Хабарингиз бор, бироз аввал "Жар" стадионида Тошкент дербиси якунига етди. Унда "Бунёдкор" рақиби "Пахтакор" устидан ғалабага эришди.
Учрашувдан кейин ҳар иккала жамоа бош мураббийлари спорт журналистларининг саволларига жавоб қайтарди. Одатдагидек, матбуот анжуманига биринчи бўлиб мағлуб жамоанинг бош мураббийи кириб келди.
Равшан ҲАЙДАРОВ: "Жамоада Жўраевдан кучли дарвозабон йўқ!”
- Учрашув дербига хос, шиддаткор, қизиқарли ўтди. Албатта бизга кўпроқ очко керак эди, шунинг учун, йигитларга фаолроқ ўйнанглар деб кўрсатма бергандик. Тезкор гол уришни мақсад қилгандик. Биринчи бўлимда бизда кўпроқ имкониятлар бўлди. Бироқ иккинчи бўлимда "Бунёдкор” футболчиларининг тажрибаси ўз сўзини айтди. Дарвозабонимиз қўпол хатосидан кейин ўзига келиб улгурмасидан рақибнинг тажрибали ўйинчилари тушкунликдан унумли фойдаланди. Шундай бўлса-да, ўйинни қутқаришга ҳаракат қилдик, лекин бизга омад кулиб боқмади.
- Темур Жўраевнинг хатоларидан кейин унинг ўйинида яхшиланиш кузатилмаяпти. Сиз унга ишонч билдиришда давом этасизми? - Ҳа. Чунки таркибда ундан кучли дарвозабон йўқ. Рибкин эндигина сафга қайтди. У кечагина ўринбосарлар баҳсида майдонга тушди. Жўраевнинг хатосини бахтсиз ходиса дейиш мумкин. Бу уни оқлаш учун айтилмаяпти, шунчаки, вазиятда холисона ёндошган ҳолда фикр юритяпмиз.
Миржалол ҚОСИМОВ: "Қаршидаги 120 дақиқадан сўнг руҳий тайёргарликдан қўрқгандик”
- Бу учрашувни кўпчилик кутганди. Бундай ўйинлар иккала жамоага ҳам оғир кечади. Биз ҳам оғир бошладик. Бунинг сабаблари бор. Биласизлар, "Насаф”га қарши 120 минутли беллашувда кўп куч йўқотганди. Шогирдларимни руҳан тайёрлагандик, чунки айнан шундан қўрққандик. "Насаф”га ютқазганимиздан кейин бизга ғалаба керак эди. Ўйлайманки, ўйин барчага ёқди. Фикримча, бугун биз ҳақли равишда ғалаба қозондик.
- Бугун иккинчи жамоа бўлиб ҳаракат қилиш нима билан боғлиқ? - Бир ҳафта ичида шундай савиядаги учта беллашувда ўйнаш осон эмас. Футболчилар робот эмаски, тинмай ўйнашса. Йигитларга бир-бирларини орасидаги боғлиқлик бузилмаслигини сўрагандик. Бугун "Пахтакор”га терротериал ютқазмадик, бу бизнинг ўйланган тактика. Йигитлар бор кучи билан ҳаракат қилди.
- Йигитларнинг ўйинидан қониқиш ҳосил қилдингизми? - Шундай учрашувларда жамоанинг кучи кўринади. Бугун ҳисобдан қониқдим, лекин ўйиндан эмас. Ҳали ўйинни қайта кўриб чиқамиз.
- Жасур Ҳасановнинг иккинчи бўлимда майдонга тушиши нима билан боғлиқ? - Иккинчи бўлимда ўйинни кучайтиришни мақсад қилгандик. Шу боис, Жасур билан гаплашган ҳолда уни иккинчи бўлимда майдонга туширдим.
- Муддатидан олдин чемпионлик ҳал десак бўладими? - Йўқ. Ҳали олдимизда бир қатор учрашувлар бор. Қолган рақиблардан очко олиш осон бўлмайди.
ОЛИЙ ЛИГА-2011. 17-ТУР "БУНЁДКОР” – "ПАХТАКОР” 2:1 (0:0) Голлар: Виктор Карпенко 70, Милош Трифунович 72 – Алишер Азизов 89 Огоҳлантиришлар: Анвар Ғофуров 52, Жавлон Иброҳимов 68, Милош Трифунович 90 - Фарҳод Тожиев 48, Илҳом Суюнов 74 "Бунёдкор”: Игнатий Нестеров, Акмал Шораҳмедов, Ислом Иномов, Анвар Ғофуров, Жавлон Иброҳимов, Анвар Ражабов (Жасур Ҳасанов 66), Шавкат Саломов (Руслан Мелзитдинов 89), Милош Трифунович, Славолюб Жоржевич (Хайрулла Каримов 17), Виктор Карпенко, Асқар Жадигеров. "Пахтакор”: Тимур Жўраев, Егорь Кримец, Акбар Исматуллаев, Кахи Махарадзе, Темурхўжа Абдухолиқов (Алишер Азизов 82), Фарҳод Тожиев (Санъат Шихов 63), Шерзод Каримов (Иракли Климиашвили 46), Дилшод Шарофетдинов, Илҳом Суюнов, Станислав Андреев, Владимир Козак. Ҳакамлар: Равшан Эрматов, Абдуҳамидулло Расулов, Рафаэль Ильясов 2011 йил 21 август. Тошкент. "Жар”. 8469 томошабин.
|