Халқаро футбол тарихи ва статистикаси федерацияси (IFFHS) дунё клубларининг 2009 йил декабрь рейтингини эълон қилди. Аҳамиятли томони, грандларимиз — "Пахтакор” ва "Бунёдкор” клублари бир хил — 92-поғонадан ўрин эгаллашган. "Бунёдкор”нинг аввалги ойда 93, "Пахтакор” эса 95-поғонада бўлганлигини инобатга олсак, "қалдирғочлар” 1, пахтакорчилар эса 3 ўрин юқорига кўтарилганлигига гувоҳ бўламиз. "Нефтчи” эса 203-ўриндан 225 га тушиб кетди. Фарғоналикларнинг келаси йили халқаро мусобақада иштирок этмаслигини инобатга олсак, "Нефтчи” аста-секин Топ-350 дан чиқиб кетиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Рейтингни "МЮ” 317 очко билан бошқариб турибди. Англиянинг яна бир клуби "Челси” эса 4-ўриндан 2-поғонага кўтарилиб олди. "Барса” 3-ўринга тушган бўлса, тўртинчи ўринни "Гамбург” ва "Шахтёр” клублари эгаллаб туришибди.
Рейтингнинг тўлиқ кўриниши билан IFFHS сайтида танишиб олишингиз мумкин.