Иккинчи давра баҳсларини кўтаринки руҳда ўтказаётган андижонликларнинг сафар учрашувларида омадлари юришмай, ижобий натижаларни қайд этолмаётгандилар.
Ниҳоят, ўтган ҳафтада Амет Мемет шогирдлари бу нохуш анъанага чек қўйиб, сафардаги дастлабки ғалабани қўлга киритишди.
Меҳмонлар учрашув тақдирини ҳал қилган икки тўпни ҳам иккинчи бўлимда киритишди. Ушбу голларда ярим ҳимоячи Мирзакамол Камоловнинг ҳиссаси катта бўлди. Биринчи гол урилган вазиятда Камолов чап қанотдан жарима майдончаси ичига ёриб кириб, дарвозага кучли зарба йўллади. Тўпни жиззахликлар дарвозабони Алишер Аҳмедов қайтаришга эришди. Унга биринчи бўлиб етиб келган Асқар Жадигеров боши билан дарвозани аниқ мўлжалга олди. Орадан тўрт дақиқа ўтгач, Мирзакамол ўз «рейди»ни чап қанотдан амалга ошириб, тўпни жарима майдончаси ичида қулай вазиятда турган Виктор Клишинга ҳаволатиб етказиб берди. Виктор бу имкониятни қўлдан чиқармади. Шундан сўнг мезбонлар учрашувда бурилиш ясаш учун олдинга ташланишди. Аммо уларнинг ҳужумлари якунига етиб бормади. Умуман олганда, шу куни Олег Тюлькин шогирдлари яхши ўйин намойиш этишди. Жумладан, учрашувнинг биринчи бўлимида ташаббус улар тарафида бўлди. Аммо...
Ушбу ғалабадан сўнг «Андижон» турнир жадвалида бир поғона юқорилади.
9 октябрь
«СЎҒДИЁНА»-«АНДИЖОН»-0:2 (0:0)
Жиззах. 3721 томошабин.
Ҳакамлар: О.Рубаков-8,6; А.Снетков-8,8; В.Лушин-9; И.Танташев-9.
Голлар: А.Жадигеров (53), В.Клишин (57).
«Сўғдиёна»: А.Аҳмедов, М.Пўлатов, Д.Файзиев, А.Агалиев, И.Аҳмедов, С.Ҳамидов, М.Идиатуллин (С.Қаҳҳоров, 54), М.Тошматов, Б.Абдумўминов, Д.Тожибоев, А.Йўлдошев.
«Андижон»: И.Михайлов, Т.Яфаров, Д.Ваниев, И.Иномов, А.Жадигеров (Л.Мдивнишвили, 68), М.Камолов, Ш.Мирхолдиршоев (Р.Исроилов, 80), З.Замсашвили, А.Шораҳмедов, Ф.Давлетов (В.Клишин, 46), Р.Раҳмонов.
Огоҳлантиришлар: М.Пўлатов (67), Д.Тожибоев (90+1, С.).
Назоратчи: В.Серазетдинов.
Ўйиндан кейинги фикрлар
Даврон Файзиев («Сўғдиёна» сардори): - Учрашув қизиқарли тарзда кечди. Жамоамиз яхши ўйин намойиш этди. Аммо омад меҳмонлар тарафида бўлди. Ушбу баҳсда қайси клуб биринчи бўлиб тўп киритса, ғалаба қозонарди. Бу андижонликларга насиб этди.
Айни пайтда клубимиз турнир жадвалининг қуйи поғоналарида бормоқда. Бироқ вазиятни ўнглаш учун ҳали имконият бор. Олий лигада қолиш учун кураш сўнгги тургача давом этади. Кейинги баҳслар жамоамиз учун ҳаёт-мамот жангига айланади.
Шуҳрат Мирхолдиршоев («Андижон» ҳужумчиси): - Биринчи бўлимда ўйинимиз унчалик қовушмади. Танаффусдан сўнг услубимизда бироз ўзгаришлар юз берди. Бу эса ўз самарасини бериб, тўрт дақиқа ичида иккита гол уриб, навбатдаги ғалабага эришдик. Таъкидлаш жоизки, биринчи даврада Андижонда бўлиб ўтган учрашувда жиззахликлар яхши ўйин кўрсатишганди. Айни пайтда жамоанинг ўйинида олдингига қараганда пасайиш сезиляпти. Майдон сифатининг ёмонлиги ҳам имкониятларимиз даражасида тўп суришимизга халақит берди. Шундай бўлсада, муҳим уч очкони қўлга киритдик.
Манба: "ИнтерФУТБОЛ" газетаси