14 сентябр куни Испаниянинг Арбил шаҳарчасида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси (U-20) Жаҳон чемпионати олдидан олиб борилаётган ўқув-машғулот йиғини доирасида дастлабки ўртоқлик учрашувини ўтказди. Режага кўра, Аҳмад Убайдуллаев шогирдлари яна бир мундиал иштирокчиси Гондурас ёшлар терма жамоасига қарши майдонга чиқишди.
Дастлабки дақиқаларданоқ иккала жамоа аъзолари ташаббусни қўлга олиш учун ҳаракат қилишди, натижада бутун ўйин кескин курашларга бой бўлди. Шундай бўлсада, хавфли вазиятлар кўпроқ гондурасликлар дарвозаси олдида содир этилди. “Пахтакор”нинг икки аъзоси Санъат Шихов ва Ойбек Қиличев биттадан имкониятни йўққа чиқарди. Агар Шихов қулай вазиятдан зарбани тўғри дарвозабонга йўллаган бўлса, Қиличев Суннат Мамадалиевнинг тўп оширишидан кейин дарвозабон билан яккама якка чиқиб, сўнгги лаҳзада тўпни ўзидан узоқлаштириб юборди ва тўпга дарвозабон биринчи бўлиб етиб келди.
Ўйин якунланиши арафасида, аниқроғи 84-дақиқада Қиличев барибир нишонни аниқ олди ва учрашувда киритилган ягона гол муаллифига айланди. Иккинчи бўлимда майдонга туширилган Иван Нагаев қанотда тўпни ҳимоячидан олиб қўйиб, жарима майдони ичига кўтарди. Ҳаво жангида Сардор Мирзаев рақибидан устунлик қилди ва тўпни Қиличевга ташлаб берди. Юқорида таъкидланганидек, унинг якуний зарбаси аниқ чиқди. ЎФФ матубот хизмати маълум қилишича кейинги назорат учрашувини Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси 19 сентябр куни коста-рикалик тенгдошларига қарши ўтказади.
Ўзбекистон (U-20)– Гондурас (U-20) 1:0 (0:0) Гол: О.Қиличев (84) Ўзбекистон: Дониёр Усмонов, Мурод Холмуҳамедов, Дилёрбек Эрматов, Ислом Тўҳтахўжаев, Сарвар Отабоев, Шерзод Каримов (Сардор Мирзаев, 55), Ғулом Урунов, Суннат Мамадалиев, Ойбек Қиличев, Санъат Шихов (Жасур Ҳасанов, 53), Кенжа Тўраев (Иван Нагаев, 75).
|