Бундан бир неча йил илгари қўшиқлар орқали машҳурликка эришиб, бугунги шоу бизнесда кўринмай қолган гуруҳлар ҳақидаги бугунги саҳифамиз, кўпчиликка қизиқ бўлиши тайин. Сабаби, инсон қўшиқ орқали ҳам баъзи бир ширин ҳотираларни эслаши табиий…
«Анион»
«Фақат реклама йўқ холос»
Корейс миллатига мансуб, бир қиз ва иккита йигит кишидан иборат «Анион» гуруҳи ўзбек шоу бизнесида мавзули қўшиқлари, ноодатий кўринишдаги клиплари билан ажралиб турар эди…
Виктория: — Очиғи бизнинг гуруҳимиз ҳақида эслаганингиздан ҳайрон бўлдим. Тўғрироғи, кутилмаган ҳолат. «Анион» гуруҳи тарқалибди деганлар адашишади. Аксинча, орамизга яна йигит ҳам қўшилган. Ижодимизни қандай ҳамжиҳатликда бошлаган бўлсак, бугун ҳам анна ўшандай, руҳ бизни тарк этмаган. Шунчаки, ижодимизнинг рекламаси йўқ. Қўшиқ куйлаш, тадбир ва туғилган кунлардаги хизматимиз, «Анион» номли эстрада болалар гуруҳини ҳам ташкил этганмиз. У ерда Станислав овоз режиссёри бўлиб ишлаётган бўлса, мен вакал дарсидан болаларни ўқитаяпман.
Бундан ташқари, улар продюссерлик ишини ҳам бошлаб юборишган. «B and G» номли гуруҳ билан ҳамкорлик қилишаяпти.
«Зеро»
Сирли айрилиқ
Ноодатий гуруҳ тузилиши билан бошқа жамоалардан ажралиб турувчи «Зеро» ўзининг кетма-кет рақсбоп қўшиқлари билан тингловчилар орасида тез оммалашишди, аммо…
Александр, Сайёра, Олга, Камилла исмли хонандалар ҳамкорлигидаги бу гуруҳ бундан 3-4 йил олдин эстарадамиз осмонида порлоқ юлдуз каби порлаб, кейин ҳаммаси ўз йўналиши бўйича тарқаб кетди. Бунинг сабаби билан қизиқиб, гуруҳ аъзоси Саяташ тахаллуси билан ижод қилаётган Сайёрага мурожаат қилдик.
Саяташ: — Жамоа бўлиб ишлаш жуда қийин. Ҳамманинг ўз дунёқараши ва ички "мени” бор. «Зеро» ҳам айнан мана шу "мен-мен”лар туфайли тарқалиб кетди, десам ҳам бўлади. Аммо бу борада, хулоса чиқармаганимиз маъқул. Тарқалиб кетишимизнинг асл сабаби, жамоанинг сири бўлиб қолиши керак. Бугун санъатда мен ва Камилла хонандалик билан шуғиланаяпти. Александр эса бастакорлик фаолиятида ижод қилмоқда. Орамизда фақат Олга исмли қиз, оилани танлаб фарзанд тарбияси билан машғул.
Шахсан ўзимнинг ижодимга келсак, бугун кўплаб хонандалар билан дуэт куйладим. Ҳозир янги альбом устида иш бошлаяпман. Бундан ташқари, тижорат ишларини ҳам юрғизяпман.
«Анор»
«Тўрт нафар эди, бири қолди»
"Анор” — тўрт йигитлардан ташкил топган бу квартет, миллий йўналишда кўпгина қўшиқларни ёзди. Яна кинофильмларда ҳам суратга тушиб, сирли сабабларга кўра санъатни тарк этишди...
Сизга маълум мазкур гуруҳнинг тарқалишидан кейин солистларидан бири Карен Гафуржановгина яккахон тарзда ўз ижодини давом эттирди холос. Аммо бошқа аъзолар ҳақида бугунги кунгача ҳеч қандай маълумот йўқ.
Карен Гафуржанов:
— Гуруҳимизнинг биринчи таркибида мен, Рустам, Артурлар ижод қилган бўлсак, кейинчалик жамоамиз янгиланиб унга Санжар ва Аброр исмли йигитлар қўшилди. Бугун йигитларнинг барчаси ўз шахсий ҳаёти билан банд. Фарзандли бўлиб, ўз йўлини топиб кетишган. Айримлари ролик ва клип суратга олиш ишлари билан банд бўлса, бошқалари билан ўзим ҳам гаплашмаяпман. Қисқа қилиб айтганда, гуруҳда бирга ижод қилганларнинг аниқ нима ишлар билан банд эканлиги менга қоронғу.
Насиб қилса, яқин кунларда концерт дастуримни тақдим этмоқчиман. Яккахон ижодимнинг юксалишига қўлдан келгунча ҳаракат қиляпман. Альбом ва янги қўшиқлар ҳам тез кунларда тақдим этилади.
«Шарқоний»
«Икки хонанда ва травматолог»
«Дарёман», «Шарқона ёз», «Севги дарди», каби хит қўшиқлари билан қисқа вақт ичида танилган яна бир гуруҳлардан бири «Шарқоний» эди...
Уч нафар йигитларнинг ижоди тез кўзга ташланиши билан бир қаторда узоққа бормади. Биз мазкур мавзуда улардан бири Санжарга юзландик.
Санжар: — Оилавий шароитларимизни инобатга олган ҳолда гуруҳни тарқатиб юборганмиз. Бугунги кунда мендан ташқари қолган гуруҳ азолари Азиз ва Фарҳод «Виа Шарқона наво» дея номланган вакал гуруҳида ўз ижодини давом эттиришяпти. Мен эса ўқиган касбим травматология бўйича шифокор бўлиш фаолиятимни давом эттираяпман.
«Дадо»
«Биз ижод қиляпмиз»
Ижодини кучли реклама билан бошлаган ака-ука Мадумаровлар, яъни «Дадо» гуруҳи санъатда кўринмай қолганига анча бўлди. Уни соғинганлар эса эски, хит қўшиқларни тинглаган ҳолда ёдга олишаяпти…
«Дадо» қачондир қайтади, лекин аниқ вақтини айта олмаймиз. Қўшиқ борасида ҳам анчагина ғояларни тўплаганман», деган эди, Алишер Мадумаров, сайтлардан бирига берган интевьюсида.
Гуруҳнинг иккинчи вакили Рустам Европадан ҳали қайтмаган.
Умид қиламиз, уларни соғинган диллар, яқин кунларда янги ижод намоунларини эшитган ҳолда таскин топишади.
Алия ТУЛЕМБАЕВА тайёрлади
darakchi
|