Бугунги суҳбатдошим билан интервью уюштириш фикри унинг илк дебют роли «Пойма-пой» фильмини томоша қилгандан сўнг туғилди. Фильм рекламаси ва унга куйланган Нилуфар Усмонованинг «Армонли муҳаббат» қўшиғига ишланган клипдаги бу қизни илк кўрганимда, Дилноза Кубаева яна кинога қайтибди, деб ўйладим.
Кейин яхшилаб қарасам, йўқ у эмас, лекин, жуда ўхшаш. Наҳотки бу Дилнозанинг синглиси бўлса, у ҳам опасининг машҳурлигига қизиқиб, актрисаликни танлади, деб ўйладим. Премьерада саҳнага чиққан фильм ижодкорлари орасидан уни таниш қийин кечди, чунки ҳаётда у бошқачароқ, яъни Дилноза Кубаевага ўхшамасди. Балки бу фильм ижодкорларининг ўзига хос стратегиясидир?
Маълумот учун: Тўлиқ исми: Солиева Севара Анварбековна. 1990 йил 12 июль кунида Тошкентда туғилган. Тошкент давлат Санъат институти 2-курс талабаси. Турмушга чиқмаган. Севимли хонандалари: Кристина Агиллера, Уитни Хьюстон. «Пойма-пой» фильми бош роль бўйича илк дебют фильми. Бундан илгари «Амакиваччалар» фильмида уч кўринишда: ўғилболасифат қиз, замонавий қиз ва миллий кўринишда эпизодни талқин қилган. «Сўнгги лаҳза» фильмида Алишер Узоқовнинг синглисини талқин қилган. Шунингдек «Чол ва набира» давлат кинофильмида одобли набира қиз ролини ижро этган.
- Севара, қандай қилиб бу фильмга бош ролга тушиб қолдингиз? - Таклиф қилишди. Кастингда турли институтлардан 130га яқин қизлар қатнашишган. - Бу фильмдан сўнг журналистлар фикри иккига бўлинди. Салбий тарафлама ёндошганларнинг фикрича «шаллақи» қиз образини яратибсиз? - Худони ўзи асрасин ҳаётда бундай бўлишдан, лекин сценарий бўйича менга шундай вазифа берилган, ижро этдим. Аслида ҳаётда ҳеч қачон ўзимни бундай тута олмасдим. - Фильмдаги ижроингиздан Дилноза Кубаевага тақлид қилгандексиз? -Менга Диноза Кубаева жудаям ёқади. Билмасам, фильмда сочларимни шундай турмаклашганигами ёки дубляжда қаҳрамонимга айнан Дилноза Кубаева овоз берганигами шундай фикр туғилган бўлиши мумкин. Ваҳоланки фильмга чиқишимдан аввал ҳам мени бу актрисага кўп ўхшатишган. - Адиз Ражабов билан ишлаш қандай кечди? - У киши суратга олиш жараёни давомида менга кўп нарсани ўргатдилар. Ҳаяжонланманг, уялиш керак эмас, деб қўллаб-қувватлаб ҳам турдилар. - Нима учун қаҳрамонингизга ўзингиз овоз бермадингиз? - Чунки мен ҳали дубляж ишини ўрганишим керак. Овоз беришнинг ҳам ўзига яраша техникаси бор. Кейинги қахрамонларимга Худо хоҳласа ўзим овоз бериш ниятим бор. - Фильмда пластик операциядан сўнг қаҳрамон қизнинг кўзидаги бойлоғич ечилганда унинг юзида операциядан сўнг чандиқ йўқлиги майликуя, лекин қизнинг бўянган ҳолдалиги... Юз бойлоғичда бўлган пайт қандай қилиб бўянган экан, деган савол туғилиши табиий, шундай эмасми? - Ҳа, бу мени ҳам хаёлимга келди. Гримёрни хатоси менимча. Бунақа бўлмайди-ку, деб айтмоқчи эдим, лекин, улар ўз ишининг устаси, уларга ақл ўргатаётгандек кўринмай дедим. - Фильмда сизга қайси саҳналар ёқмади ва шу саҳна бўлмаса бўларди деган фикрга келдингиз? -Боғични боғлайдиган саҳнаси. Кейин Адиз ўпмоқчи бўлган саҳна. - Ёққан саҳналарчи? - Охирги саҳнаси, яъни уйга қайтган саҳнамиз. - Адиз билан яна роль ижро этишга рози бўлармидингиз? - Ҳа, яна бирга ишлаган бўлардим. - Актрисалардан кимлар ёқади? - Дилноза Кубаева ва Раъно Шодиева. Фильмда онам ролини талқин қилган Барно Кодировани ҳам жуда ҳурмат қиламан. -Дилноза Кубаева билан учрашганмисиз? - Биз бир мактабда ўқиганмиз, улар катта синфда мен кичик. Яна бир маҳалладанмиз. Афсуски, актриса бўлганидан кейин кўришиш имконияти бўлмади, чунки улар кўчиб кетишганди. Телефон орқали суҳбатлашиб турамиз, холос. - Севара, қандай режаларингиз бор олдинда? Энди фақат бош ролларни ижро этасизми? -Йўқ, гап бош ролни ижро этишда эмас. Тўғрисини айтсам, ҳозир ўқишим керак. Таклифлар ҳам ҳозирча тушгани йўқ. Фильм энди чиқди, ахир. Ўқитувчим Нодира опа бир фильмга сўрашяпти дегандилар, кўрамиз. Фильм катта экранга чиққанидан кейин ҳали устимда ишлашим керак экан деган фикрга келдим. Ролимдан қониқмадим. - Сиз истаган роль қандай бўлиши керак? -Яхши қиз, шаллақи эмас (кулади). Кейин комедик роллар яқинроқ. Аммо фильмдаги ролимдан сўнг энди фақат шаллақи қиз ролини беришади деб қўрқаман. - Ўзи яхши қизмисиз? -Билмасам. Энди буни бошқа одамлар айтиши мумкин, ўзимга баҳо беролмайман.
Суҳбат давомида Севара жуда кўп маротаба Дилнозани эслатди. Нафақат кўриниши, балки овозлари ҳам ўхшаш. Севаранинг болаларча беғуборлиги ҳали ўзида сақланиб қолганлиги, соддалиги ва суҳбат давомида уялиб, қизариб кетавериши унга бўлган ҳурматни оширди. Севара шундайлигингча қолишинг тилакдошман. Sayyod.
|