Тошкент ахборот технологиялари университетининг Фарғона филиали янги биносида ЕСTACО компанияси маҳсулоти — JETBООK электрон китоби тақдимотига бағишланган анжуман бўлиб ўтди.
Унда филиал талаба ва ўқитувчилари, вилоятдаги олий ва ўрта-махсус касб-ҳунар ҳамда халқ таълими ўқув муассасалари педагог-олимлари, турли ташкилотларнинг мутахассислари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Тақдимот маросимида сўзга чиққан компания бош директори С.Гарраев компания фаолияти, янги 2010 йилда JETBООK электрон китоблари Фарғона шаҳрида ишлаб чиқарилиши кўзда тутилаётганлиги тўғрисида атрофлича гапириб берди.
Электроника оламида катта бурилиш деб таърифланаётган электрон китоб ҳақида эса компания вакили Д.Гапиров тўла маълумотларни тақдим этди ва саволларга жавоб берди.
Бир сўз билан айтганда, инсониятнинг энг эзгу орзуларидан бири амалга ошди. Дарҳақиқат юз мингтагача бўлган касбларни ўзида мужассам этган, мўъжазгина, вазни 200 грамм келадиган китобчани чўнтакда олиб юриш қанчалар мароқли. Истаган вақтда сафарда, дам олаётганда, шифохонада олиб ўқиш мумкин. Қолаверса, китоб сотиб олиш заруратидан ҳам халос бўласиз. Сизга шунча китоб совға. Жаҳон адабиёти хазиналари доимо сиз билан бирга. Титилиб, йиртилиб кетмайди. Исталган катталикдаги шрифтда кўзойнаксиз ўқиш мумкинлигини айтмайсизми. Шуниси борки, аудиокитобларни нафақат ўқиш, балки эшитса ҳам бўлади. Рус-инглиз, инглиз-рус тиллари луғатлари жой олганки, тилни қисқа муддатларда ўрганасиз. Сўзни айтсангиз — таржимасини эшитасиз. Сўзларни ва ибораларни тўғри талаффуз қилишни бошлайсиз. Хуллас, вақтингиз борида ҳам, йўғида ҳам инглиз тилини ўрганаверасиз.
Рartner(R) E 900 исталган матнни С Реn сканер-ручкаси ёрдамида ўқийди ва таржима қилади. Хуллас, у хотирасига миллиондан ортиқ сўзни сиғдиради. Китоб экранида 39 тиллар рўйхатидан ўзингиз таржима қилмоқчи бўлган тилни танлаб хоҳлаган мамлакатингизда ўз фикрингизни тушунтира оласиз. Кинозали орқали севган филмларингизни кўрасиз. Айниқса, электрон китобдан мактаб дарсликлари ҳам жой олиши ғоят қувонарлидир. Унинг қулайлигини бир тасаввур этиб кўринг.
Тадбирда буларнинг ҳаммаси видеофилмда намойиш этилди.
Инсон салоҳиятини тинимсиз оширишга хизмат қилувчи бу кашфиётнинг аҳамияти ҳақида кўп ва хўб гапириш мумкин.
Энг муҳими, бу аудиокитоблар айнан Фарғонада ишлаб чиқарилиши ҳар бир фарғоналикка чексиз фахр-ифтихор бағишлайди.
Ҳафиза САЛЯҲОВА,
"Xabar"нинг Фарғона вилоятидаги мухбири
|