Биз ҳукмингизга Убайдулло Омоннинг суҳбат чоғида билдирган эксклюзив жумла ва фактларини келтириб ўтишни лозим топдик. Ўқинг,бу қизиқ!
Дарвоқе, бу гал лойиҳа анъаналаридан маълум сабабларга кўра чекиндик: бошловчилик курсисини Дилмурод Ғуломов ўрнига Умидхон Расулов эгаллади.
1. "Агар актёр бўлмаганимда терговчи бўлардим!”
2. "Олдин радио кўп тинглардим. Ҳозир бунинг асло иложи йўқ. Эски бўлса-да овози ҳеч тинмайдиган радиомагнитафоним бор эди. Бузилиб қолган шекилли, умуман садо чиқармайди.”
3. "Одамларнинг жаҳлини чиқара олмайман. Шу боисдан, фаришта образини бемалол ярата оламан.”
4. "Менимча, "Фарёд”даги соқов отадан бошқа яхши рол ҳали яратмадим. ”
5. "Ёш актёрлар орасида энг истеъдодлиси, сўссиз, Улуғбек Қодиров.”
6. "Айни пайтда Бухоро шаҳридаги Садриддин Айний номли театрда бош режиссёр сифатида фаолият юритяпман.”
7. "Энг сўнгги суратга тушган фильмим "100 кун”дир.”
8. "Фильмида суратга тушишни орзу қилган режиссёрим бор. Фақат унинг исмини айтмайман. Бошқалари хафа бўлишини истамайман.”
9. "Тез-тез соғиниб турадиган ролим ҳозирча йўқ.”
10. "Устоз бўлишдан кўра, шогирд бўлиш қийин.”
11. "Вир ва Зара” юрагимдан жой олган фильм. Шу боис, қўшиқларини севиб тинглайман ва хиргойи қиламан.”
12. "Дилноза Кубаева ва Гулчеҳра Эшонқулова тарозининг икки палласи. Иккаласида ҳам истеъдод бор. Иккаласи билан ҳам мириқиб рол ижро этганман.”
13. "Ҳар бир суратга тушиш жараёнимда режиссёр англасинки, мен унинг дўстиман.”
14. "Тахминан 5 та сценарийдан 1 тасини танлайман ва суратга тушишга рози бўламан.”
15. "Ўзбек томошабини адолатни яхши кўради. Фильмларда ҳам айнан мана шу тушунчага катта аҳамият қаратиш лозим.”
16. "Кейинги суратга тушадиган фильмларда мухлисларим истакларини инобатга олиб, ўз қаҳрамонимга ўзим овоз беришни таклиф этаман. ”
17. "Ҳар бир инсон ҳаётда актёр. Ҳар ким ўзи билган ва билмаган ҳолда актёрлик қилади. ”
18. "Таксида кўп юраман. Ҳайдовчилар кўп саволлар беришади. Айниқса, ҳамкасбларим оилалари билан қизиқишади.”
19. "Мени ёш болалар ва қариялар йиғлатиши мумкин. Суратга олиш ишларида ҳамиша табиий кўз ёш тўкаман. Ҳаётимдаги энг оғир дамларни эсласам бас.”
20. "Энг катта орзуим Амир Темур образини яратиш.”
21. "Озодбек Назарбеков Шерали Жўраевдан байроқни олиб қўйди, чамамда. Озодбекнинг муваффақият сири унинг дарди борлигида.”
22. "Режиссёрларимизда орзу, ҳавас, интилиш бор. Бироқ, асл муваффақиятга етишиш йўлида илм, фундамент йўқ.”
23. "Айрим режиссёрларда на ғоя, на мақсад бор! Ҳатто нима учун фильм суратга олаётганига ҳам жавоб топишолмайди.”
24. Бугун юлдузлик касаллигига чалинган, калонпоғ ёш ижодкорларга маслаҳатим шундай: такаббурлик ҳар биримизда бор. Нафс балоси ичимизда аждорҳа бўлиб яшаб, шайтонга ошно тутинади. Устозингиз юзига чопмоқчи бўлсангиз унинг яхшиликлари ҳақида ўйланг, шайтон қочиб кетади! Менинг ўзим шахсий тажрибамда синаб кўрганман!”
25. "Менинг оламимга Холливуддан кўра, Болливуд яқин.”
26. "Айни пайтда энг яхши қўшиқчи...Озодбек. Ҳа, фақат Озодбек. Ундан зўри йўқ.”
27. "Жеймс Кэмерон ёки Риддли Скотт. Қай бири кучли деб сўрадингизми?...Рости уларни танимайман.”
28. "Муҳаббатнома” фильмини мен "Афғон қуши” деб номлаган бўлардим. Фильмда бир камчилик бор: асосий қаҳрамон қолиб, биринчи планга Жаҳонгир Позилжоновнинг роли чиқиб кетган.”
29. "Соқолимни имиж сифатида ҳам кўришади. Бироқ, бир фильмда такси ҳайдовчиси ролини ижро этдим. Сценарийга мувофиқ, соқолимдан воз кечишимга тўғри келди.”
30. "Ўзим ҳақимда ўз фикрларимни билмоқчимисиз? Характерим мураккаб. Бурчим чаёнлиги учун ҳам дардим ичимда.Китобни, сокинликни севаман. Дунёда дўст борлигига ишонмайман!”
31. "Сафдош, улфат, касбдош бу қаторни узоқ давом эттириш мумкин...Дўст ким? Қайси одамки, бошимга ташвиш тушганида ич ичидан хафа бўлсин, ғамимга шерик бўлсин, кўрмаса зериксин...Дўст тушунчасининг шу боисдан ҳам қиймати жуда баланд! Ўзингизга шу фикрни бир чақиб кўринг-чи сиз қандай дўстсиз?!”
32. "Ўзим билан ўзим суҳбат қурсам, лаззатланаман. Ёлғизликни яхши кўраман.”
33. "Ҳеч нарсани режалаштирмайман.”
34. "Ёлғизликнинг бошқа номи хотиржамликдир.”
35. "Ростини айтсам, меҳмонлар мени зериктиради.”
36. "Актёр кинода фақат ўзини ўйнайверса, томошабиннинг меъдасига тегади. Актёр ҳам "фокусчи”га ўхшаб, турли туман ролларда намоён бўлса, ҳеч қачон сўнмайди. Аслини олсангиз, роллар кўп, образларни яратиш эса камдан кам актёрларга насиб этади.”
37. "Шукур Бурхонов "Тоҳир ва Зуҳра”да Қора Ботир, "Шоҳ Эдеп”да Шоҳ Эдеп, "Қиёмат қарз”да отахон образларини яратдики, бу образлар унинг номини тарихга муҳрлади. Ҳар биримизга шундай буюк образлар яратиш насиб этсин!”
38. "Юртимиздан қанча тасаввуф илми олимлари етишиб чиққан.Боболаримиз номи билан европа шаҳарлари кўчалари ҳам номланган. Ўзбекистонда туғилганимдан фахрланаман.”
39. "Ҳар дақиқа ўтмишга айланяпти. Биз шу дақиқаларнинг гувоҳимиз. Шунинг учун ҳам, ҳозирнинг, ҳозирги онларнинг қадрига етмоғимиз даркор.”
Jasur HAMROYEV
|