Бир америкалик фаст-фуд (тезда тайёр бўладиган емаклар) учун йилига ўртача 500 доллар сарфлайди. Чикагодаги халқаро тадқиқот агентлиги ўтказган сўровлар натижаси шуни кўрсатмоқда. 16 ёшдан 65 ёшгача бўлган 1000 киши ўртасида ўтказилган онлайн тадқиқотга кўра, америкаликларнинг тез тайёр бўладиган овқатларга «муҳаббатлари» ҳамон сўнмаган. Сўралганларнинг тенг ярмиси кунига камида бир марта фаст-фуд истеъмол қилишса, 20 фоизи ҳар икки кунда бир марта бундай емак билан қорин тўқлар экан. Америка аҳолисининг 14 фоизи жамики фастфудларнинг ярмисини истеъмол қилади. Фастфуд камбағалларнинг таоми, деган қарашларга қарши ўлароқ, гамбургерхўрларнинг ярмиси йилига 67,5 минг доллар даромадга эга бўлган ўрта ёшли эркаклар эканлиги ойдинлашган. Бу эса АҚШдаги аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад (58,9 минг дол-лар)дан 15 фоизга кўп демакдир.