Жуманиёзова "Занг-зангини” дея куйлаганда, бехос рақсга тушадиганлар талай. Ижодида анча хитлар яратгани ҳам рост. Бироқ, халқ тилида айтганда, унга кўз тегди ё ёнидагиларнинг кичик-катта хатолиги сабаб у бугун деярли кўриниш берямаяпти. "Истиқлол” санъат саройидаги муваффақиятли концертлари, турли мусиқий тадбирларидаги ижроси туфайли Ферузанинг исми тилга олинганида кўплаб ҳамкасбларини ҳайиқтириб ҳам қўйди. Бугун эса бу ҳайиқишдан асар ҳам йўқ! Хонандадан янги қўшиқлар, янги клиплар кутиш амримаҳол бўлиб қолди. Сўнгги икки йил ичида Жуманиёзованинг тўйи ҳақидаги гаплар омма орасида кенг тарқалди. ОАВлари ҳам тинмай маълумот тарқатди. Бироқ, умид учқунидан нишон ҳам йўқ. Хонанда атрофидаи ўралашган бундай маълумотларга аслида унинг ёнидаги маслакдошлари кўпроқ сабабчи. Ахир, у ҳеч қачон шахсан ҳеч кимга интервью берган эмас! Ферузанинг "тил”и унинг онаси. Шу сабабли, унинг бугунги таназзулга юз тутган ижоди ҳақида гап кетганда, хонанданинг онасини рўкач қилишади. Ҳеч бир она фарзандига ёмонликни раво кўрмаслиги бор гап. Бироқ, хатолик қилиш ёш танлайдими? Бу кетишда ёш ҳурлиқонинг ижоди, унинг саҳнага яна қайтиши армон бўлиб қолмайдими? Хулоса чиқариш даври келгандай... JASUR HAMROYEV