Машҳур Ислом олими, Халқаро Ислом уламолари иттифоқининг президенти шайх Юсуф Қарзовий ҳазратлари Малайзиянинг нуфузли «Ҳижратун Набий» (соллаллоҳу алайҳи васаллам) мукофотига сазовор бўлдилар. Мазкур мукофот шайх ҳазратларига ҳижрий янги йилнинг биринчи куни, яъни милодий 18 декабр, жумъа куни бўлиб ўтадиган тантанали маросимда шахсан Малайзия қироли Мезон Зайнулобидийн томонидан топширилади, деб хабар беради «IslamOnline». Вазирлар, давлат ходимлари ва жамоат арбоблари ташриф буюрадиган мазкур маросимда шайх Қарзовий ҳазратлари ҳазрати Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолатлари ҳақида маъруза қиладилар. Шунингдек, шайх ҳазратлари Малайзия ташрифи давомида Муфтийлар миллий кенгаши аъзолари ҳамда Малайзия афкор оммаси билан учрашувлар ўтказиб, қатор маърузалар қилиб беришлари режалаштирилган. Мазкур мукофот ҳар йили Ислом оламининг йирик намояндаларига тақдим этилади. Шайх Юсуф Карзовий ҳазратлари бу йилги мукофотга ўзининг уммат манфаатлари йўлида Ислом тафаккурини ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссаси, унинг шариат илмларидаги юксак мақоми ва Ислом уммати манфаатлари йўлида виждонан хизмат қилганлиги туфайли сазовор бўлди. «Ҳижратун Набий» (соллаллоҳу алайҳи васаллам) мукофоти 1987 йилда Малайзиянинг Исломий тараққиёт департаменти ташаббуси билан таъсис этилган эди. Сўнгги йилларда мазкур нуфузли мукофотга мисрлик олим, шайх Муҳаммад Идрис Марбуий, индонезиялик олим, дин ишлари бўйича собиқ вазир ҳожи Мансур Шазали ва суриялик олим Ваҳб Зуҳайлий ва бошқалар сазовор бўлган эдилар. Икки ой муқаддам эса Қатар амири шайх Ҳаммод ибн Халифа Соний ҳам шайх Қарзовийни исломий тадқиқотлар борасида эришган ютуқлари учун махсус мукофот билан тақдирлаган эди. Шайх Юсуф Қарзовий ҳазратлари 1926 йил 9 сентябрда Мисрда таваллуд топган. Отасидан етим қолган икки яшар Юсуф амакисининг қўлида тарбияланади. Бўлажак аллома 10 ёшлигида ҳофизи Қуръон бўлади. Юсуф Қарзовий 1953 йилда ал-Азҳар университетини тамомлайди. Ислом дунёсида ўзининг конструктив қарашлари билан машҳур бўлган, обрў-эътибор қозонган аллома шайх Юсуф Қарзовий ҳазратларини мазкур муносиб совға билан муборакбод этиб, у кишига Аллоҳ таолодан мустаҳкам иймон-эътиқод, фойдали илм, соғлик-саломатлик тилаймиз, икки дунё саодатига эришишларини сўраймиз, Ислом йўлида, таълим ва таъаллум йўлида олиб бораётган шарафли ва машаққатли фаолиятларида куч-қувват, ғайрат-шижоат тилаб қоламиз.
|