– Сен учун жонимни ҳам беришга тайёрман (хиёнаткор эр). – Муҳими ташқимас, ички гўзаллик, жоним (учрашувга чиққан кўримсиз йигит). – Мен буни билардим (талабанинг саволига жавоб беролмаган домла). – Сендан бошқа ҳеч кимга қиё ҳам боқмаганман (уйланаётган йигит). – Э-э-э. Хуш келдингиз! Мен ҳам ҳозир сизни ўйлаб, йўлга тушаётган эдим (қарздор кишининг қарзини сўраб келганга айтган гапи).
– Бир мартада ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди (дорихонада). – Эртага келинг, тайёр бўлади (пора сўрашдан «тортинаётган» амалдор). – Бу укол ҳеч ҳам оғритмайди (укол қилаётган шифокор). – Ҳозир ўзим сенга телефон қилмоқчи эдим. – Бу ерда таниш-билиш кетмайди (жиянини юқори лавозимга тавсия қилаётган раҳбар). – Кириш мумкин эмас деган белгини кўрмай қолибман (ЙПХ ходими тўхтатган ҳайдовчи). – Мен ўтаётганда яшил чироқ ёниб турганди (қизилдан ўтиб, «қўлга тушган» ҳайдовчи). – Жуда хафа бўлдим... Кечаси билан ухлай олмай чиқдим (бошига оғир ташвиш тушган аёлнинг дугонаси). – Бизни ҳам чақиришганди, боролмаймиз. Сизлар кетаверинглар (меҳмонга чақирилмаган киши). – Бизнинг қизимизга кимлар талабгор бўлмади, дейсиз (қизнинг онасининг совчиларга айтган гапи). – Ҳаммага бир хил тақсимланар эди (собиқ коммунистнинг болаларига берган «ўгити»). – Сиз менинг кўз очиб кўрган акамсиз (қарз сўраётган киши). – Ғийбат эмас-у, аслида ўзи шунақа (ғийбатчи). – Орқасидан эмас, ҳозир бўлганида бу гапни юзига ҳам айтган бўлардим (раҳбаридан шикоят қилаётган ходим). – Билсам айтмасмидим, ука (терговда жавоб бераётган киши). – Нима деяпсиз, ахир бу сир-ку, бировга чурқ этсам жоним чиқсин (оғзи бўш дугона). – Йўлда автобус бузилиб қолмаганида, вақтида келган бўлардим (дарсга кеч қолган талаба). – У менинг жияним бўлади (проректорнинг домлага айтган гапи). – Ўзим боқиб катта қилганман (мол сотаётган даллол). – Қўрқманг тоза мол. Ерга тушиб кетса ҳам ҳеч нарса қилмайди. – Бундан арзонини ҳеч қаердан топа олмайсиз (бозордаги сотувчи). – Хаёлимда фақат сенсан (анчадан бери қаллиғига телефон қилмаган йигит). – Бир кийиб юриб кўрсангиз, «ташлаб» юборади (кичик ўлчамдаги молини харидорга ўтказаётган сотувчи). – Роса телефон қилдим, ҳечам тушмади. – Эртага келинг, ҳозир ёнимда йўқ эди (қарз сўраган кишига берилган жавоб). – Бирортаси ёқмаса, ҳаммасини қайтариб оламан, олмаган номард («брак» молни сотаётган сотувчи). – Сиз менинг «отам»сиз (ишга энди кираётган ходим). – Кўтармайди. Бор-йўғи устига 50 сўм қўйганман (бозордаги олиб-сотар). – Вой-бўй, жуда ҳам ярашибди (янги кўйлак кийган аёлнинг «дугонаси»). – Ростини айтганда, имтиҳон саволлари жуда ҳам осон эди (домла амакиси ёрдамида беш олган талаба). – Алло, ада, ҳозир дарс қиляпман (телевизор кўриб ўтирган ўқувчи). – Билиб туриб қилганим йўқ-ку, ахир!!! (ўғрилик устида қўлга тушган жиноятчи). – Шу десангиз, мен сизни танимайроқ турибман (иши тушиб келган одамга айтилган сўз). – Ёлғондан ҳазар қиламан. Умримда бир марта ҳам ёлғон гапирмаганман (ашаддий ёлғончи). – Алло, фалончихон борми? Кечирасиз, яхши йигит, «адашиб» тушиб қолибман (қўлига текин телефон тушиб қолган шилқим йигит). – Нега унақа дейсиз, жуда ширин ош бўлибди, биз тўйиб келган эдик («нозиктаъб» меҳмон). – Дарсингизни жуда яхши кўрамиз-у, бу семестр касалдан бошим чиқмади, рости, бир оз ёрдам қилинг... (имтиҳондан ўтолмаган талаба). – Ҳозир жуда банд эдим... Йўқ-йўқ, ўзим телефон қиламан, кутинг (безор бўлган бошлиқ). – Вой-бў, касалингиз жуда жиддий-ку, ётмасангиз бўлмайди. Бугуноқ ётқизамиз сизни (бойвучча беморни текшираётган шифокор). – Бирон марта бировнинг ҳаққини шу креслода ўтириб еган бўлсам, тешиб чиқсин... (амалдорнинг прокурорга айтган гапи).
|