Ўзбекистон Профессионал Футбол
Лигасининг навбатдаги 21-турнинг бир қатор учрашувларига якун ясалди.
Турнинг барча учрашувларини қамраб олган ушбу куннинг дастлабки учрашуви
Андижон бўлиб ўтди.
Маҳаллий "Андижон" жамоаси ўз уйида
Ғўзорнинг "Шўртан" жамоасини қабул қилди. Дастлабки дақиқаларданоқ
олдинга ташланган мезбонлар илк хавфли вазиятнинг ўзидаёқ ўйиндаги
ҳисобни очишди. Лочин Солиев 5-дақиқада дастлабки голга муаллифлик
қилди. Биринчи бўлимда бошқа гол кўриш мухлисларга насиб қилгани йўқ.
Иккинчи
бўлимнинг 18 дақиқаси ўтиб бораётган бир паллада ҳисоб тенглашди.
Ярослав Крушелницкий ўртадаги фарқни йўққа чиқарди.Бироқ жамоа бу
ҳисобни ушлаб қола олгани йўқ...
80 дақиқага келиб
Мирхолдиршоевга нисбатан ишлатилган қўполлик учун "Андижон" пенальти
тепиш имкониятига эга бўлди. Жабрланувчининг ўзи пенальтини аниқ бажариб
жамоасининг ғалабасини таъминлади.
"Андижон"-"Шўртан"-2:1(1:0) Голлар:
Солиев (5), Мирхолдиршоев (80-пен) - Крушелницкий (63).
Яна бир
учрашув Олмалиқда бўлиб ўтди. Ўзига хос "металлург"чилар дербисида бу
сафар омад мезбонларга кулиб боқди. Дастлаб "Металлург" вакили Тожимов
ҳисобни очганига қарамай, муваффақиятни ушлаб қолиш жамоага насиб
этгани йўқ. "Олмалиқ"нинг асли водийлик бўлган икки футболчиси —
Муйдин Мамазулуновнинг дубли ва Отақўзиевнинг голлари жамоага ғалаб олиб
келди. Драматик тарзда кечган учрашувнинг якуний ҳисоби 3:2 кўринишини
олди.
"Олмалиқ"- "Металлург"-3:2 (0:1). Голлар: Мамазулунов
(62, 90), Отақўзиев (68) - Тожимов (29), Йўлдошев (90).
Наманганнинг
"Навбаҳор" жамоаси узоқ кутилган ғалабани қўлга киритди. Ўз уйида
"Локомотив"ни қабул қилган "лочинлар" 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Маҳмудов ва Абдуллаевнинг голлари мезбонларга ғалаба келтирди.
"Навбаҳор"
- "Локомотив" -2:0 (0:0) Голлар: Маҳмудов (81), А.Абдуллаев
(86).
Самарқандда ўтган учрашувда Қаршининг "Насаф" жамоасини
қабул қилган маҳаллий "динамочилар" янги бош мураббий қўл остида ҳам
нурсиз ўйин кўрсатиб натижани ҳам нурсиз кўринишда тугатиб қўя қолишди.
"Динамо"
- "Насаф" - 0:0
Турнинг энг кутилмаган натижаси сўзсиз
Зарафшонда кузатилди. Амалдаги чемпион, бу йилги мавсум пешқадами
"Бунёдкор"ни қабул қилган "Қизилқум" футболчилари ўзлари учун жуда муҳим
бўлган ғалабани қўлга киритишди. Леонид Кошелевнинг 71-дақиқада
киритган ягона голи "қалдирғочлар"нинг узоқ давом этган мағлубиятсиз
сериясига барҳам берди. Бу мағлубият интриганинг ошишига хизмат қилиши
шубҳасиз. Сабаби ҳозирда давом этаётган бошқа бир учашувда "Пахтакор"
ғалаба қозонмоқда. Агар ушбу натижа ушлаб қолинадиган бўлса, пешқадам
ва иккинчи ўрин ўртасидаги фарқ беш очкогача қисқаради.
"Қизилқум"-"Бунёдкор"-1:0
(0:0) Гол: Кошелев (71).
Қизилқум: А. Мельничук,
А. Ерохин, Ш. Насибуллаев, А. Рисқуллаев, В. Любинский, А. Лисюк (Ш.
Шарипов, 46), Ж. Ҳасанов, Р. Посичниченко, Л. Кошелев (С. Усмонхўжаев,
90+1), Ш. Жўраев, Б. Ваҳобов (О. Новкаров, 57).
Бунёдкор:
И.Нестеров, Г.Гочгулиев (Р. Шуҳратов, 82), А.Исмоилов,
С.Жўраев, А.Хвостунов (А. Ғофуров, 89), Ҳ.Ҳошимов, А.Ҳайдаров,
В.Карпенко, Я.Мандзукас, Т.Кападзе (А. Раҳимов, 43), А.Ражабов.
Қизиқ
томони, ушбу мавсумда "Қизилқум" "Бунёдкор"га қарши учрашувларда
мағлубиятга учрамади. Тошкентда жамоа билан дуранг ўйнаган "олтин
изловчилар" ўз уйларида ғалаба қозонишди.
|