Чемпионатимиздаги икки ҳафталик танаффусдан фойдаланиб, “Бунёдкор” бугун Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси билан назорат учрашуви ўтказди. Бу Мисрдаги жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўраётган Аҳмад Убайдуллаев жамоаси учун мундиалдан олдинги юртимиздаги сўнгги ўртоқлик беллашуви эди. "ИнтерФУТБОЛ" газетасида олдин хабар қилганимиздек, ёшлар терма жамоамиз шу билан энди 10 сентябрь куни Испанияга йўл олади. У ердан эса 22 сентябрь куни тўғри Мисрга кўчиб ўтади.
БУНЁДКОР – ЎЗБЕКИСТОН (U-20) 2:2 (2:0)
Голлар: Гочгулиев 4 (1:0), Саломов 41 (2:0), Пиримов 70 (2:1), Урунов 87 (2:2)
Огоҳлантиришлар: Раимқулов 37, Қиличев 48
Четлатишлар: Ирматов 30, Вильянуэва 30
Бунёдкор: Бугало (Зуҳуров 46), Гочгулиев, Леомар (Х.Каримов 46), Рамос (Б.Тўраев 46), Саломов (Ҳакимов 86), Ривалдо (Тўрақулов 46), Вильянуэва (Шуҳратов 33), Карпенко (Аҳмаджонов 64), Мелзиддинов (Мамажонов 88), Виктор (Эдуардо 62), Раимқулов (Ҳожиакбаров 46)
Ўзбекистон: Худоёров (Қувватов 46), Тожибоев (Нагаев 46), Ирматов (Отабоев 33), Мамадалиев (Раупов 86), Урунов, Ш.Каримов (Пиримов 67), К.Тўраев (Азизов 46), Шихов (Ҳасанов 29), Мирзаев (Тўхтахўжаев 43), Холмуҳамедов (Абдураҳмонов 64), Мусаев (Қиличев 35)
Ҳакамлар: В.Коваленко. Б.Тоғаев, А.Букатин. В.Агишев (барчаси – Тошкент)
4 сентябрь. Тошкент. “Жар”
Шу боис Убайдуллаев бугунги ўйинда барчани синаб кўришга ҳаракат қилди. Фақат биргина Ғулом Урунов майдонда 90 дақиқа тўп сурди. “Бунёдкор”да ҳам худди шу манзарага гувоҳ бўлдик. “Қалдирғочлар”дан учрашувни алмаштирувсиз ўтказган ягона футболчи Гочгули Гочгулиев бўлди. Энг қизиғи, шу икки футболчи ўз жамоаларининг биттадан голларига муаллифлик қилишди.
9та асосий футболчиси миллий терма жамоага жалб этилганига қарамай, биринчи бўлимда “Бунёдкор”нинг таркиби ўзига яраша кучга эга бўлганлиги сабабли, дастлабки 45 дақиқалик мезбонларнинг яққол устунлигида ўтди. Ҳисоб ҳам шунга яраша бўлди – 2:0. Аммо танаффусда Луиз Фелипе Сколари таркибни буткул ёшартириб юборди. Бу эса ёшлар термамизга қўл келди.
Учрашувнинг 30-дақиқасида бир-бирига нисбатан қўполлиги учун “Нефтчи” вакили Дилёрбек Ирматов ва чилилик ҳужумчи Хосе-Луис Вильянуэва майдондан четлатилишди. Бироқ иккала томоннинг келишувига кўра, жамоалар барибир тўлиқ таркибларда тўп суришни давом этаверишди.
|