"Хижрон” фильми суратга
олиш жараёни бошланишдан аввалоқ, яъни ишчи номи хали "Тақдир ўйини”
номи билан хамма ерда бир зумда шов-шув бўлди.
Бунга сабаб икки йиллик
танаффусдан сўнг Дилноза Кубаева айнан мазкур фильмда суратга
тушаётгани хақида хабар берилганди. Сир эмас, Дилноза бугунги кун
кинобезнесида энг яхши актриса сифатида қабул қилинади, унинг
турмушга чиққани, танаффус ва сўнгги хаётидаги оғир жудолик мухлисларни
унга нисбатан бўлган диққатини янада оширган эди.
Мазкур
фильмнинг режиссери клипмейкер Ёдгор Носиров эканлиги аксарият
одамларни ажаблантиргани, унинг илк фильми "Божалар” гурухининг
солисти Жахонгир Позилжонов билан бирга режиссерлик қилган "Бойвачча”
фильми бўлиб, у комедик жанрда бўлган эди. Танқидларга хам учраган
мазкур фильмдан сўнг Ёдгорнинг мелодрама йўналишидаги фильмга қўл уриши
қизиқ туюлди.
Суратга олиш жараёни
тугашига оз қолган пайт, бу фильм билан боғлиқ шоу-бизнес оламида турли
гап-сўзлар тарқади. Бу хам бўлса Ёдгор Носировнинг мазкур лойихада
охирига бориб аксарият ёрдамчилар уни тарк этгани ва Ёдгор бир қанча
қийинчиликлар билан уддасидан чиққанлиги хақида эди.
Ёдгор Носиров билан бугун фильм хақида батафсил, Дилноза Кубаева билан боғлиқ саволларга хам жавоб олдик.
Яна фильмга ва биринчи комедия фильмингиздан фарқли ўлароқ драмага қўл уришингиз сабаби?
-Ижодкор хисобланган инсон бир қиррада тўхтаб қолиши бу номдан
четлатади. Хадеб клип олавермайманку. Ижодда ўсиш керак, жиддий
харакатлар ва натижалар кўрсатиш керак. Дурдона ва Гўзал ёзган
сценарийни ўқиганимда мени таъсирлантирди, ва хаётимизда учрайдиган
воқелик ходисаларни мелодрама жанрида томошабинга етказишга қарор
қилдим.
Дилноза
Кубаеванинг ижодидаги танаффус пайтида профессионал режиссерлар ижод
самараларининг баъзиларида, айнан Дилнозанинг образини қидиргандек
сезилди. Фильмга қайтиши асли клипмейкер бўлган ва мелодрама йўналишида
фильм олишга илк қўл урган режиссерни танлаши қизиқ туюлди. Узоқ ва
машшақатли кўндириш ёки бахтли тасодиф?
-Машшақатли бир жараён бўлгани йўқ, шунчаки Дилнозага сценарий ёқиб,
шу рольда ўзини кўра олгани, ва ўзини ижодида бу образ янгилик бўлиш
учун розилик билдирди деб ўйлайман. Дилнозага комедик ва драма роллар
кўп таклиф қилишди лекин "Хижрон”даги роль унга яқинроқ бўлди деб
хисоблайман.
Фильмнинг трейлеридан Дилнозанинг роли салбий сезилгандек бўлди.
-Хозирча унинг роли салбийми йўқми айта олмайман, лекин севиб қолган
қиз ва комедик образларидан фарқли унинг ижодида бу роль янгилик
бўлиши, томошабинларга манзур бўлиб, бу фильмда Дилноза хамшира
қиёфасида намоён бўлишини айтишим мумкин. Кейин бу анча жиддий ва унча
мунча актрисалар ижро қилиб бера олмайдиган роль деб айта оламан,
чунки бу рольни ижро қилиш Дилнозага осон кечмади.
Нима учун бош рольдаги йигитга таниш бўлмаган актер танланди?
-Фильмнинг асосий мақсадларидан бири «Шарқ синема” билан хамкорликда
янги чехраларни намойиш қилиш ғояси бўлди. Лекин аввал кўпчилик
актерларга мурожаат қилинди, уларни номларини келтиришни жоиз топмайман
ва улар бу рольни ижро қила олмасликларини айтиб рад жавобини беришди.
Шунинг учун принципиал равишда янги қиёфаларни кашф қилишга харакат
қилдик. Собиқ «Шарқоний” гурухининг солисти Санжар Қодировнинг роли
дебьют бўлса-да талқин қилган бош ролдаги образи ёмон чиқмади. Яна бош
рольда Муниса Ризаева иштирок этган, у Тарона-2005 концертида қўшиқ
куйлаганди, бу фильмга аслида у эпизодик рольга таклиф қилиниб,
сценарий билан танишгач, бош ролдаги образ унга мос эканлиги, бу
рольни эплай олишига кўзи етиши ва унинг хаётига яқин роль эканлигини
билдирди. Унинг образи эркатой қиз бўлиб, фильм суратга олинишидан
аввал танловдан яхши ўтди. Айтиб ўтишим керак бу рольга хам таниқли
актрисалар таклиф қилинган эди.
Хабаримиз бор Севара Солиева хам танловда иштирок этган, лекин…
-Севара бошқа фильмда бандлиги боис Мунисани танлашга ахд қилдик, вахоланки Севара хам танловдан яхши ўтганди.
Илк режиссерликдаги ишингиз «Бойвачча” фильмида Жахонгир
Позилжонов билан биргаликда суратга олганингиз туфайли балки осонроқ
кечгандир, бу фильмда эса бир ўзингиз ва илк комедик жанрга қараганда
бирмунча мураккаб йўналишдаги фильм қийин бўлса керак. Умуман бу
фильмни суратга олиш жараёнида биринчи фильмдан бу фильмгача бўлган
вақт мобайнида нималарни хис қилдингиз?
-Тўғрисини айтсам, янги чехралар бўлган Санжар Қодиров ва Муниса
Ризаевалар билан ишлаш қийинроқ кечди. Кейин, нафақат режиссер балки,
оператор сифатида хам ишлаганим анча қийинчилик туғдирди ва бу
хатоларни монтаж жараёнида кўрдим. "Бойвачча” фильмига қараганда бу
фильмга кўпроқ мехр бердим, кейин у фильмда Жахонгир билан кўп
бачканаликка йўл қўйганмиз буни тан оламан, "Хижрон”да эса бу нарсалар
йўқ. Хаттоки Санжар ва Мунисанинг образларидаги баъзи бачкана реплика,
диалог сахналарини сценаристлар билан маслахатлашиб, ўзгартириб
ижобийроқ қилишга харакат қилдик. Шунингдек
бу фильмда ўзимни оператор сифатида ижодимда анча ўсганимни, яъни
тажрибамда ривожланиш сездим. Мен янгилик қилдим дея олмайман, лекин
операторлик қонун қоидасининг назарияси бўйича "Хижрон” фильми тўғри
олинган. Бундай фикрларни кўплаб таниқли режиссерлар, Ўзбекистонда
хизмат кўрсатган маданият ходимларидан, шунингдек Айюб Шахобиддинов ва
Ёлқин Тўйчиевлар кўриб операторлик ишимга яхши бахо бериб омад тилашди.
Суратга олиш даврида агар улардан маслахат олганимда балки фильмим сал
бошқачароқ хам бўлган бўларди. Чунки улар кўп фестиваль фильмлари
суратга олишган, бир қанча мукофот ва ютуқлар сохиби. Монтаж жараёнида
ўз ёрдамларини хам Ёлқин Тўйчиев таклиф қилдилар.
Томошабин
фильмдан ўзига ниманидир олиши учун хар бир фильм ўз олдига маълум бир
мақсадни қўяди. Бунда урғу мухаббат, мехр- оқибат, дўстлик деган
нарсаларга қўйилади. "Хижрон” фильми қандай жихатларни олға суради? Нималарга урғу берилди?
-"Хижрон” фильми нафақат ёшлар балки катта ёшдаги инсонлар учун
мўлжалланган дейишим мумкин, чунки, катта ёшдаги аудиториянинг хаётига
боғлиқ воқеалардан ўзларига хулоса қилишлари керак бўлган сахналар
мужассам. Одамлар кўзингизни очинг, бу хаёт, бу тақдир, кун келиб
қилган хатоликдан афсус қилиш мумкин деган тушунчаларни олға суради.
Фильмнинг асосий ютуқларидан бири бу дубляждаги профессионализм, "Хижрон” фильмда у қай даражада?
- Отабек Мусаев "Ватан” фильмидан сўнг икки йил мобайнида дубляжда
қатнашмаган эдилар, ва бу фильмда ўз образларига ўзлари овоз бердилар.
Ўзбекистон халқ артисти Афзал Рафиқов, Зухра Ашурова, Дилдора Рустамова
ва Ўзбегим таронаси радиосининг бошловчилари овоз беришди. Дилноза
Кубаева кўп фильмларда бошқа актрисаларга овоз беришидан хабарингиз
бор, бу сохада уни профессионализмига шубха бўлмаса керак, мазкур
фильмда у ўз қахрамонига овоз берди. Фикримча дубляж профессионал
даражада ўтди.
Илк
фильмингизда кинобизнес ходимлари тарафидан нафақат ижодкор сифатида
балки шахс сифатида хам кескин танқидларга учрадингиз. Балки бугунги
кунга келиб режиссерликка актерлар хам қўл ура бошлагач ундай
танқидларга учрамассиз. Умуман кинобизнес ижодкорлари томонидан
"Хижрон” фильми танқидларга муносиб равишда жавоб берадиган даражада
тайёр деб ўйлайсизми?
-Албатта хар бир режиссерда фильм тақдим қилинишдан аввал хаяжон
бўлади. Режиссерларга «Мана клипмейкер хам сифатли фильм суратга олади”
деган мақсад йўқ. "Бойвачча” фильмида режиссерлар тарафидан Жахонгир
билан 100% танқидга учраган бўлсак, "Хижрон” фильмидан сўнг 50%
режиссерлар менга бўлган танқидий фикридан қайтишига ишонаман.
«Тақдир ўйини”дан "Хижрон»гача бўлган масофа сабаби?
-"Тақдир” ва "Ўйин” номли фильмлар бўлган ва уларга алоқадордек
бўлиб қолмаслиги учун ўзгартирдик. Менимча "Хижрон” – фильм мохиятини
бир сўз билан ифодалашдаги оригинал номланиш деб хисоблайман
Нима учун саунтрек куйлаш учун айнан «Шахзод” гурухи солисти Рашид Холиқовга мурожаат қилдингиз?
-Менга Рашид Холиқовнинг ижоди манзур, уни маданият вакили ва шахс
сифатида хурмат қиламан, ва фильмнинг мохиятини қўшиқда Рашид ака
овозида куйланиши яқинроқ туюлди. Рашид Холиқовга мурожаат қилганимда
улар тарафидан бир оз иккиланиш бўлди, кейин оғзаки фильм хақида айтиб
беришимни сўрадилар. Сюжетни тушунтириб берганимдан сўнг, бу фильм
мохиятида бир икки кун "яшадилар”. Кейин розилик билдирдилар. Шеърига
келганда бир икки шоирга мурожаат қилинди лекин Боб (Бобур) Умаров
матнида тўхталди. Саунтрек мусиқаси басткор Шухрат Зокировга тегишли,
"Тарона рекордс” студиясида ёзилди.
«Хижрон” фильми томошабинларга юзланса:
-Хозирги чиқаётган фильмлардан "Хижрон” фильмининг фарқи анча катта.
Оддий фильм эмас, жуда оғир фильм. Хаёлни бир жойга жамлаб томоша
қилинадиган фильм. Тарбиявий жихатдан хар бир инсон ниманидир олиши
тайин. Бу хаёт намойиши.
Хулосалар эса айнан сизларга боғлиқ, чунки бу фильм сизлар учун яралди.
Хижрон… кўнгиллар ўртайди.
|