|
 Бир актрисамиз шифохонада эканлиги ҳақида эшитиб қолдим. Унинг автоҳалокатга учрагани ҳақидаги маълумот эса тезда унинг ҳолидан хабар олишга ундади. Феруза Собитовани яхши танийсиз. "Телба”даги меҳрибон опа, "Қалбаки дунёда”ги қилмишларига пушаймон аёл образлари орқали ва ўнлаб клипларидаги роллари орқали юзлаб мухлиларига эга. Ферузага қўнғироқ қилдик. -Туркиянинг Истамбул шаҳрида "Уқубат” картинасида суратга тушаётган кезларимиз эди. Бир куни суратга олиш майдончасига йўл олаётган маҳалимиз, қаттиқ чарчабманми, кўзим кетиб қолибди. Автоҳалокатга учрабмиз! Шок ҳолатида эдим...Кўз олдимда раҳматли Мўмин Орипов гавдаланди. Гўё у дунёга бир баҳя тушиб қолгандек бўлдим. Кейин реал воқеаларни ўйлай бошладим: бошқаларнинг аҳволи нима бўлди? Актриса Гулнора Қосимованинг бакирикларини эшитдим. Секин ўзимга келганимда ўриндиқда ўтирибман.Бир соатлар ичида сал-пал ўзимга келиб, ёнимдагиларнинг хавотирига қарамай...суратга тушишга ошиқдим. Бурним йиртилиб кетганди, қон оқди. Масъулият ҳиссини туйиб, суратга олиш бекор қилинмаслигини истаб, қай тарзда қийналмай, ҳаммаси кўнгилдагидек бўлишини истадим. Ўзимдан ўтганини ўзим биламан. Яхшиям дугонам бор экан, у врачга олиб борди. Картина ижодкорларидан эса дарак йўқ. Тошкентга қайтгач, оғриқлар кўпая бошлади. Ҳол аҳвол сўрайдиган кинокартина ижодкори топилиб қолар деб ўйладим. Йўқ, яна дўстларим кунимга яради. Тезда шифохонага олиб боришди. Менга алам қилгани, шундай меҳрга муҳтож дамларингда инсонларча йўл тутишмаса...Бир нарса ҳақида хулоса қилдим. Иримларга ишонмайман-у, гоҳида кўп сирли боғлиқликларга дуч келасан, киши. Фильмнинг номига мувофиқ тарзда суратга олиш ҳам уқубатли бўлди. Шифохонада эканлигимни картина директорига айтдим. Улар ҳазил деб ўйладими, ҳолимдан хабар ҳам олишмади. Аюб Шаҳобиддинов, Ризвонгул, Раъно Шодиева, Дилором Эгамбердиева, Муҳаббат Абдуллаева, Саид Мухторлар кунора келишяпти. Рўпарамдаги хонада эса севимли актрисам Гулчехра Саъдуллаева ҳам даволанаётган экан. У киши билан диллашиб, дардимга озми-кўпми шифо ҳам топяпман. Бу гапларни нега айтяпман. Битта нарсани тўғри тушунишларини хоҳлардим. Бу ҳаёт яхшилик қилишга, оқибатли бўлишга арзийди. Қолгани эса бир пул. Наҳотки, бир чимдим меҳрни улашишни ўзимизга эп кўрмасак, ё бошқалардан қизғонсак? Ферузанинг гапларида жон бор. Назаримда, ҳар қандай касбдаги одамни ҳайвондан фарқлайдиган энг олий хислат бу инсонийлик бўлса керак! Бу фазилатни унутган кўрнамак бўлса, уни ўз вақтида кўрсата олмаган эса гумроҳдир. Келинг, меҳримизни бир-биримиздан дариғ тутмайлик! Jasur
|