон шаҳридаги Капитолий тепалигида шу ойнинг охирида ўтказилади. Унда 50 минг киши иштирок этиши кутилмоқда. 25 сентябрда анъанага кўра Америка президентларининг инаугурация маросими ўтказиладиган бу жой бир неча соатга очиқ осмон остидаги йирик масжидга айланади. Жума маърузасининг акс-садоси АҚШ Конгресси йиғиладиган Капитолий биносига, Линкольн мемориалига, Вашингтон ёдгорлигига таралади.
Ислом бирдамлиги куни – ташкилотчилар ушбу тадбирни шундай деб номлашди – «Аллоҳ томонидан пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)га ваҳий қилинган исломнинг олий маърифий тамойилларини намойиш этиши … мусулмонларнинг янги авлодларини бутун инсоният манфаатлари учун иш кўришга руҳлантириши» лозим.
«Минглаб мусулмонлар – барча ирқлар, ислом йўналишлари, тери ранглари ва миллатлар вакиллари ягона мақсадда – ибодат қилиш учун йиғиладилар,- дейилади Нью Жерси штатидаги Дорул-ислом масжиди сайтида,- шунда исломга хос бўлган тинчлик, гўзаллик ва бирдамлик Америка Капитолийсини нурафшон қилади».
«Одатда, мусулмонлар Вашингтонга норозилик билдиргани борадилар, - дейди «New Jersey Real-Time News» мухбирига Дорул-ислом жамоаси раҳбари ва тадбир бош ташкилотчиси Ҳасан Абдуллоҳ (Хассен Абделла). – бу норозилик эмас. Шу кунга қадар мусулмон ҳамжамияти Капитолий тепалигида Америка ҳақига ҳеч дуо қилмаган эди. Биз америкаликлармиз. Биз исломнинг ташқи кўринишини ўзгартиришимиз керак, токи одамлар ҳар бир мусулмон Американи «шайтоннинг тажаллиси» ҳисоблайди, деб ўйламасин. Зеро биз Американи севамиз».
|