Ушбу ёзнинг энг катта трансферларидан бири, шубҳасиз, Златан Иброҳимовичнинг Миланнинг «Интер»идан Каталониянинг «Барселона»сига ўтиши бўлди. Швециялик ҳужумчи ўз исмига монанд тарзда олтин каби ўзига жалб қилаверади. Бироқ, клуб миқёсида соврин-у, ғалабалар коллекциясига эга футболчи терма жамоа сафида халқаро майдонда айтарли ютуққа, ҳозирча, эришгани йўқ.
БОЛҚОНЛИК ШВЕД 1981 йил 3 октябрь куни Европа шимолидаги Швеция аталмиш мамлакатдан ўзига бошпана топган собиқ югославиялик мухожирлар – Шефик ва Жулка Иброҳимовичлар оиласида қувончли воқеа содир бўлди: оилада ўғил фарзанд дунёга келди ва унга Златан дея исм қўйишди. Бўлажак футбол юлдузининг отаси босниялик мусулмон, онасининг келиб чиқиши эса хорватиялик эди. Улар Малмё шаҳридаги Русенгорд туманида истиқомат қилишарди. Таржимаси «Атиргулли боғ» маъносини берадиган туман номига тескари тарзда кўп ҳам боғни эслатмасди ва унда асосан дунёнинг ҳар турли маконларидан келган мухожирлар истиқомат қилишарди. Иброҳимович бошқа буюк футболчилар сингари кичкиналигидан тўп кетидан қувмаган, аксинча, атак-чечак қила бошлаган вақтида таэквондо секциясига ёзилган. Кейинроқ, ушбу спорт тури билан шуғулланиш давомида олинган жанговар билимлар баланд бўйли Златаннинг футбол майдонида ўз танаси билан аъло даражада ҳаракатланиши учун хизмат қилди.
Златан футбол билан биринчи бор «Болқон» клубида шуғуллана бошлади. Номидан ҳам кўриниб турибди, унда фақат болқон мамлакатларидан келганлар тўп суришарди. Ўзининг жисмоний кўрсаткичлари билан тенгдошларидан ажралиб турган Златанни ўшандаёқ катта ёшдаги гуруҳга ўтказишганди. Лекин катта болалар орасида ҳам қаҳрамонимиз йўқолиб қолгани йўқ. Айниқса, бир воқеа киши эътиборини ўзига тортади. Учрашувларнинг бирида Иброҳимовичнинг жамоаси биринчи бўлимдан кейин 0:4 ҳисобида имкониятни бой бераётган эди, ёш Златан эса майдонда бўлаётган воқеаларни захира ўриндиғида кузатиб ўтирганди. Асабийлашиб турган мураббий танаффусда ўйинчи алмаштириб, Златанни ўйинга туширади. Ҳужумчи 45 дақиқа ичида 8 та голга муаллифлик қилиб, «Болқон»нинг 8:5 ҳисобидаги ғалабасини таъминлайди. Ўйиннинг бунчалик тескари кўриниш олганидан хуши бошидан учган рақиблар уларга қарши аслида 12 ёш катта бўлган бола тўп сурганини даъво қилиб чиқишади, аммо кейин 12 ёшлилар мусобақасида бир ўйинда 8 та гол урган болакай атиги 10 ёшда эканлигини билиб, ҳайратда қолишганди.
КИЧКИНА БЕЗОРИ Иброҳимович мактабдаги ўқишини ҳам йиғиштириб қўйиб, фақат футбол билан яшай бошлади. У билим олишга бўлган иштиёқи билан ҳам, намунали хулқ борасида ҳам мақтана олмасди. Кўпчиликнинг айтишича, у кўчадаги безори гуруҳларга қўшилиб юрган ва туппа-тузук безори бўлган. Лекин безори бола ҳақидаги гапларга қарши ўлароқ, Ибра ўз интервьюларида оддий бола бўлганини, суҳбатлашиш ва дарсларда ҳазиллашишни ёқтирганини кўп бора таъкидлаган. Нима бўлган тақдирда ҳам у мактабда охиригача ўқимаган ва футболга боши билан шўнғиган. Унинг ҳаракатлари бесамар ва эътиборсиз қолмади, тез орада «Болқон»нинг ёшлар жамоасидан Швециянинг кўп йиллик чемпиони «Мальмё» клуби сафига бориб қўшилди.
ЁШ ҚУТҚАРУВЧИ Ўз жонажон шаҳрининг энг машҳур жамоасида ўтказилган бир неча йилдан сўнг Ибра ва ниҳоят ўзининг дастлабки профессионал шартномасига имзо чекди. Қаҳрамонимиз ҳаётидаги ушбу унутилмас воқеа 1999 йилда бўлганди. Асосий жамоа сафидаги дебют ҳам ўзини кўп куттириб қўймади. «Мальмё»нинг ўша вақтдаги бош мураббийи Роланд Андерссон 18 ёшли футболчига асосий таркибдан жой беришга чўчимади ва Златан чемпионатнинг 6 учрашувида майдонга тушди. Дебют голини ҳам ўша мавсумда киритди ва ўша ўйинда «Мальмё» «Вест Фрёлунде» жамоасини 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Тўғри, чемпионат якунида «Мальмё» клуби фақат 13-ўринни эгаллай олди ва сўнгги 63 йилда биринчи марта Швециянинг элит дивизионини тарк этди.
Швециянинг 14 карра чемпиони учун (сўнгги 15-чемпионликни «Мальмё» 2004 йилда қўлга киритди) бу шармандали натижа эди. Бироқ Швеция олий лигасига қайтиш учун кўклар учун атиги бир мавсум етарли бўлди. Ва жамоа учун молиявий оғир бўлган даврдаги бундайин тез қайтиш, албатта, Златан Иброҳимовичнинг меҳнати эвазига амалга ошди. Ёш ҳужумчи 26 учрашувда 12 та гол уришга муваффақ бўлди. Бу муваффақиятли натижа эди. Биринчидан, Швеция жанубидаги жамоа яна ўз ўрнида эди, иккинчидан жамоа сафида ёш иқтидорли футболчи пайдо бўлган ва унинг эвазига яхшигина пул ишлаб олиш мумкин эди. Скаутлар эса Скандинавия мамлакатида скандинавларга хос бўлмаган фамилияли иқтидорли ҳужумчи пайдо бўлганини сезиб бўлишганди. Златан бўйича Лондоннинг «Арсенал»и биринчи бўлиб аниқ таклиф билан чиқди.
«АРСЕНАЛ» СИҒДИРМАГАН ЮЛДУЗ «Тўпчилар» бош мураббийи Арсен Венгер ёш иқтидорларни топиб, кейин уларни юлдуз футболчига айлантира олиш иши билан ҳар доим мақтана олган. Шундай қилиб, Ибра ҳам франциялик мутахассисга маъқул тушганди. Ҳатто Ибра Лондонга келиб, «тўққизинчи» рақамли футболкани ҳам қўлга киритганди. Аммо унга Тьерри Анри, Деннис Бергкамп ва ватандоши Фредерик Юнгберг билан бирга тўп суриш насиб этмади. Мана, Амстердамнинг «Аякс» клуби вакиллари анча-мунча келишса бўладиган одамлар чиқиб қолишди. Голландияликлар Златан учун 7,8 миллион тўлашди, бу Швеция футболи учун рекорд кўрсаткич эди. Трансферга қарамай, Иброҳимович 2001 йили «Мальмё» футболкасида 8 учрашувда майдонга тушиб, 3 та гол муаллифига айланди. Фақат шундан кейин болқонлик швед лолалар юртига йўл олди.
ЛОЛАЛАР ЮРТИДАГИ ИБРА Златанга «Аякс»да ҳам худди «Арсенал»даги каби 9-рақамли футболкани топширишди. Ўз вақтида бу рақам остида амстердам клубида афсонавий Марко ван Бастен тўп сурган эди. Бу Швециядан келган ёш ҳужумчи учун ҳам фахрли, ҳам маъсулиятли эди, десак сиз ҳам гапимизга қўшилаверинг. Иброҳимович довдираб қолмади, аксинча, биринчи ўйинларидан голлар билан ўзини кўрсата бошлади. Мавсум аввалидаги назорат учрашувларида у рақиблар дарвозасига бир нечталаб голлар урди. Яхшигина пулга сотиб олинган ёш юлдуз янги мавсумда жамоанинг асосий ўйинчиларидан бирига айланиши кутилганди. Аммо ундай бўлиб чиқмади. «Аякс» бош мураббийи Ко Адриансе нима учун ёш шведни захира ўриндиғига ўтқазиб қўйишини ишқибозлар тушуна олишмасди. Мураббий эса ўз қарорини Иброҳимович индивидуал маҳоратига кўп эрк бериб юбориши билан изоҳларди. Балки голландиялик мутахассиснинг мана шу қарори ўзи учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлгандир... Мамлакатнинг кўп йиллик чемпиони ўзига хос бўлмаган бўш ўйин кўрсатди ва ноябрнинг сўнггига келиб Адриансега чиқиш эшиклари кўрсатилди. Унинг ўрнига Рональд Куман тайинланди. Ўз даврида дунёнинг энг кучли ва машҳур футболчиларидан бири бўлган Куман бир вақтлар ўзи тўп сурган «Аякс»ни мураббий сифатида қабул қилиб олган вақтида мураббийлик тажрибаси жуда ҳам кам эди. Шундай қилиб, «Аякс» раҳбарияти мураббий борасида қайсидир маънода таваккалчиликка қўл урганди. Бу таваккал ўзини оқлади.
Янги мураббий узун бўйли скандинавнинг қанчалик фойда бериши мумкинлигини дарҳол тушунди. Лекин Куман Ибрани бошланғич таркибда туширишга шошилмади. Ко Адриансе даврида амстердамликлар ҳужум чизиғида грециялик Никос Махлас ва бразилиялик Вамбертолар тўп сурарди. Куман ҳам ушбу ҳужум тандемига ишонч билдиришда давом этди. Қўшимчасига, мавсум оралиғида келажаги порлоқ мисрлик Мидо қиёфасида Иброҳимович учун яна бир рақобатчи пайдо бўлди. Қоҳирадан келган ёш футболчи вақт ўтгани сайин Махласни асосий таркибдан сиқиб чиқара бошлади ҳам.
ФОЙДАЛИ НИЗО Захира ўриндиғини иситиб ўтириш учун Иброҳимович жонажон шаҳрини ташлаб, Голландияга келиб, 9-рақамли футболка эгасига айланганмиди? Албатта, йўқ! Златан ўз устида тинимсиз ишлаб, ўз вақти келишини кутди. Ўша вақт мавсумнинг охирроғида келди ва голга ташна швед томонидан юз фоизга фойдаланилди. Роттердамнинг «Спарта»сига қарши учрашувда Златан иккита голга ҳаммуаллифлик қилиб, ўз ҳисобига ҳам бир гол ёзиб қўйди. «Утрехт»га қарши кечган Голландия Кубоги финалида эса ғалаба тўпи муаллифига айланди. Шундай қилиб, Иброҳимович Голландиядаги биринчи мавсумида 26 учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 6 та гол ёзиб қўйишга муваффақ бўлди. Фақат бу ердаги «26» рақами одамни бироз чалғитади. Гап шундаки, Златан аксарият учрашувларда захирадан майдонга тушган эди.
Шуни ҳам қайд этиб ўтиш керакки, мавсум сўнггида рўй берган бир низо Ибра учун фойдали бўлди. Мисрлик Мидо жамоа бош мураббийи Куман билан келиша олмади, бу эса ўз навбатида Куманда мисрлик ҳужумчига ишончни камайтирди ва у асосий таркибда борган сари камроқ туша бошлади. Нима бўлган тақдирда ҳам, клуб учун бехавотир ўтмаган мавсумда жамоа Голландия чемпионлигига эришиб, Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга кирита олди.
Европа клубларининг асосий мусобақасида «Аякс» ажойиб ўйин кўрсатиб, чорак финалда турнирнинг бўлажак ғолиби «Милан»га икки ўйин натижасига кўра имкониятни бой берди. Бу вақтга келиб Ибра асосий таркибнинг асосий футболчисига айланиб бўлган ва Амстердам клуби сафида ёрқин ўйин кўрсатаётганди. Голландия чемпионатида киритилган 13 гол ёнига Голландия Кубоги мусобақаларида киритилган 3 ва Чемпионлар Лигаси баҳсларидаги 5 та голни қўшиб қўйди. Ўша мавсумни «Аякс»нинг яна бир ёш иқтидорли футболчиси – оғир жароҳатдан сўнг асосий таркибга қайтган Рафаэль ван дер Варт ҳам муваффақиятли ўтказди. Аммо иккита ёш, келажаги порлоқ футболчи нима учундир келиша олишмади – Иброҳимович ва ван дер Варт ўртасида очиқ душманлик пайдо бўлди. Бошқа томондан эса, ушбу душманлик икки футболчи учун ҳам фойдали натижа берди, деса ҳам бўлади. Ибра ва Рафа бир-биридан яхшироқ бўлиш учун янада самарали, ёрқин ва фантастик ўйин кўрсата бошлади. Ва улар бу вазифани бажара олишаётганди, чунки ҳар иккиси ҳам рақобатчиси ва клубдошидан ҳар томонлама устунлигини исботлашга ҳаракат қиларди. Златан ўсишда, ўйинчи сифатида ўсиш ва ривожланишда давом этди. У ажойиб голлар урар ва одамда шундай тасаввур пайдо қилардики, у майдонда тўп билан истаганини қила оларди. Баланд бўйига қарамай, танасини ҳайратланарли даражада бошқарарди, реакцияси ва нозик ҳаракатлари билан ишқибозларни ҳайрон қолдирарди. Ўйинчи сифатида у гол урадиган машинага айланиб қолганди. У турли хил масофалардан рақиб дарвозасини нишонга оларди, бош билан яхши ўйнарди, ғаройиб дриблингга ва яхшигина тезликка эга эди. Бу йигит Голландиядан кўра кучлироқ чемпионатлар учун етилиб бўлганди. 2004 йилда Иброҳимович иккинчи марта Голландия чемпиони бўлди ва Амстердамдаги уч йиллик фаолиятидан кейин Туринга кўчиб ўтди. Олдинда уни кальчо ва янги совринлар кутиб турганди.
ТУРИН-МИЛАН-БАРСЕЛОНА Иброҳимович 2004 йил ёзги трансфер ойнаси ёпилиши арафасида — 31 август куни Италиянинг «Ювентус» клуби билан шартнома имзолади. У жамоа бош мураббийи Фабио Капеллонинг истаги билан жамоага олиб келинганди. Ва швециялик ҳужумчи мураббийнинг ишончини 16 та голи билан оқлади. У асосий таркибга киришиб кетди ва жамоа асосий рақиблар билан ўйинларнинг биронтасида мағлубиятга учрамади. Иброҳимович ўша мавсум Италия чемпионатининг энг яхши легионери деб топилгани ҳам бежиз эмас. Лекин иккинчи мавсум синдроми деган касаллик Ибрага ҳам таъсир қилди ва у «Ювентус»даги иккинчи йилини кўп ҳам муваффақиятли ўтказмади. «А» сериядаги етти ва Чемпионлар Лигасидаги атиги учта гол – ҳавас қиларли натижа эмас. Шунга қарамай, «Юве» кетма-кет иккинчи йили Италия чемпионлигини нишонлади ва... «Моджи иши» қалқиб чиқди... «Ювентус» учун ҳаммаси ёмон тугади: жамоа «Б» серияга сургун қилинди, асосий таркибнинг бир қатор футболчилари бошқа жамоаларга ўтиб кетишди. Улар орасида Ибра ҳам бор эди. Ёзда Златан Туриндан Миланга кўчиб ўтди. «Интер» унинг янги жамоасига айланди.
«Интер» сафида ҳам Италия чемпиони бўлиш қийин бўлмади. Италия Кубогини ҳам ютди. «Интер» Италиядаги энг кучли ва ўйин борасида барқарор жамоага айланганди. Аммо «кўк-қоралар»нинг ички майдондаги ҳукмронлиги Европадаги баланд чўққиларни забт этишда на Иброҳимовичга, на Милан клубининг ўзига фойда келтиргани йўқ.
Янги мавсумда ҳам Златан Европа клубларининг энг юқори чўққиси ҳисобланган Чемпионлар Лигаси кубогини қўлга киритишга киришади. Фақат бу сафар «Ювентус» ёки «Интер» либосида эмас, «Барселона» футболчиси сифатида бу мақсадга киришади. Италияда ўтказилган беш йилдан сўнг Иброҳимович Апенниндан Пиреней ярим оролига кўчиб ўтишни мақъул топди. «Интер» ва «Барселона» амалга оширилган савдо жаҳон футболи тарихидаги энг катта савдолардан бири бўлди. Иброҳимович учун 46 миллион евро тўланишидан ташқари «Интер»га нархи 20 миллион дея баҳоланадиган Самуэль Это’О ҳам текинга ўтди. Ярим ҳимоячи Александр Глеб ҳам ушбу савдонинг бир қисми бўлиши кутилганди, аммо беларуслик футболчи Германиянинг «Штутгарт»ида ўйнашни маъқул кўрди. 2009 йилнинг 27 июль куни эса «Барселона» ва Иброҳимович ўртасида беш йилга мўлжалланган шартнома имзоланди.
Нима бўлган тақдирда ҳам, Златан Иброҳимовичнинг фаолиятида янги саҳифа очилди. Ушбу саҳифадаги ёзувлар аввалгидан кам бўлмаган тарзда тилла ҳарфлар билан ёзилишига ишониш мумкин... Қаюм Хўжаев
Манба: "Чемпион" газетаси
|