Кеча, 27 сентябрь куни эрталаб жамоамиз Корея ярим оролига учиб келди.
Маҳаллий вақт билан соат 10:00да (Тошкентда бу пайт тонгги соат 06:00 эди) “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси кемаси олти ярим соатли парвоздан сўнг “Бунёдкор” ФК делегациясини Пусан шаҳрига етказди. Сўнг 2002 йилги Осиё ўйинларига мезбонлик қилган шаҳардан 150 кишилик делегация аъзолари автобусларда 30 сентябрь куни “Похан Стилерз”га қарши кечадиган учрашув жойи – Похан шаҳрига жўнадилар. Бу йўл бир ярим соатга яқин вақтни олди. Эътиборлиси, ушбу йўлда ўзбекистонлик йўловчилар ўзининг кучли футбол клуби билан машҳур Ульсан шаҳрини босиб ўтдилар. Агар жамоамиз фан-клуби аъзолари бевосита Похандаги “Ramada Encore AT Pohang” отелида қўним топишган бўлса, “Бунёдкор” жамоаси вакиллари Поханга ярим соатли масофада жойлашган Кёнджу шаҳарчасида тўхтадилар. Клуб истиқомат қиладиган отель эса - “Кёнджу Хилтон”. “Бунёдкор” отелга келганда, клубимизни “Похан Стилерз” раҳбарлари илиқ кутиб олишди. Жамоамизга меҳмонхонанинг футболга “ихтисослашган” 7-қаватидан ўрин берилди. Энг қизиғи, отелнинг ушбу қавати Корея/Японияда ўтган 2002 йилги жаҳон чемпионатидан сўнг “Жаҳон кубоги” номини олган. Айнан ушбу отелнинг худди шу 7-қаватида ЖЧ-2002 пайтида Руди Фёллер бошчилигидаги Германия ҳамда Аллан Хансен қўл остидаги Дания миллий терма жамоалари яшашган. Шу боисдан ҳам қаватнинг кираверишида шу икки терма жамоанинг ўша маҳалдаги таркиблари суратлари осиб қўйилган.
Корея вақти билан соат 16:00га “Бунёдкор”нинг ушбу юртдаги биринчи машғулоти белгиланган. Шу ерда бир кичик маълумотни айтиб ўтсак, кеча сайтимизда эълон қилинган таркибдагилардан Поханга ёш ярим ҳимоячи Санжар Тўрақулов келмади. У сўнгги лаҳзаларда Луиз Фелипе Сколари сафар учун аниқлаган таркибдан ўрин олмаган.