Юқоридаги расмга бир назар ташланг. Бир қарашда ҳаммаси оддийдек кўринади. Сиз ҳам идорада ишлайдиган бўлсангиз, бундай манзарага кўп марта гувоҳ бўлгандирсиз? Унда замонавий офисда ишлайдиган ходимга таъсир қилиши мумкин бўлган 10 та хавфли омилни аниқлай оласизми? Қуйидаги матнни ўқишдан аввал уларни бир излаб кўринг.
1 Ўсимликлар аҳволи
Тувакларда қуриб қолаётган ўсимликларга жиддий эътибор қаратиш вақти келди. Техас университетининг тадқиқотлари шуни кўрсатдики, кўкаламзорлаштирилган хонада ишлайдиган ходимларнинг 70% ўзларини яхши ҳис этишаркан. Хонасида ҳатто битта яшил барг ҳам бўлмаган одамларнинг эса атиги 40% ўз ишидан миннатдорлиги аниқланди. Бамбукли пальмалар, каучукли ўсимликлар ва азалиялар кўзни қувонтириш билан бирга хонадаги ҳавони тозалайди ва намгарчиликка қарши ажойиб восита ҳисобланади.
2 Зарарли гўшак
Телефон гўшагини елкангиз ва бошингиз орасида қисиб микроинсультга йўлиқиш эҳтимолини оширасиз. Neurology журнали битта мисол келтиради. 43 ёшли француз бир соат шу алфозда сўзлашганидан сўнг вақтинчалик кўролмайдиган, қулоғида шовқин эшитадиган, маълум вақт умуман сўзлашолмайдиган бўлиб қолибди. Бўйин орасида қисилган гўшак кўзларни ва мияни қон билан таъминлайдиган томирни қисиб қолиши мумкин экан.
3 Сўзлашув гашти
Кечаги футбол матчини ҳам компьютер орқали муҳокама қиляпсизми? Бекор қиласиз. Cisco компанияси учун амалга оширилган тадқиқотлар кўрсатдики, фақат компьютер ва телефон орқали бир-бири билан суҳбатлашадиган идораларда яқин ва ишончли муносабатлар ўрнатиш мушкул экан. Бу эса маҳсулдорлик, унумдорлик, муваффақият ва жамоат соғлиғи учун айни муддао. Шундай экан, вақти-вақти билан табиатда кабобопазлик қилганга нима етсин?
4 «Сичқонча»нинг таъсири
Британиянинг ўзида 450 000 нафар идора ходими RSI (такрорланадиган ҳаракат жароҳати) синдромидан жабр кўради. Ҳеч ким санаб ўтирмаган бўлса-да, Ўзбекистонда ҳам бундайлар етарли. Гап соатлар давомида такрорланадиган бир хил ҳаракатлар туфайли қўлда пайдо бўладиган оғриқлар ҳақида бормоқда. «Сичқонча» ва клавиатура билан эса идорадаги аксарият ходимлар ишлайди. Қўллар камроқ жабр кўриши учун ўтирган кресло тирсакқўйгичини стол билан бир баландликка қўйинг. Тирсакқўйгич бўлмаса, тирсакларингизни стол устига қўйинг. Улар асло осилиб турмасин.
5 Титровчи телефон
Қўшни ўтирган одамнинг қулоғига бақириб кўрсангиз нима бўлишини биласизми? Бирор мусиқани хуштак ёрдамида чалиб берсангиз-чи? Нега бўлмасам телефонингиз бундай қилишига йўл қўясиз. Officespam.com сайтидаги савол-жавобнинг натижаларига кўра, иш жойида рингтоннинг янграши салбий оқибатларга олиб келади. Тўсатдан янграган товушга одам ҳарбий тревога сингари муносабатда бўларкан. Инглиз психологи Том Стюарт таъкидлашича, одам кейинчалик ўзига келиши учун анча вақт талаб этилади. Шундай экан, идорадаги 8-10 та телефон вақти-вақти билан чалиб турса ҳам одам ишга тайинли кириша олмайди. Мунтазам чўчиб тушаверади, қўрқувдан қутулиш учун ҳам вақт зарур. Телефонингизнинг товушини ўчириб, титровчи қилиб қўйсангиз нур устига аъло нур.
6 Креативликка туртки
Идорада фақат ишчи хоналар бўлса, одамларга янги ғоялар камроқ келади. «Ошхона, буфет ёки ҳордиқ чиқариш хонаси – креативлик пайдо бўладиган жойлар шулардир», - дейди Стюарт. Атрофдаги шароит ўзгариб турар экан, илҳом одамга кутилмаган вақтда келиб қолиши мумкин.
7 Деразанинг фойдаси
Ҳавонинг тез-тез алмашиниши диққатни жамлашга ижобий таъсир кўрсатади. Америкадаги ишчи жойларида хавфсизлик ва соғлиқни ўрганиш миллий институтининг маълумотларига қараганда, кондиционерли ҳавода ўтирадиган ишчилар респиратор касалликларига 2.5 баравар кўп мубтало бўларкан. Яхшиси, вақти-вақти билан деразани очиб туриш ёки кўчага биров чиқиб келиш керак. Бир ўзингиз чиқсангиз ҳам майли, лекин яқинлар одамлар билан бирга янада зўр-ку.
8 Келажак технологиялари
Computer People рекрутинг гуруҳинигн тадқиқотлари шуни кўрсатдики, идора ходимларининг 68% хардкор компьютер сленгини тушунарсиз деб ҳисоблайди, 75% «қулоғига гап кирмайдиган» техника билан курашишга ҳафтада бир соат вақт сарфлайди. Офисдаги қўпол бузилишнинг 32% IT билан боғлиқ тушунмовчиликлар туфайли рўй беради. Натижада асаблар бузилади, чиқимлар кўпаяди. Бўш вақтда пиво олиб, сисадминлар билан танишишга ҳаракат қилинг.
9 Чангли расмлар
Сигарет тутатмайсиз ва ўпкангиз тозалигига ишончингиз комил, шундайми? Хурсанд бўлишга ҳали эрта. «Идорадаги лазерли принтерларнинг 30%гача қисми майда зарралар чиқарадики, улар ўпкага кириб, худди сигаретнинг тутуни сингари салбий таъсир кўрсатади», - дейди Квинсленд университети профессори Лидия Моравска. Ишлаётган принтердан нари туринг. Айниқса, картрижи янги бўлса. Моравска ҳатто чиқаётган зарралардан халос бўлиш учун принтерларни деразанинг олдига қўйишни маслаҳат қилади.
10 Клавиатура устидаги овқат
Британиялик микробиологлар тасодифан танланган бир клавиатурани микроскоп остида ўрганиб кўришди. Бундай қилишмагани яхши эди. Клавиатура худди ўша идоранинг ҳожатхонасидаги ўтиргичга қараганда беш баравар кирлиги аниқланди. «Ҳаммасига иш столи устида овқат ейиш туфайли», - дейди Лондон университети доктори Марк Энрайт. Ушоқдан бактерия кўпаяди, уларнинг ҳаммаси клавиатура орқали қўлга ўтади, қўл орқали эса борган жойига бораверади. Иш жойида ҳеч қачон овқат еманг. Тушлик учун алоҳида ошхона талаб қилинг. Энг яхшиси, кўчадаги ошхонага чиқишингиз керак.
|