Байрамларни ҳар ким турлича ўтказади. Бу айниқса юлдузларга хос. Кимдир
энг шинам клуб ёки ресторанни ижарага олиб у ерга барча танишларини
таклиф қилса, бошқаси дўсту биродарлари билан курорт ёки кўнгилочар
жойларга йўл олади. Бу ҳол Ҳиндистон машҳурларига ҳам хосдир. Айтайлик,
шу кунларда Болливуднинг энг соҳибжамол актрисаларидан бирининг
туғилгани куни экан. Кимнинг дейсизми?
Актриса Приянка Чопра шу кунларда жуда банд. У «Anjaana Anjaani» ва
«Saat Khoon Maaf» каби фильмларда суратга тушмоқда. Лекин ҳаётининг энг
қувончли кунларидан четда қолишни истамади ва ўзининг 28 ёшлигини
Таиланд жанубидаги Пхукет оролида ўтказишни хоҳлади. Приянка ўз
байрамига бағишланган оқшомга фақат аёлларни таклиф этишга қарор қилди.
У Мумбайга энди 27 июлдагина қайтиши мумкин. Бу ҳақда Twitterдаги ўз
микро-блогида ҳам хабар қолдирди: «Дугоналарим билан «гуноҳга
ботадиган» байрамимдан нари туринглар! Мен буни жуууууууууда соғиндим,
сизлар билан эса жаннатда учрашармиз». 2000 йилда «Жаҳон гўзали»
деб тан олинган Приянка Болливудга қадам қўйди ва ҳозирги кунга келиб
унинг энг жозибали ва кўп таклиф этилаётган актрисаларидан бирига
айланди. Ҳинд киноси мухлислари уни яқиндан танишади. Қатор
муваффақиятли фильмларда бош ролларни ижро этди, «Мода» фильмидаги
жиддий ва моҳирона роли учун эса Миллий Мукофотга сазовор ҳам бўлди. У
Болливуднинг Акшай Кумар, Хритик Рошан, Шоҳрух Хон, Салмон Хон, Абхишек
Баччан ва бошқа кўплаб эркак юлдузлари билан биргаликда фильмларда
қатнашишга улгурди. Биз ҳам ушбу гўзал актрисага кейинги ҳаётида янада катта муваффақиятлар тилаб, янги ролларини кутиб қоламиз!
|