Ёшлар термасининг Мисрда бўлиб ўтадиган мундиалдаги ҳар бир ютуғига деярли 90 млн. сўм мукофот пули ваъда қилинди. Ўйлайманки, бу тўғри йўл. Ҳа, айримларнинг бу борадаги фикрлари сал бошқача.
Лекин бу нарсани бутун жаҳон тажрибасида кўришимиз мумкин. Қолаверса, ўша ваъда қилинган мукофот пулига эришиш ҳам осон эмас. Ахир финал босқичига ер юзининг энг кучли 24 термаси йўл олган. Уларнинг ҳар бири ғалаба учун ўйнашни дилига тугиб қўйган. Тўғри, моддий таъминотдан устун турувчи жиҳатлар ҳам йўқ эмас. Чунончи, ватан шаъни, инсон ғурури деган гаплар бор. Лекин нима бўлган тақдирда, ваъда қилинган пуллар йигитларга қўшимча куч бағишлаши аниқ. Фақат бир нарса: ёшларимизга бўлган ҳозирги эътибор зинҳор сусаймаслиги керак. Эсимда, бундан 5-6 йил бурун ҳам шундай фикрлар билдирилганди: ёшлар термаси футболимиз келажаги, мундиалда тўп сурган йигитлар бўлажак юлдузларимиз... Бир сафар айтганларимиз амалга ошмади, яъни қаердадир эътиборни пасайтирдик. Энди шунга яраша ҳушёр бўлишимиз жоиздир. Ажабмаски, Шерзод Каримов, Даврон Мирзаев, Санъат Шихов, Кенжа Тўраев каби ёшларимиз Бразилия-2018да миллий жамоа аъзоси сифатида жавлон урсалар...
Қодир ҒУЛОМОВ, Бувайда тумани.
|