Синфдош қизларимизнинг барчаси аллақачон оилали бўлиб кетишган. Мен эса
аввалига институтда ўқийман дедим, кейин ўқиган қизни келин қилишни
хохловчилар топилмади. Табиатан гўзаллар сафидан ўрин олмаганим боисми
мени севиб қолувчилар ҳам учрамади. Бугун эса кимгадир иккинчи хотин
бўлиш "хавфи”га дуч келаяпман. Тенгдош дугоналарим ҳам, танишларим ҳам
кимгадир иккинчи хотин бўлиш ҳакида маслаҳат берадиган бўлиб қолишди.
Чунки сўнгги пайтда Ўзбекистонда кўшхотинлик "мода” бўлаяпти. Ўзига тўқ
бойваччалар орасида ҳатто уч хотин олиш холатлари ҳам кўплаб учрамокда.
Одамлар эса бунга одатий холдай қарайдиган бўлишаяпти. Айримлар
қўшхотинликнинг сабаби аёллар сонининг эркакларга нисбатан кўплигида,
деб ҳисоблайди.
Биласизми мен иккинчи хотин бўлишни асло истамасдим. Биринчидан бундай
вазиятда шаърий никоҳ қурилади. Дунёга келган фарзандлар эса ноқонуний
ҳисобланади. Иккинчидан, майли бир умр "қари қиз” бўлиб ўтай, лекин
кундош билан яшашни хоҳламайман. Бу баҳтингни ўзга билан "баҳам”
кўришдай гап. Мен эрининг кўчадаги бегона аёлга қарагани учунгина рашқ
қилган хотинларни кўп кўрганман. Кундошинг борлигини билиб яшаш эса
даҳшат-ку. Билмадим, балки кундоши бўла туриб ҳам бахтли яшаётганлар
бордир. Мен иккинчи хотин бўлган аёлларнинг тилла зирагу узукларга
"кўмилиб” яшаётгани хакида эшитаман. Эрининг уларга алоҳида квартира,
машиналар олиб берганлигини учратганман. Лекин булар баҳт бўлармикин?
Сиз нима дейсиз? — Бухородан Зебунисо