18 декабрь куни жаҳон мусулмонлари учун янги ҳижрий йил кириб келади. Мусулмонларда йил ҳисоби ҳижрий санаси бўйича олиб борилади. Ҳижрат – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккадан Мадинага кўчишларидир (юлиан календари бўйича 622 йил). Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг (634-644) халифаликлари даврида ҳижрат йили мусулмонларнинг йил ҳисоби бошланиши деб эълон қилинди. «Мусулмон» деган сўзнинг маъноси «Буюк Яратувчига бўйсунган»дир. Шунинг учун ҳар бир мусулмон ҳижрий тақвимга амал қилишни ўзининг Аллоҳга бўлган итоати ва муҳаббатининг намоён бўлиши деб билади. Ҳижрий ҳисобнинг қамарий ва шамсий тақвимлари бор бўлиб, қамарий тақвим бўйича йил муҳаррам ойидан бошланади, унинг биринчи 10 куни эса муқаддас кунлар ҳисобланади. Бу тақвимнинг тоқ ойлари 30 кундан, жуфт ойлар эса 29 кундан иборат бўлиб, фақатгина 12-чи ой бундан мустаснодир, ундаги кабиса кунлари ҳам 30 кундир. Янги кун қуёшнинг ботишидан бошланади. Вақт ҳисоби қамарий давр бўйича ҳисобланганда бир йил 354 кундан иборат бўлади. Исломий тақвим йил фаслларига боғланмаган, ойлар йилнинг барча фасллари бўйлаб кўчиб юради. Натижада йилнинг бошланиши баъзан григориан календари бўйича ёзга тўғри келса, бир неча йилдан сўнг қишга тўғри келиши мумкин. Саналарнинг кўчиб юриши натижасида 34 ҳижрий қамарий йилга 33 григориан йили тўғри келиши мумкин. Шунинг учун қамарий ҳижрий йилдан григориан услубига ўтишда, одатда аввал ҳисобланган жадваллардан фойдаланилади. 2009 йилнинг декабрь ойи ҳижрий 1431 йилнинг кириб келиши билан нишонланади. Янги йил кириб келган куни диний арбоблар барча мусулмонларни байрам билан табриклайдилар, уларга тинчлик, тотувлик ва фаровонлик ҳамда Аллоҳ таолонинг раҳмат ва марҳаматини тилайдилар. Илк бор араблар томонидан жорий қилинган мусулмон қамарий тақвими арабий шарқ мамлакатларида кенг тарқалган. Эрон, Афғонистон, Покистон, Туркия ва бошқа бир қанча давлатларда қамарий ҳижрий тақвимдан ташқари шамсий ҳижрий тақвим кенг тарқалгандир. Шамсий ҳижрий тақвим соф тропик йил узунлигига асосланган ягона тақвим ҳисобланади. Шамсий ҳижрий тақвимда йилнинг бошланиши қуёшнинг осмон экватори билан кесишган вақтига, яъни унинг жанубий яримшардан шимолий яримшарга ўтиш вақтига - баҳорги тенгкунликка ёки баҳорнинг астрономик бошланишига тўғри келади. Бу эса йилларнинг григориан услубига нисбатан 3-4 кун фарқ билан кўчиб юришига олиб келади, чунки тропик йил суткаларнинг тўлиқ сонига тенг эмас. Шамсий ҳижрий йилда биринчи олти ой 31 кунлик, кейинги беш ой – 30 кунлик ва охирги ой оддий йилларда 29 кун, кабиса йилида – 30 кунлик бўлади.
|