SPA (СПА) салонлар кўпгина шаҳарларимизда кенг тарқалган. СПА – бу гўзаллик гаровидир. Илгарилари СПА салонларининг доимий мижози фақат аёллар бўлган бўлса, бугунга келиб эркаклар ҳам ўз ташқи кўриниш ва саломатликларини СПА ёрдамида тиклашмоқда.
Дарвоқе, СПА чиндан ҳам организмга тетиклик бағишлайди. Шифобахш ҳамда денгиз ўсимликлари экстрактлари инсон танасига ижобий таъсир кўрсатиб, организмни чиниқтиради.
Мексика Каравотдан ўрин олганингиздан сўнг, косметолог баданингизга кактус бўлакларини санчишни бошлайди. Айтишларича, ушбу "аппликация” организмдаги қон айланиши ва моддалар алмашинувини яхшилар экан.
Хитой Экзотика шайдосимисиз? Унда Чин юрти сари йўл оламиз. Майда балиқчалар билан тўлдирилган ваннага жойлашиб олганингиздан сўнг, юзлаб балиқчалар озуқа излаб танангизга оғизчаларини теккизади. Шу тариқа терингизнинг устки, яъни дағаллашиб қолган қисмидан халос бўласиз. Ваннанинг биргина камчилиги – қитиғингизни келтириши мумкин. Аммо кейин тери бола терисидек майинлашиб қолиши шубҳасиз эмиш.
Ҳиндистон Кактусли муолажадан сўнг энди "Менга ҳеч нарса қўрқинчлимас” дейдиганлар Ҳиндистонга йўл олишлари мумкин. Бу ерда мижозларни илонлар ёрдамида уқалаб қўйишади. Яъни яланғоч баданингизга олтита илонни қўйиб юборишади. Жониворлар баданингиз бўйлаб ўрмалаб, сизнинг мушак ва бўғимларингизни уқалашга киришадилар. Бу ғаройиб массажнинг нархи атиги 70 доллар.
Италия Мамлакатнинг энг обрўли СПА салони саналмиш "Rome Cavalieri Hilton's Grand Spa”да гўзаллик шайдолари ўз баданларига қизил икра(увилдириқ)ни суртадилар. Лондонда эса сочлар учун махсус СПА муолажаларини амалга оширувчи салонлар мавжуд. Уларда сочларга қора икрадан ниқоб қилишади. Қандай қилиб дейсизми? Сочларга аввал икра таркибига кирувчи махсус суюқлик, сўнг янги тайёрланган қора икра суртилар экан. Бундай СПА муолажанинг нархи атиги 210 доллар. Айтганча, Лондоннинг қора икрали ниқоби довруғи Голливудгача етиб борган. Анжелина Жолидан тортиб Никол Кидманларгача вақти-вақти билан ўз шахсий самолётларида Англияга ташриф буюришади. Қора икра суртилган сочлар бошқача жозиба ва кучга эга бўлармиш.
Япония Замонавий СПА салонларида мижозлар соф олтиндан тайёрланган ниқобларга буюртма беришади (Бунда юз ёки бадан териси 24 қирот (асл тошлар ўлчови: тахминан 0,2 граммга тенг)ли таркибида олтин мавжуд бўлган махсус суюқлик билан қопланади). Олтиндан тайёрланган ниқоблар терини тозалаш, силлиқлаш ва ажинларни йўқотиш хусусиятга эга. Муолажа нархи 200дан то 2000 доллар атрофида.
Юртимизда Агар юқорида келтирилган СПА салонлар жойлашган ҳудудлар сизга узоқлик қилса, унда организмингизни маҳаллий муолажалар билан соғломлаштиришингиз мумкин. Масалан, ловияли муолажа. Устига қалин қилиб тўшалган ловияли пол устида ялангоёқ ҳолда юринг. Мутахассисларнинг фикрича, ловия устида юриш товонларда жойлашган биологик фаол нуқталарни фаоллаштиради. "Аввалига ёқимсиз туюлади, аммо муолажадан сўнг чарчоқ бирдан йўқолганини ҳис қиласиз. Кайфият кўтарилади, энг муҳими, бедорликдан халос бўласиз” дейди ловия устида юриб кўрган юртдошларимиздан бири.
|