Жаҳонгир Позилжонов шу кунларда ўзининг янги «ўаниматмиз» концерт дастурига тайёргарлик кўрмоқда. Хонандага сим қоққанимда хуш муомалалик билан жавоб қайтарди. Қизиқарли тарзда кечган суҳбатимиз давомида Жаҳонгир Позилжоновга улар билан рўй берган мудҳиш воқеаларни эслатмасликка ҳаракат қилдим. Суҳбатимиз «Божалар» гуруҳининг кейинги тақдири ҳақида бўлди...
- Жаҳонгир, илк саволим бевосита «Божалар» гуруҳининг кейинги тақдири ҳақида бўлади. Гуруҳда маълум ўзгаришлар бўлиши мумкин, деб эшитган эдим… -Бундан буёғига гуруҳ таркибида якка ўзим ижод қиламан. Гуруҳга бошқа қўшимча хонанда қабул қилинмайди. «Божалар» номи ҳам ўзгармайди. -Ҳозирда ТВ каналлари орқали намойиш этилаётган «Ҳалима холанинг 9 та қизи» таронаси ҳақида гапирсангиз. -Тарона ғояси ўзимдан чиқди. Клип ғояси эса режиссёр Ёдгор Носировга тегишли. - Тарона ва унга ишланган клип орқали тингловчига оз бўлса-да кўтаринки кайфият улашмоқчи бўлгандексиз… - Шундай деса ҳам бўлади. Халқимиз орасида 7 та ҳатто 9 та қизи бор оилалар бор. Клип орқали мана шу ҳолатларни кўрсатишга ҳаракат қилганмиз. - 9 октябр куни «Қувноқлар ва зукколар» гала концертида иштирок этаётганингиздан хабарим бор. Шу ҳақда тўхталиб ўтсангиз? Хабарингиз бўлса керак, фаолиятимни «Қувноқлар ва зукколар»да бошлаганман. Жамоадаги дўстларим биргаликда концерт ўтказиш таклифи билан чиқишганида, уларни рад этолмадим.
- Ноябрь ойида ўз концерт дастурингизни тақдим қилишни режалаштирган экансиз, шу ростми? Ҳа, тўғри. Аммо концерт санаси ҳали аниқ эмас. Концерт ўз-ўзидан бўлмайди. Янги қўшиқлар бўлиши керак, ҳозир янги «ўаниматмиз» номли альбом устида ишлаяпман. Бундай деб номланишига сабаб: бу дунёда барчамиз бир-биримизга ғаниматмиз. Охирги пайтда рўй берган қайғули воқеалардан сўнг мен шуни тушуниб етдим…
- Концерт дастурига яна кимларни меҳмон сифатида таклиф қилмоқчисиз? - Концерт меҳмонлари Ойбек&Нигора ва Зиёда бўлишади. Улардан ташқари шогирдларимиз ҳам иштирок этади. - Жаҳонгир, продюсерингиздан янги «Ўқитувчи» номли комедик фильм устида ишлаётганингиз ҳақида эшитдим. Картина аввал суратган олган фильмларингизнинг мантиқий давоми бўладими? - Йўқ. Бу фильмим аввалгиларидан бироз фарқ қилади. У билим-савияси бироз пастроқ бўлган ўқитувчи номидан сўзланади. Фильмда бош қаҳрамон образини ўзим талқин қиляпман. Шунингдек «Қувноқлар ва зукколар» жамоаси ҳам жалб қилинган. Бош қаҳрамон қиз ролига эса ҳозирча номзод топилгани йўқ. Топилиши билан суратга олиш ишлари бошланади. Фильмни Янги йил арафасида мухлисларга тақдим этишни режалаштирган эдик. Шунга қараб ҳаракат қилиш ниятимиз бор. - Яна қандай режаларингиз бор? - Шу кечаю-кундузда хаёлимдаги ягона мақсад: бутунлай соғайиб, қўшиқларим билан халқимга хизмат қилиш.
Шоҳ ЖаҲон суҳбатлашди.
|