Баъзида қулоққа чалинадиган мухлисларнинг
‘‘Артистларга мазза-да, қачон қарама ҳангома, хурсандчилик’’,
‘‘Шуларнинг ҳам армони бормикин?’’ қабилидаги фикр-мулоҳазаларига
жавобан халқимизнинг севимли актёри Эркин Комилов ҳақида ёритишни лозим
топдик.
Чунки бу актёр турмуши, оилавий ҳаёти қай тариқа
кечишидан қатъи назар, ҳамиша саҳнага томошабин истаган қиёфада чиқишга
ўзида куч топа билган...
Эркин Комилов оддий оилада дунёга келди. Ота-онаси
уни вояга етказгунча 20га яқин фарзандларини ерга қўйганлар. Хуллас,
бўлажак актёр ота-онасининг суянчиғи бўлиб ўсди. Қаҳрамонимиз уруш
тамом бўлиши йилларида дунёга келган, у улғайган вақтида ҳаёт
машаққатлари давом этарди. Тақдир тақозоси билан Ўшга бориб қолган
Эркин Комилов ўша ерда биринчи марта театрга келиб, шу ерда ишламоқчи
эканини айтади. Уни саҳна ишчиси сифатида қабул қиладилар. Шу ерда у
актёрлар ҳам ўзи каби оддий одамлар эканини кўриб таажжубда қолади. Мана
шу ерда бошланган, санъатга – театр санъатига буюк муҳаббати уни
Тошкентга, санъат олий ўқув юртига етаклаб келади...
– Эркин Комилович, шу кечаю кундузда қайси
спектакль, фильмларда роль ўйнаяпсиз?
– Санжар Шодиев деган режиссёр йигитимиз бор. Ўзи аслида комик актёр.
Хуллас, у янги фильм суратга олаётган экан. "Қалб кўзи” номли. Таклиф
қилди, сценарий Эркин Воҳидовнинг:
‘‘Алқиссаким жуда қадим жаҳолатли замонда,
Бир донишманд, улуғ ҳаким ўтган экан жаҳонда…’’ деган қасидаси билан
бошлангани учун ҳам рози бўлдим. Фильмда институт домласи ролини ижро
этаман.
Кейинги пайтларда кўплаб таклифларни рад этишга тўғри келди. Оилавий
машмашалар, бачкана ишқ қиссалари, қаёқдаги олди-қочди воқеалар,
савияси паст сценарийларни ўқиб, тўғриси, жаҳлим чиқади. Ҳозирда
қўйилаётган асарлар, олинаётган фильмлар зиёлилар тугул, оддий
деҳқоннинг ҳам юрагини ларзага сололмаяпти.
Худо хоҳласа яхши образларим билан халққа ўзимни кўрсатаман. Энди
"йўқолиб қолиш” йўқ!
...Ўғлига суяниб қолган, шу билан бирга, Тошкентнинг ‘‘шўх қизлари
бошини айлантириб қўйишидан қўрққан’’ она Эркин Комиловни ўзларининг
қишлоғидан Эътиборхон исмли қизга уйлантириб қўйишга аҳд қилади. Кўп
ўтмай ёш оилада Фотима ва Зуҳра исмли қизалоқлар дунёга келади. Эркин
ака фарзандларини жуда севарди. Афсуски, Эътиборхоннинг умри қисқа экан,
кўп ўтмай у оламдан кўз юмди. Вақт ўтиб борар, лекин Эркин Комилов
қайта уйланишга шошилмасди...
Аммо ҳаёт давом этар, болаларга она керак эди. Шунда у... касбдоши
Мўътабархонга қалбини ёради. Мўътабар қизларга оналик қилишга ваъда
беради. Афсуски, шафқатсиз дард Мўътабархонни ҳам Эркин аканинг
бағридан, саҳнадан бевақт олиб кетади...
– Эркин Комилович, сизнинг ҳаёт ҳақидаги тушунчангиз қандай?
– Ҳаёт бу – хазина. Унда ғарқ бўлиб кетишингиз ёки аксинча, рўёбга
чиқишингиз мумкин. Ҳаёт замирида вақт туради, ана шу вақтдан унумли
фойдалана олган инсонгина бахтли ҳисобланади.
– Ҳозирги кунда кино соҳасининг фожиаси нимада деб ўйлайсиз?
– Кинонинг бизнесга айланиб кетганида! Катта даромад илинжида
режиссёрлар қўшиқ-чиларни кинога таклиф қиляпти. Актёрлик
факультетларини тамомлаётган ёшлар-чи?!
Кейинги пайтларда санъатнинг қайси йўналишида ижод қилаётганимизни
унутиб қўйяпмиз чамамда. Ўзимизни ҳар кўйга соляпмиз. Битта касбни
ривожлантиролмай туриб, ‘‘зора мана шунда омадим чопса’’, деб бошқа бир
соҳага қўл урмоқдамиз.
Йўл қўйилаётган энг катта онгсизликлардан яна бири режиссёр бирон-бир
актёр ёки актрисани ‘‘кашф қилса’’ комедияда ҳам, трагедияда ҳам,
мелодрамада ҳам, хуллас ҳамма жойда ўша чеҳрани кўраверасиз.
‘‘Жамоамизда, – деб ёзади ўзининг ‘‘Улуғлар орасида’’ деб номланган
хотира китобида Зикир Муҳаммаджонов, – режиссёрга ёрдамчи бўлиб иш
бошлаган Маҳбуба исмли қиз бўлиб, у гўзаллиги, одоби билан кўпчиликка
ёқиб қолди. Эркин онасига шу қизни бир кўриб қўйишни айтди...
Хуллас, улар оила қуришди, фарзандли ҳам бўлишди.
Кўрганингиздек, актёрларнинг ҳам ўзларига яраша турмуш ташвишлари
етарли бўлади. Лекин ўтган шунча воқеалар, қанча ташвишларга қарамай,
Эркин бир зум бўлса-да, санъатда сусткашликка йўл қўйгани йўқ. Эркинга
ўхшаган ўз касбининг ҳақиқий фидойилари ҳар қандай шароитда ҳам
эътиқодларига содиқ қоладилар. Турмушдаги ташвишга яраша саҳна уларга
олам-олам завқ беради’’.
– Ҳаётингиз давомида жуда кўп фалсафий, кучли драматик
ролларни ижро этгансиз. Айтинг-чи, образга кириб кетиш актёрга қанчалик
таъсир кўрсатиши мумкин?
– Бундан бир неча йиллар олдин "Гирдоб” номли тўрт серияли фильм
суратга олинди. Унда Азиз Қосимов исмли қаҳрамонни талқин қилганман.
Фильм охирида, Муҳаммад Чатоқ исмли қаҳрамон менга: "Сиздан бу нарсани
кутмаган эдим, келинни хафа қилиб қўйибсиз. Уйга бормаяпсиз экан. Нима,
ажрашмоқчимисизлар?” дейди. Мен, яъни Азиз Қосимов Чатоққа: "Хотиним
суюқоёқроқ чиқди” деб айтолмай, бор гапни ичимга ютиб, "Муҳаммад ака,
бу ишга сиз аралашмаганингиз маъқул’’ дейишим керак. Шу жойда юрагим
ғалати бўлиб қолган, врач чақиртиришга тўғри келган.
Албатта, саҳнадаги изтиробли ҳолатлар, бақир-чақирлар, йиғлашлар
актёрга қаттиқ таъсир қилади. Йиғлаганингизда маза қиласиз. Бутун ғам-
андуҳларингиз чиқиб кетади, лекин бу нарса асабга, юракка таъсир қилади.
Шунинг учун ҳам актёрлар ёши ўтгандан кейин гап кўтармайдиган,
йиғи-сиғи қиладиган, асабий бўлиб қолишади...
– Бир гап қулоғимга чалинди. Бир актёр съёмка пайтида ролини
ўхшата олмаган(йиғлолмаган). Шунда режиссёр, "Қўяверинг, сал-пал ҳолатга
кирсангиз кифоя, буёғини ўзимиз тўғрилаб юборамиз” деган. Режиссёрнинг
бу ҳаракатига қандай изоҳ бериш мумкин?
– Бу ўғрилик! Санъатни оёқости қилиб топтаётганлар – мана шулар!
Устозим раҳматли Шукур Бурхоновнинг бир гапи бор: "Артистнинг ўғриси
бўлади…” деган. "Артистнинг ўғриси қандай бўлади, устоз?” деб
сўраганимда, "Артистнинг ўғриси саҳнада ёлғон йиғлаган, ёлғон кулган,
ёлғон гапирган одам. Ўғрилик билан бола-чақа боқма!” дегандилар.
Йиғлайдиган жойида кўзёш тўкиш шарт эмасдир, ўша роль балки йиғини
кўзга бермасдан, босиб турадиган ҳолатдадир. Томошабин шуни кўради-да,
"Ҳа, ичи қайнаяпти бу одамнинг…” деб ўйлайди. Аслида ич ёнади, азоб
чекади, лекин йиғламайди!
– Айрим актёрларда кибру ҳавони кўрамиз. Бунга муносабатингиз
қандай?
– Машҳурликнинг уч босқичи бор: халқ эътиборига тушиш, халқ
муҳаббатини қозониш, халқ эътиқодига тушиш. Баъзи бир актёрларни ўзининг
маҳалласи, таниш-билишлари "Манави ролни зўр ўйнадингиз!” деб мақтаб
қўйса, у одамда кибр пайдо бўлади. "Ҳа, демак, мен халқ эътиборига
тушибман-да…” деб кибру ҳавога берилади. Кибр – яхшиликка олиб
келмайди, у ижодни сўндиради. Дарахтлар бор, шундай чиройли, эман,
чинорлар… Юз йиллаб бўронларга, шамолларга бардош берган дарахтларнинг
ичига йиллар ўтиб қурт тушади. Қурт секин-секин ичини кемира бошлайди.
Қурт нима? Икки бармоқ орасида эзса, нобуд бўладиган нарса. Қанча
офату, довулларга бардош берган дарахтни ўша жимитдай қурт еб адо
қилади. Кибр ҳам худди шундай қурт мисоли.
Кўп ўқиган, ўзига ишонган одамда кибр бўлмайди. Ўзининг ролини
қойилмақом қилиб "Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” деб ўйнайдиган ҳақиқий
актёрда, аксинча, хокисорлик, камтарлик, андиша мужассам бўлади.
Эркин Комилов ҳар бир ролини санъат даражасига кўтарган моҳир
санъаткордир. Санъатимиз дарғаси, буюк актёр Шукур Бурҳонов Эркин
Комиловни ‘‘Шоҳ Эдип’’ спектаклидаги Ҳоқон ролида кўриб, кейинчалик уни
шу ном билан атаб юргани бежиз эмас. Балки у ўшандаёқ ўзига муносиб
шогирд тайёрлаётганидан қувониб айтгандир бу гапни.
– Эркин Комилович, буюк устозлар қўлида таълим-тар-бия
олгансиз. Ўзингиз ҳам шогирд етиштирдингизми?
– Шогирдларим йўқ эмас. Лекин ҳали улар бирорта ролни қойилмақом
қилиб ижро этганини эслолмайман. Мен фахрланадиган актёрлар: Асадулла
Набиев, Саида Раметова…
Устозим Шукур Бурҳоновнинг ўгитлари, ҳар битта сўзларини юрагимга жо
айлаб келаман. Шу ўтирган хонам ҳам устозимнинг хонаси. Кирганимдан
сўнг, биринчи навбатда Қуръон тиловат қиламан, кейин иш бошлайман. Шукур
акам агар бирорта ролни чиқариб беролмасам, ҳолатга тушолмасам, юзимга
тарсаки қўйиб юборар эдилар... Ҳозирги ёшларга озгина дакки бериб
кўринг-чи, тўнини тескари кийиб, сиз билан беш-олти ойлаб юзкўрмас
бўлиб юради. – "Уч кунлик дунё” спектакли сўнгида марҳум
шоиримиз Муҳаммад Юсуфнинг чиройли мисраларини ўқийсиз. Бу кимнинг
топилмаси?
– Режиссёримиз Марат Азимов спектаклга ечим тополмай, роса қийналиб
кетди. Бир пайт хаёлимга бир фикр келди. "Марат, Муҳаммад Юсуфнинг шу
шеърини қара, ечимга роса ‘‘ёпишади!” деб ўша шеърни ўқиб бердим.
Режиссёр "Во! Зўр!” деб юборди. Хуллас, ечимни ўзим топганман, ғоя
ўзимники.
– "Уч кунлик дунё” спектак-лидаги ҳолат ҳаётингизда рўй
берса, қандай йўл тутган бўлардингиз?
– Ҳаётим 20-30 йилга ортга қайтганида шу касбни танлаган бўлардим-у,
лекин энди бошқача яшардим. Афсус, энди ортга қайтиш йўқ...
Кимлардир мақтанди,
савлати билан,
Кимлардир мансаби,
давлати билан.
Нимам билан мақтанай
деб турсам мен,
Ажал чалиб ўтди,
навбати билан…
– Агар сиздан ёшлар "Менга устозлик қилинг” деб ёрдам сўраб
келишса, ёрдам берасизми?
– Албатта! Бир куни Маданият институтидан хонамга иккита йигит кириб
келди. Гавдалари кўтарилган, виқорли… "Шаштларинг баланд-ку!” дедим
ичимда. "Актёрликка қизиқишимиз кучли, бизга ёрдам беринг!” де-йишди.
"Бажонидил, хўш, Шукур Бурҳонов ким бўлган?” деб савол бердим. Иккиси
ҳам жим. Узоқ сукутдан сўнг, бири тилга кириб: "Бастакор…” дейди! Тепа
сочим тикка бўлди. Юзига қарсиллатиб қўйворай дедим, шайтонга ҳай
бериб, ўзимни босиб, "Сора Эшонтўраева-чи?” десам, яна жимжитлик…
Бир–бирига қарайди. "Баҳор ансамблининг раққосаси бўлган!” дедим, атай
кесатиб. Ва иккисини ҳам ҳайдаб юбордим. Институтда нима ўргатишяпти
буларга? Мен улардан Шекспир, Шиллер, Достоевскийни сўраганим йўқ,
ахир! Улардан актёр эмас, қип-қизил масхарабоз чиқади!
– Актёр учун энг зарури ни-ма?
– Актёрдан асосан юксак истеъдод талаб этилади. Бундан ташқари теран
фикр, чуқур онг, равон нутқ, изланувчанлик, кузатувчанлик зарур.
– Илк бора саҳнага қадам қўйганингиздаги ҳаяжонин-гизни эслай
оласизми?
– Комил Яшиннинг "Йўлчи юлдуз” драмасида туркман отряди бошлиғи Аваз
ролини ўйнашим керак эди. Режиссёр Тўра ака: "Агар шу ролни яхши
ўйнасангиз театрда олиб қоламан, йўқса Андижонингизга кетаверасиз!”
деган. Туркман тилини ўрганиш учун ўн етти кун туркман
эр-хотинларникига қатнаганман. Туркман тилидаги монологни айтганимдан
кейингина Тўра ака "Мана, театримизга яна бир актёр қўшилди – Эркинбой
Комилов!” деб мени томошабинларга таништирган...
Шукур Бурҳонов назари тушган актёрнинг санъат даргоҳига кириб
келганига қирқ йилча бўлди. У ижодидан қувонганида, ё афсус чекканида
буюк устозлар қўйилган қабристонга йўл олади. Ўша маконда Аброр
Ҳидоятов ғурур тўкиб туриши, Шукур Бурҳоновнинг дардли боқиши, танаси
қуриб, охирги кунларини яшаётганда ҳам куйлашдан тўхтамаган Ботир
Зокиров сиймосига кўзи тушар экан, ‘‘Энди ишлайдиган замон келди’’, деб
билагини шимариб, белини маҳкам боғлаб, яна ижодга, ишга шўнғийди. Бу
ҳали яна неча-неча йиллар давом этади. Эркин Комилов яна неча-неча
йиллар мухлисларига қувонч бағишлаб ижод қилаверади.
Интервьюда Зикир Муҳаммаджоновнинг «Улуғлар
орасида» номли хотира китобидан фойдаланилди.
|