Ҳадемай қиш ҳам бошланади. Демак, иссиқ кийимларни кўздан кечириб, лозим бўлса уларни аввалдан тозалаб, кийишга яроқли ҳолатга келтириш керак. Кирлигидан ялтираб кетган ёки доғ босган нимпўстин(дублёнка) қандай тозалананиши биласизми?
Кир бўлмаса-да, ўзининг ёрқинлигини йўқотган бу кийимни яна асл ҳолатига қандай қайтаришни билмай, бошингиз қотяптими? Унда қуйидаги маслаҳатларимиз айнан сиз учун… Нимпўстинни кимёвий ҳамда уй шароитида тозалаш усуллари мавжуд. Кимёвий тозалаш Нимпўстинни дуч келган кимёвий тозалаш марказ(химчистка)ларига олиб бориш ярамайди. Сабаб фақатгина юнгли ҳамда чарм кийимларни тозалашга ихтисослашган кимёвий тозалаш марказларида нимпўстинни яхши тозалаш учун керакли воситалар мавжуд. Уй шароитида нимпўстинларнинг тозаланиши Агар нимпўстин ёрлиғида кимёвий тозалаш усули ман этилган бўлса, уни фақатгина уй шароитида тозалашингиз мумкин. Бунинг учун бир нечта асосий омилларга эътибор берсангиз, кифоя. Масалан: нимпўстиндаги доғларни кетказиш учун туздан фойдаланиш асло ярамайди. Тўғри, оқ кофтадаги ёғ доғларини туз ёрдамида тозалаб олиш мумкиндир, лекин нимпўстиндаги доғларни кетказишда бу усулни қўллаб бўлмайди. Негаки, туз нимпўстин чармини кесиб, кўримсиз ҳолатга келтириб қўйиши мумкин. Дублёнкадаги доғдан халос бўлмоқчи экансиз: манний ёрмаси ёки крахмалдан фойдаланинг. Баъзи аёллар нимпўстинларни шампун ёрдамида ювишади. Бу ҳам катта хато. Асло бундай қила кўрманг! Чарм кийимлардаги ёғсиз доғларни оддий ўчиргич ёрдамида тозалаб олса бўлади. Бундан ташқари, тозалаш воситалари сотиладиган дўконларда нимпўстинни тозалашда қўлланиладиган воситалар ҳам бисёр. Хавфсизлик нуқтаи назаридан махсус тозалаш воситасидан фойдаланган маъқул. Эскириб қолган доғларни бензинда намлаб олинган дока ёрдамида артиб, кетказиш мумкин. Аммо нимпўстинларни бундай усул билан тозалашдан аввал, кийимнинг кўринмайдиган қисмида синаб кўришни тавсия этамиз. Нимпўстинларни чангдан тозалашда эса оддий чангютгич қўл келиши мумкин. Бунда чангютгич хўраги чарм матога қаттиқ босилмай, асталик билан тозаланади. Шунингдек, нипўстиндаги кирларни аввал қуруқ ва юмшоқроқ чўтка, сўнг эса совунли сувга ботирилган чўтка ёрдамида тозалаб олиш тавсия этилади. Нимпўстинларда ёқа, енг, чўнтаклар атрофи ялтираб қолиши кузатилади. Бундай доғларни тозалашда тиш ювиш пастаси ҳамда нашатир спиртининг аралашмасига ботириб олинган юмшоқроқ чёткани қўлласа бўлади. Агар тозалаш натижасида нимпўстин нам бўлиб қолса, уни асло илиб қуритиб бўлмайди. Яхшиси, уни текис жойга қўйиб қуритиб олган маъқул. Нимпўстинларни тозалаш усуллари хилма-хил. Энг асосийси, бундай кийимларни тозалашдан аввал унинг ёрлиғидаги қўлланмага эътибор беришни унутмаслик керак.
|