Ўн олтидан йигирма тўрт ёш оралиғидаги британиялик йигит-қизларнинг 75 фоизи ўз ҳаётини интернетсиз тасаввур қила олишмас экан. YouthNet хайрия жамияти томонидан ўтказилган ижтимоий сўровнома шундай натижа кўрсатди.
Маълум бўлишича, беш нафар британияликдан тўрттаси маслаҳатни атрофдаги инсонлардан сўрашдан кўра, айнан интернетдан қидиришни маъқул кўрар экан. Сўровда қатнашганларнинг учдан бир қисми тармоқ шарофати туфайли ўз муаммоларини бошқа инсонлар билан муҳокама этишга ҳожат йўқлигини билдиришган. Уларнинг 76 фоизи интернетни хавфсиз жой деб ҳисоблайди.
Тадқиқотлар муаллифи профессор Майкл Халми юқоридаги ёш тоифасини (16дан 24гача) «рақамли аборигенлар» деб атайди, сабаби улар компютер ва мобил технологиялари қуршовида улғайишган. “Ёшлар учун интернет дунёнинг ажралмас қисми ҳисобланади ва жисмоний реалликдан фарқ қилмайди”, — дейди олим.
Сўров натижалари Буюк Британия парламентига тақдим этилган.
● Bluetoothга рақобат
Wi-Fi Alliance симсиз интернет-алоқа ассоциацияси Bluetooth технологияси услубида ишлайдиган янги протокол талқини ва логотипини тасдиқлади. «Wi-Fi CERTIFIED n» бренди остида бозорга киритилган Wi-Fi 802.11n стандарти 300 Мб/с тезликда маълумотлар алмашишни таъминлайди.
Ушбу стандартни ишлаб чиқариш учун етти йил вақт кетди.
● iPhone учун Photoshop
Расмларга ишлов беришда ишлатиладиган энг машҳур дастур – Photoshop-нинг мобил талқини iPhoneдан ўрин олди. Энг эътиборлиси, дастур нусхасини iTunes Store дўконидан текинга олиш мумкин.
Ташқи кўринишидан мобил Photoshop дастури iPhoneдаги бошқа расм ишловчи дастурлардан деярли фарқ қилмайди. Ўз-ўзидан, бу ерда компютер талқинидаги каби кенг имкониятли функция ҳам мавжуд эмас. Шунга қарамасдан, туширилган расмларни мобил аппаратнинг ўзида қирқиш, тўғрилаш, рангларини ўзгартириш мумкин. Шунингдек, у яна бир нечта махсус эффектларга эга.
● Microsoftдан тузатишлар
Microsoft корпорацияси ўзининг сўнгги йилларда чиқарилган барча маҳсулотлари учун йирик ҳажмдаги тузатишларни жорий этди. Корпорациянинг турли йўналишлардаги дастурий маҳсулотлари билан боғлиқ бўлган 34 муаммо бўйича 13та бюллетен тайёрланди.
Чиқарилган патч (тузатиш)лар эвазига Windows амалиёт тизимининг барча талқинлари, Microsoft Office дастурий таъминоти ва Microsoft SQL Serverдаги камчиликлар тузатилади.
Патчларнинг асосий қисми Internet Explorer браузеридаги “нозик” нуқталарни мустаҳкамлашга қаратилади. Шунингдек, Windows амалиёт тизими ва унинг бошқа бўлакларининг хавфсизлигини таъминловчи тузатишлар ҳам чиқарилган.
● «Яндекс» қозоқ тилида
«Яндекс» қидирув тизими қозоғистонлик фойдаланувчилар учун мўлжалланган портални ишга туширди.
Қозоғистон қидирув тизими (yandex.kz) қозоқ ва рус тиллари морфологиясини ҳисобга олади, саволларга жавоб беришда маҳаллий сайтларни кўрсатади.
«Яндекс» компанияси бу ишга қўл уришига Қозоғистондаги реклама берувчиларни жалб қилиш сабаб бўлганлигини яширмаяпти.
Маълумотларга кўра, Қозоғистонда 2,2 млн. интернет фойдаланувчи бўлиб, шунинг ярмидан кўпи «Яндекс» хизматларидан фойдаланади.
Лутфилло ТУРСУНОВ тайёрлади
|