Юлдуз Усмоновада шундай бир одат борки, бошқа бирон хонандада кузатмайсиз. Бирон мавзуда шунчаки куйламайди. Ёхуд сохталикни сезмайсиз. Хонанда жуда таъсирчан. Шу боисми, қўшиғидаги кулгу ҳам, дард ҳам, завқ ҳам, азоб ҳам бирдек юракларга етиб боради. Қирғизистоннинг жанубида юз берган этник тўқнашувлар ва унинг оқибатида уқубат гирдобида қолиб кетган миллатдошларимиз аҳволи кўпчилигимиз қатори Юлдузни ҳам қаттиқ қайғуга солди. Интернет орқали воқеага тегишли турли, қалбларни ларзага солувчи видеолавҳаларни томоша қилар экан, Усмонова қон йиғлади. Бу кўз ёшлар эса янги қўшиқ ёзилишига туртки бўлди. Қалб ноласи фиғон солди. Усмонова бировга дардини достон қилиш, бошқалар кўнглига ёқиш учун ёхуд яна алланималарни мақсад қилиб куйламади. У юрагида кечганларини қўшиғига сочди. Бу шундай нолаки, бугунги кунда ўша воқеадан жабр кўрган минглаб инсонлар қалбидаги оғриқ ва ҳасрат, бу шундай дардки, куйласа фақат шу куйчи куйлай оладиган... Хонанда на шоир излади, на бирон қаламкаш... Кўзидаги ёшини сидира туриб, мусиқачиларига тикилиб куйлай кетди...Юлдузнинг юрак нидосида шундай сўзлар бор:
Не учундир бу тўкилган қон
Ҳечми йўқки ичингда виждон
Ах, қирғизим, сотилдинг арзон
Ўз баракангни қилдинг вайрон.
Ҳар нон берга қўлга ишонма
Ғалаба деб бўшга қувонма
Ўзбегимни дилин оғритиб,
Эрта келиб пушаймон қилма.
Ҳали эшигимиз қоқарсан
Бизни боққан ўша ўзбек деб
Чорасизликдан кўп йиғларсан
Қонли кунга лаънат бўлсин деб
Ўзбекларку нонин топади
Соҳиби бор йўлин топади
Ва борига шукур қилади
Уни ҳатто тарих билади
Шукур қилгин букунларга ҳам
Сабр қилгин бу дардингга ҳам
Ахир бир кун қиёмат қувса
Унитилар қонли кунлар ҳам
Соғинарсан тарвуз, қовун, нон
Деҳқон, новвойни қилдинг қурбон
Асирлар ҳам кечирмагай қон
Айт, қирғизларда йўқми иймон?
Чўғ ковласанг олов сўнади
Қўшнинг тегма, у ҳам кўчади
Ҳар миллатинг ўлдириб қувсанг
Қирғизларда кимлар қолади?
Айт, далангда нелар ўсади?
Қимизингга ким ҳам тўяди?
Зора, ушбу тарона ваҳший қилмиш эгаларини, қонхўр кимсалар иймонини уйғотиб, пушаймонлик қийноғига ташласа...Тан жароҳати-ку битиб кетар, бироқ, бир умрлик руҳ азоби-чи?! У дунёи бу дунё жавобгарлик ҳисси-чи? Балки, бу чархи фиғон ул осийларни тавбалар қилишга етаклар...Не бўлганда ҳам, бундай уқубатли дардни куйлай олган марди шу хонанда бўлди. Куйлаганда ҳам қандоқ!
Jasur
|