Мамлакатимизнинг амалдаги чемпиони
"Бунёдкор” жорий мавсумда ҳам аввалги йил каби етакчиликни қўлдан
бермай келяпди. Ҳам чемпионат баҳсларида, ҳам кубок ўйинларида Миржалол
Қосимов шогирдларини ҳозирча тўхтатишнинг иложи бўлмаяпди. "Насаф”
йирик ҳисобда мағлуб этилганидан сўнг Олий лигамизда мағлубият аламини
тотиб кўрмаган ягона жамоа "Бунёдкор” эканлиги маълум бўлди. Бироқ
"Бунёдкор” таркибига назар ташлайдиган бўлсак, бир қанча етакчиларнинг
бошқа жамоаларга ўтиб кетишганини гувоҳи бўламиз. Жепаров, Ҳасанов,
Саломов ва Солиев сингари асосий таркиб футболчилари иккинчи даврада
"Бунёдкор” сафида тўп суришмайди. Уларнинг ўринларида кимлар тўп
суради, жамоанинг иккинчи даврада қандай ҳаракатланади? Баҳодир Мирзаев
бизга шу ва бошқа саволларга жавоб топишда кўмаклашиб юборди.
- Шу кунларда кўпчиликнинг диққат эътибори "Бунёдкор”нинг олиб бораётган трансфер сиёсатига қаратилган? -
Бунга нормал ҳолат сифатида қаралиши керак. Жамоа аввалги мавсумларда
таркибни шакллантириш учун кучли футболчиларга эҳтиёж сезганди. Шу
орқали бошқа грандлар ўртасида муносиб рақобатни вужудга келтирганди.
Давралар оралиғида "Бунёдкор” таркибини етакчи футболчилар тарк этишди.
Аммо бу дегани жамоанинг мақсади ўзгарди дегани эмас. Жепаров ва
Ҳасанов сингари етакчиларга хориж чемпионатларидан таклифлар бўлди.
Клуб бундай вазиятда ҳар томонлама тўғри қабул қилиб, бу икки
футболчини ижарага берди. Мурод Зуҳуров, Шавкат Саломов, Анвар Солиев
ва Хайрулла Каримовни "Насаф” ўз сафида кўришни истади. Раимқуловга эса
ғузорликлар қизиқишди. Шунча футболчи клуб сафини тарк этган бўлса-да,
Қосимов шогирдлари куни кеча "Насаф” билан "Жар”да кечган баҳсда
мавсумдаги энг чиройли ўйинларидан бирини кўрсатишиб, асосий
рақибларидан бирини 5:0 ҳисобида тор-мор этди. Яна шуни қўшимча
қилмоқчиманки, шу куни Ривалдо бетоблиги туфайли майдонга туша
олмаганди. - Жамоанинг мавсум аввалида олдига қўйган мақсади қанчалик амалга ошди? -
"Бунёдкор” ҳар қандай мусобақада иштирок этмасин, ўз олдига фақат ва
фақат максимал натижаларни қўяди. ОЧЛда плей-оффга йўл олиб, кейинчалик
клуб омадсизликка дуч келди. Ўзбекистон чемпионатида эса ишончли тарзда
пешқадамликни ушлаб турибмиз. Мамлакат кубоги баҳсларида эса
бирин-кетин қийин ўйинларни ўтказиб, финалга йўлланма олдик. - Тарк этган футболчилар ўринлари қай тарзда тўлдирилди? -
Мавсум бошида айрим футболчиларни Олий лиганинг бошқа жамоаларига
ижарага бергандик. Шундай футболчиларнинг айримлари "Бунёдкор”га
қайтишди. Шунингдек, ўринбосарлар таркибида ўзларини кўрсатишаётган
футболчилар Қосимовнинг эътиборидан четда қолгани йўқ. Мухиддин
Худоёров, Сардор Рашидов ва Абдуқаҳҳор Хожиакбаров каби ёшлар
ўринбосарлар ичидан асосий таркибга биринчи номзодлардан ҳисобланишади. - Жамоанинг айни вақтдаги кайфияти қандай? - "Насаф” 5:0 ҳисобида доғда қолдирилгандан кейин кайфият ҳам шунга яраша.
КИМЛАР КЕТДИ?
- Жасур Ҳасанов ("Лакойя”, Қатар)
- Сервер Жепаров (ФК "Сеул”, Жанубия Корея)
- Шавкат Раимқулов ("Шўртан”)
- Мурод Зуҳуров ("Насаф”)
- Шавкат Саломов ("Насаф”)
- Хайрулла Каримов ("Насаф”)
- Анвар Солиев ("Насаф”)
КИМЛАР КЕЛДИ?
- Азиз Ғуломхўжаев ("Олмалиқ”)
- Дониёрбек Ҳасанов ("Навбаҳор”)
- Гочгули Гочгулиев ("Қора-Олтин”, Туркманистон)
- Яннис Мандзукас ("Локомотив”)
- Анвар Ражабов
Ўтказилган назорат учрашувлари: 20 июль. "Бунёдкор” – "Олмалиқ” 1:0
24 июль. "Бунёдкор” – "Динамо” 0:0
"Бунёдкор” иккинчи давранинг илк турида 1 август куни "Хоразм” жамоасини қабул қилади. Учрашув 19:30да бошланади.
|