Зарафшоннинг "Қизилқум" жамоасини 6:1 ҳисобида тор-мор этган футболчиларимиз ЧЛдаги ўйин олдидан кайфиятларини юқори даражага чиқариб олишди. Тошкентдаги баҳсни меҳмонларнинг асосий дарвозабони Анатолий Сиротюк ўтказиб юборишга мажбур эди. Чунки у «Насаф» билан кечган учрашувда қизил карточка олиб, дисквалификацияга учради. «Пахтакор»дан эса Анзур Исмоилов сариқ карточкалари сони тўрттага етгани сабабли баҳсда майдонга тушолмади. Виктор Жалилов таркибни Чемпионлар Лигасидаги ўйинга мослаб туширишга урингани эътиборга молик. Жумладан, дисквалификация туфайли «Ал Иттиҳод» билан ўйнай олмадиган Фарҳод Тожиев заҳирада қолдирилди ва дастлабки дақиқалардан майдонда Рўзим Аҳмедов тўп тепди. Ўтган мавсум пойтахтда ўтган учрашувда «Қизилқум» жиддий қаршилик кўрсатганди. Буни яна такрорлашни мақсад қилган меҳмонлар ўйин бошларида тенгма-тенг ўйин намойиш қилишга ҳаракат қилди ва кутилмаганда ҳисобни очди. «Шерлар»нинг ҳужумлари қовушмаётган бир пайтда жаримадан тўпни ўйинга киритиш имкониятига эга бўлган Рустам Забиров шогирдлари бундан унумли фойдаланишди. Жарима майдончасида ҳавода тўп учун курашда зарафшонликлар устун келишди ва тўп ҳимоячилар эътиборидан четда қолган Шавкат Насибуллаевга келиб тушди. Жамоа сардори қулай имкониятни қўлдан чиқармади ва Темур Жўраевни деярли яккама-якка вазиятда доғда қолдирди – 0:1. Голдан кейин стадионга ташриф буюрган ишқибозлар Жалилов шогирдларининг шиддат билан олдинга ташланишини кутишганди, лекин ҳақиқий хавфли вазиятни содир этиш 29-дақиқагача насиб этмади. Гейнрихга нисбатан ишлатилган қўполлик учун белгиланган жарима зарбасидан Боян Миладинович самарали фойдаланди. Унинг чамаси 30 метрлардан ерлатиб берган зарбасини Захарецкий фақатгина нигоҳлари билан кузатиб қолди. Унга «жонли девор»нинг нотўғри ҳаракат қилгани халал берди. Орадан ўн дақиқа ўтиб улгурмасдан «Пахтакор» сафига иккинчи даврада келиб қўшилган Рўзим Аҳмедов ўзини кўрсатди. У ҳимоячиларнинг хатосидан фойдаланган ҳолда меҳмонлар посбони билан бирга-бир чиқиб борди ва хотиржамлик билан аниқ зарба берди – 2:1. Иккинчи таймни жуда фаол бошлаган «шерлар» тез орада ҳисодаги фарқни катталаштиришди. Меҳмонлар жарима майдончасида тўпга эга чиққан Суюнов бир ҳимоячини чалғитди ва дарвоза томон кучли зарба берди. Унинг зарбаси кучли чиқмади, лекин тўп ердан йўналтирилгани учун Захарецкий уни қайтаришда хатога йўл қўйди ва ҳисоб 3:1га етди. Шундан сўнг ўйиндаги шиддат пасайди. Албатта, бунга ҳисобдаги фарқнинг иккитага етиб улгургани сабаб бўлди. 61-дақиқада Постолатьевнинг жарима майдони ташқарисидан берган кучли зарбаси голга айланиши мумкин эди, агар Жўраев маҳоратини намойиш қилмаганда. Темур тўпга қўлларининг учини теккизишга муваффақ бўлди ва хавфни бартараф этди. Орадан саккиз дақиқа ўтгач, Одил Аҳмедов ўз номини ўйин қайдномасига гол муаллифи сифатида ёздириб қўйишга эришди. Унинг жарима майдони чизиғидан берган зарбаси жуда кучли чиқди ва энди ҳисоб йириклашди – 4:1. Салдан кейин Одил ўз «дубл»ини нишонлади. «Пахтакор» сардорининг яқин масофадан берган зарбасини Захарецкий қайтара олмади. Шу тариқа жамоамиз мавсумдаги ўн бешинчи ғалабасига эришди.
|