Навбатдаги зиёфатга ёки ишга кийинар экансиз, гардеробингизни янгилаш, шкафда жой олиб ётган ва жонга тегиб кетган кийимларни тарқатиш ҳамда эски, аммо севимли кийимларга урф бўлган аксессуарлар ёрдамида янги кўриниш бериш кераклиги ҳақида ўйлайсиз. Ва ниҳоят, Сиз гардеробингизни тўлиқ текширувдан ўтказишга қарор қиласиз. Хўш, ишни нимадан бошлаган маъқул? Бирор бўш кунни танлаб, уни беармон фақат ўзингизга бағишланг! Эски ва кераксиз кийимларни ташлаб юбориб ёки тарқатиб юбориб, янги, чиройли ва урф бўлган кийимлар учун шкафда жой очасиз. “Керакли жой бўш қолмайди” дейишади-ку. Агар шкафингиз ва токчаларингизда буюмлар доим тахланиб турса, демак улар узоқ бўш қолиб кетмайди. Гардеробни текшириб чиқиш бўйича ҳаракатлар режаси: 1. Шкафни тўлиқ бўшатинг. Шкафдаги барча буюмларни полга ёки катта диванга олиб қўйинг. Шкафда ҲЕЧ НАРСА қолмаслиги жуда муҳим. 2. Ортиқча нарсани ташлаб юборинг. Керакли кийимни аниқлаш жуда осон. Агар йил давомида уни бирор мартаям киймаган бўлсангиз, демак дадиллик билан бировга бериб юборишингиз мумкин. «Эҳ, бу кофта ҳали янги эди», «Оҳ, бу шимни 5 йилдан бери семирганим учун киёлмайман, лекин озишим мумкин-ку...», «Ў-ў-ў! Мана бу жуда башанг битирув кўйлаги эди. Қачонлардир уни яна кияман...» деб ўзингизни алдаб ўтирманг. Агар бирор буюмни ташлаб юборишга кўзингиз қиймаса, уни шкафга тиқмасдан, сал кўздан нарироққа олиб қўйинг, бир йилдан кейин барибир кимгадир бериб юборасиз. Кераксиз кийимларни ҳақиқатан ҳам уларга муҳтож кишиларга тарқатишингиз мумкин. Гардеробингизда бор-йўғи 1-2 марта кийилган ва сизга ёқмай қолган буюмлар бўлиши тайин. Бундай кийимларни секонд-хэндларга топширишингиз ёки хайрия жамғармасига обориб беришингиз мумкин. 3. Қолган кийимларни саралаб чиқинг. Севимли кийимлар ва зарур кийимлар бўлади. Энг сўнгги мода сайтлари ва журналларини варақлаб кўринг. Севимли кийимларингизга танқид кўзи билан қараган ҳолда, либосингизда янги ранглар ва услублар қоришмасини ўйлаб топинг. Балки улар энди унчалик яхши кўринмас ёки ҳаддан ташқари консервативдир. Уларга қандай қилиб янги кўриниш беришингиз мумкинлигини ўйлаб кўринг. Қоғоз ва қалам олиб, сизда мавжуд бўлган кийим билан уйғунлик ҳосил қиладиган яна қандай аксессуарлар ва кийимларни сотиб олиш кераклигини ёзинг. 4. Шоппинг ташкил қилинг. Ўзингиз учун кичик байрам уюштириш вақти келди. Энди сиз гардеробингизга қандай кийимлар кераклигини яхши биласиз ва сотувчининг бирор бир урф бўлган кофтани сотиб олишга бўлган ундашларига рози бўлмайсиз. Мода сайтларидан ташқи қиёфангизни ўзгартириб юборадиган либосларни мўлжаллаб қўйган бўлсангиз керак. Улар албатта гардеробингизнинг кўрки бўлиши шубҳасиз.
|